Жамият | 16:50 / 06.04.2019
4493
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон вакили: оналар ўлими 55 фоизга камайди

Мамлакатда шошилинч акушерлик хизматлари тизими яратилиши ҳисобига оналар ўлими 1990 йилга нисбатан 55 фоизга камайди. Бу ҳақида «Оила» маркази директор ўринбосари Дилбар Алимжонова БМТ сессиясида сўзлаган нутқида маълумот берди.

1-5 апрель кунлари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик ва тараққиёт комиссиясининг 52-сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори ўринбосари Дилбар Алимжонова ҳам иштирок этиб, мамлакатнинг оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги сиёсати ҳақида нутқ сўзлади. 

Алимжонова сессия иштирокчиларини 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегияси таркибига киритилган режалар ва уларнинг  амалга оширилиш жараёни билан таништирди. 

— Ҳаракатлар Стратегияси доирасида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида оила институтини янада мустаҳкамлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларида катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ва ҳар йили бу соҳаларга давлат бюджетининг 50 фоиздан кўпроғи сарфланади.  

Республикада оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси тасдиқланди. Унга кўра, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар, ўсмирлар соғлиғини сақлаш, туғма ирсий касалликларни  бартараф этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, – деган Дилбар Алимжонова ўз нутқида.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойида «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган эди. Унга кўра замонавий репродуктив технологиялар,  хусусан, ЭКО (сунъий уруғлантириш) усули ёрдамида бепуштликка  қарши курашиш учун рухсат берилган эди.

Мавзуга оид