Ўзбекистон | 19:00 / 17.04.2019
110634
3 дақиқада ўқилади

“ГАИ” ва ҳайдовчи муносабати: “Огоҳлантириш деймиз, аммо жарима солаверамиз”

Сўнгги пайтларда Ички ишлар вазирлиги, ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати вакиллари иштирокида кўплаб матбуот анжуманлари уюштириляпти. Уларда йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича мутахассислар томонидан тушунтиришлар, аҳолини, ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилмоқда.

Бундай анжуманларда соҳанинг етакчи ходимлари бир гапни такрорлашни хуш кўришади – бизнинг мақсадимиз жазолаш, жаримага тортиш эмас, огоҳлантириш, тушунтиришлар орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш!

Албатта, вазирликнинг юқори мартабали вакиллари чиндан ҳам шундай улуғ мақсадларни кўзлашар, аммо қуйи бўғинларда ишловчи ходимларнинг мақсади бошқачароқ эканлиги кўп ҳолларда аён бўлиб қолади. Эътиборингизни қуйидаги видеолавҳага, пойтахтнинг Муқимий кўчасидаги ҳолатга қаратмоқчимиз.

Видеолавҳа ижтимоий тармоқлардан олинди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Маълумки, 15 апрелга қадар ҳам “Халқлар дўстлиги” саройи томонидан Бунёдкор кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келиб, Муқимий кўчасига бурилган ҳайдовчиларнинг аксарияти биринчи бурилиб олиш жойидан ортга қайтишни (“разворот” қилишни) режалаштиришади. Ҳаракат тиғиз, кўприк остидан бурилиш йўқ, ҳамма ўша жойдан бурилиб олишни истайди. Аммо (тахминан) кеча, 16 апрель куни бу жойда ортга қайтиш мумкин эмаслиги, ҳаракат фақат тўғрига йўналишини англатувчи белги қўйилган, эскиси эса олиб ташланган.

Бу йўлдан мунтазам фойдаланувчи ҳайдовчиларнинг деярли 90 фоизи инерция бўйича бурилмоқдалар ва белгига эътибор бермай, ўзлари билмаган ҳолда қоидани бузмоқдалар. Кўприкка етмасдан эса оз эмас, кўп эмас 4 нафар “гаи” ходими қўли-қўлига тегмай қоидабузарларни “овлаш” билан овора. Уларнинг бирортаси белги алмаштирилган жойга бориб энди “разворот” тақиқланганини тушунтириш, “қизил таёғи” билан ҳаракатни тўғрига йўналтириш ҳақида ўйламайди. Айнан қоидабузарликни кутади ва белгини кўрсатиб, айбни бўйнига қўйиб, баённома расмийлаштиради (бошқа “чора”лар кўриши ҳақида қўлидан тутмаганимиз сабаб жим туришни афзал билдик). Яна камига бирданига 5-6 автомобилни тўхтатиб олиб, ҳаракатга халақит беришади.

ЙҲХХ ходимининг биринчи вазифаси жазолаш эмас, қоидабузарликнинг олдини олиш эмасмиди?

Энди танганинг иккинчи томонига эътибор қаратамиз. Бугун, 17 апрель кунидаги кузатувимизда айнан ўша жойда “гаи” ходимларини кўрмадик. Ҳайдовчиларнинг аксарияти бу жойда ортга бурилиш мумкин эмаслигидан хабар топишгани аниқ. Лекин уларнинг кўпчилиги “гаи” йўқлигини билиб, шартта бурилишяпти ва у томонда ҳаракатланиб келаётган оқимга кучли хавф туғдирмоқдалар.

Ҳа, қарс икки қўлдан чиқади. ЙҲХХ вакиллари бизни жазолаш пайида, бизнинг ҳам йўлларда ҳаракатланиш маданиятимиз шунга мувофиқ ҳамон роса оқсамоқда...

Мавзуга оид