Жамият | 23:03 / 04.05.2019
13153
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбий округлар қўмондонлари уруш фахрийларига президент мукофотларини топширди 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

2-4 май кунлари Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари қўмондонлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда хизмат бурчини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оиласидан хабар олишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, мудофаа вазирининг ўринбосари – Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурханов бошчилигидаги ҳарбий хизматчилар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Павел Материков ва Николай Петрунин хонадонларида бўлиб, Ўзбекистон Президенти номидан мукофотни ўз қўли билан эгаларига топширди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов бошчилигидаги ҳарбийлар хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар подполковник Самандар Кенжаев ҳамда капитан Зафар Боймуродовнинг хонадонларига ташриф буюришди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Хизмат бурчини ўташ вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига мудофаа вазири номидан 2 млн сўмдан моддий ёрдам пуллари, шунингдек, эсдалик совғалари топширилди.

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокиржон Сайфудинов бошчилигидаги гуруҳ эса пойтахтимизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Владимир Чмихун хонадонида бўлди. Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони полковник Ҳамдам Қаршиев ва Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Шерматов ҳамроҳлигидаги ҳарбийлар эса Олмазор туманида истиқомат қилувчи 97 ёшли Аминжон Алимов билан учрашдилар. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Худди шу каби тадбир Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бўлиб ўтди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони ўринбосарлари бошчилигида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар уруш фахрийси, 94 ёшли Режеп Қурбанметовни байрам билан қутладилар.

Учрашувлар давомида уруш фахрийларига Ўзбекистон президенти номидан 7,5 млн сўмдан пул мукофотлари топширилди.

Мавзуга оид