Ўзбекистон | 10:33 / 06.05.2019
38190
2 дақиқада ўқилади

«Шереметьево»да ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ - ТИВ

Фото: mskagency.ru

Ташқи ишлар вазирлиги консуллик-ҳуқуқий департаменти махсус ахборот билан чиқди. У вазирлик сайтида жойлаштирилган.

Қайд этилишича, 2019 йилнинг 6 май куни эрталаб ҳолатига кўра, 5 майда Москвадаги «Шереметьево» аэропортига самолётнинг фавқулодда қўниши натижасида қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. 

Бу маълумотни тергов олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мамлакатнинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлимига тасдиқлаган.

Россия тергов қўмитаси вакили Елена Марковская маълумотига кўра, «Аэрофлот» компаниясининг Sukhoi Superjet 100 йўловчи самолёти билан Шереметьево аэропортида юз берган ҳалокат оқибатида 41 киши ҳаётдан кўз юмди

Москвадан Мурманскка йўналаётган самолёт 5 май куни парвозни бошлагандан 28 дақиқа ўтиб Шереметьево аэропортига фавқулодда қайтиб, кескин қўнишни амалга оширган. Самолёт мураккаб об-ҳаво шароити туфайли иккинчи уринишдан кейингина қўна олган. Самолёт қўнганда унинг стойкалари синиб, двигателлари ёна бошлаган. 

Ушбу фожиа юзасидан жиноий иш қўзғатилган ҳамда уни тергов қилиш бўйича давлат комиссияси тузилган.

Мавзуга оид