Ўзбекистон | 09:30 / 10.06.2019
106713
4 дақиқада ўқилади

«1000га яқин одамнинг тирикчилиги, моли ёниб кул бўлди». Марғилондаги ёнғин тафсилотлари

8 июндан 9 июнга ўтар кечаси соат 02:10 ларда Марғилон шаҳар, Пичоқчи МФЙ, Хиёбон кўчаси, 174А-уйда жойлашган «Марғилон умумий улгуржи савдо» МЧЖга қарашли улгуржи ва чакана товарлар сотишга ихтисослаштирилган 3-сонли савдо павильонида ёнғин содир бўлди.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати маълум қилишича, Марғилондаги бозорда юз берган ёнғинда ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар йўқ.

2019 йил 9 июнь куни тунги соат 02.05да Марғилон шаҳар ЁХБ диспетчерлик хизматига шаҳарнинг Пичоқчи маҳалласида жойлашган «Марғилон умумий улгуржи савдо комплекси» МЧЖда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Хабар асосида биринчи бўлинмалар соат 02.10да воқеа жойига етиб борганида савдо комплексининг кенг майдонда қурилиш конструкциялари ва савдо дўконларининг том қисмидан қуюқ тутун аралаш аланга чиқиб ёнаётгани маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 04.20да қуршаб олиниб, 05.40да батамом ўчирилган.

Ёнғинни ўчиришга жами 19та асосий ва 3та махсус ёнғин ўчириш автомобиллари жалб этилган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Ҳодиса оқибатида савдо комплекси биносининг (тим) тахминан 1575 квадрат метр майдонидаги қурилиш конструкциялари ва тадбиркорларга тегишли бўлган савдо расталар, тез ёнувчи материалларидан (тахта-ёғоч, DVP, пластик ва бошқа) қурилган савдо дўконлар ва улар ичида сақланган озиқ-овқат маҳсулотлари ёниб, зарарланган. Амалга оширилган тезкор ҳаракатлар натижасида савдо комплексининг 8.865 кв.м майдони сақлаб қолинишига эришилган.

Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган моддий зарар аниқланмоқда.

Telegram’даги «Фарғоналиклар» каналида айтилишича, бозор собиқ трактор таъмирлаш заводи ҳудудида жойлашган. 2013 йилда Марғилонда собиқ тўқимачилик комбинати ўрнига жойлаштирилган «Комбинат бозори» ҳудудида ҳам ёнғин чиққан эди.

Сўнгги ёнғин оқибатида 1000га яқин одамнинг тирикчилиги, моли ёниб кул бўлган.

«Бу бозор собиқ трактор ремонти заводи биноларида жойлашган бўлиб, ҳеч бир бино махсус бозор учун қурилмаган. Трактор заводининг ҳамма ускуналари кесилиб, сотилиб, ўрнига бошқа ёнган комбинат бозоридан кўчириб келинган. Комбинат бозори ҳам худди шундай собиқ ип йиғирув комбинати биносида жойлашган эди. У ерда озиқ-овқат савдосини йўқотамиз деб, халқ қаршилигига учраб, кўчира олишмаган эди. Тасодифми ёки бу атайлаб қилинган, аммо савдогарлар кўчишни рад этгач, ўша комбинат бозори ёниб кетган эди. Президент келишидан аввал ТРЗ бозор ҳам ичкарироққа йўл бўйидан кўчирилади, унинг ўрнига кўп қавватли уй тушади, деган миш-мишлар болалаганди.

Бозорлар Марғилонда жуда кўп ёнади, хусусан, комбинат бозори 3 марта, ЦУМ 2 марта ёнган. Ҳамма ёнғинлар кўчиш кераклиги ҳақидаги миш-мишлардан сўнг юзага келади», — дейилади каналда қолдирилган изоҳда.

Маълумотларга кўра, павильонда тунги навбатчиликда қолган шахс соат 02:00 ларда 3-сонли савдо павильони том қисмидаги электр симида қисқа туташув бўлиб, кучли чақнаш юз бергани ва натижада ёнғин келиб чиққанини кўриб, бинони электр тармоғидан узиб, бу ҳақда дарҳол Марғилон шаҳар ёнғин қутқарув қисмига хабар берган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Мавзуга оид