Ўзбекистон | 10:20 / 26.06.2019
15701
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда тўхтаб қолган учта поезд йўловчилари Тошкентга олиб келинди

Қозоғистон жанубидаги Туркистон вилояти Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда рўй берган портлашлар оқибатида ҳаракатланишдан тўхтатиб қўйилган поездлар йўловчилари Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

«Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра 2019 йил 25 июнь куни Уфа шаҳридан келаётган 382-сон темир йўл рейсининг қолган барча йўловчилари автобуслар орқали Тошкент шаҳрига юборилди.

Шунингдек, Челябинск-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган ва Арис шаҳридаги ўқ-дорилар портлашлари оқибатида Туркистон шаҳрида тўхтатиб қўйилган «Россия темир йўллари»га қарашли 365-рейс йўловчилари «Жибек Жоли» - «Ғишт кўприк» назорат-ўтказиш пунктигача Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимияти кўмагида, чегаранинг бу томонидан Тошкент шаҳригача эса «Ўзавтотранс» автобусларида етказилди.

25 июнь куни кечаси Чимкент шаҳрида тўхтатиб қўйилган «Новосибирск-Тошкент» 370-темирйўл рейсининг 264 нафар йўловчисини Тошкент шаҳрига етказиш ишлари 26 июнь куни эрталаб давом эттирилди. 

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (тел. :  +7-717-295-42-52) ёки Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига (тел. :  +7-727-291-11-78) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади», дейилади хабарда.

24 июнь куни Тошкентдан 133 километр шимолда жойлашган, 44,3 минг киши яшайдиган Арис шаҳрида қурол-яроғларнинг катта портлаши юз берди. Шаҳар аҳолиси эвакуация қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, воқеа оқибатида уч киши ҳалок бўлган, 70дан кўпроқ киши жароҳат олган, улардан 45 нафари шифохонага ётқизилган. Портлашлар юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Бундан аввалроқ Арисдаги портлаш сабабли саккизта поезд ҳаракати тўхтатилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид