Жамият | 10:30 / 28.06.2019
13541
2 дақиқада ўқилади

Риштонда чинорлар нега кесилмоқда?

Бугун эрталабдан Фарғона водийси, аниқроғи Риштон туманидан хавотирли хабар келди. Риштон туманининг марказий кўчасидаги чинорлар ўзи кенг бўлган йўлни «кенгайтириш баҳонасида» кесилмоқда, — деб ёзмоқда ekolog.uz.

«Аҳоли норози, аммо бу норозилигини фақатгина уйдан чиқмай билдиришмоқда. Мазкур дарахт кесилишлари қанчалик қонуний? Наҳотки, ободонлаштириш ва қурилиш ишларини дарахтларни нобуд қилмасдан амалга ошириш мумкин бўлмаса? Уларнинг ўрнига кейинчалик экиладиган кўчатлар 50-80 йиллик чиноралардек бўлганича бир инсон умри ўтади (агар ўрнига яна арча эмас, чинор экилса, албатта!). Бунга туман ҳокими Таваккал Раҳимов, Фарғона вилояти ва туман экология қўмитаси бўлимлари, Экологик партия ва Экоҳаракат туман бўлимлари қандай муносабатда?», деб савол қўяди журналист Наргис Қосимова.

«Фарғона водийси бундан атиги 5 йил муқаддам дарахтларнинг, азим чинорларнинг кўплигидан энг салқин, энг соя, боҳаво ҳудудлардан бири эди. Аммо республикамизда шаҳарларни ободонлаштириш борасида фаолият бошланиши билан биринчи галда дарахтларга том маънода қирон келди. Шаҳарнинг бинолар билан кўркига кўрк қўшилдию, аммо яйдоқ чўлга айланди. Албатта, йўл четига экилган аксарият арча кўчатлари келгусида чинорлардек сояни бермайди. Ёзда ҳарорат кўтарилишига дарахтларнинг камайиб кетиши, атмосферанинг ифлосланишига (дарахтлар кислород чиқариб, карбонат ангидридни ютишини унутмайлик!) аҳолининг соғлиғи ёмонлашишига, юрак қон-томир, нафас йўллари касалликларининг ортишига олиб келмоқда. Ҳурматли риштонликлар, дарахтлар кесилишига йўл қўйманг, ўзингиз, фарзандларингиз соғлиғи қисман бўлсада ана шу дарахтларга боғлиқлигини унутманг», дея хитоб қилади журналист.

Мавзуга оид