Ўзбекистон | 07:55 / 04.07.2019
35695
4 дақиқада ўқилади

Импорт божи ставкаларини ошириш режалаштирилаётган товарлар рўйхати эълон қилинди

Фото: Виталий Невар

Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо жараёнларини чуқур таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, амалдаги божхона божлари ставкалари иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш учун салбий таъсир кўрсатиши мумкин: тайёр маҳсулотларни импорт қилишни рағбатлантирувчи муҳит яратилиб, бунинг натижасида тармоқларда инвестицион жозибадорлик йўқолиши мумкин. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида айтилади.

Тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгашининг тавсиялари, шунингдек кенг доирадаги тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқарувчилар ва бизнес вакиллари билан ўтказилган муҳокамаларнинг натижаларига кўра бугунги кунда қуйидаги тамойилларга асосланган импорт божи ставкаларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш бўйича тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди:
 
- табиий хом-ашё ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар (дон, ун, руда ва металл концентрантлар) – божхона божи ставкаси 0%;

- хом-ашё, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ҳамда охирги 3 йил давомида импорт қилинмаган товарлар - божхона божи ставкаси 2 - 5 %;

- ишлаб чиқариш табиий ва иқлим шароитлари ноқулай ёки иқтисодий жиҳатдан самарасиз бўлган ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар, республика ҳудудида ишлаб чиқариладиган, бироқ мавжуд талабни тўлиқ қондирмайдиган тайёр ёки қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, инсон саломатлигига нисбатан салбий таъсир кўрсатадиган озиқ-овқат маҳсулотлари - божхона божи ставкаси 10 - 15 %;

- етарлича миқдорларда ишлаб чиқариладиган ва экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ишлаб чиқариладиган ҳажмлари якуний истеъмол ҳажми талабларини қоплайдиган товарлар, биринчи даражали бўлмаган ёки ҳашаматли товарлар, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган (тамаки ва алкоголь маҳсулотлари) товарлар - божхона божи ставкаси 20 - 30 %.       

Шу билан бирга, республикада ишлаб чиқарилмайдиган 197 та турдаги товар позициялари учун импорт божи ставкаларини пасайтириш режалаштирилмоқда. Жумладан, 89 та товар позициялари бўйича импорт божи 5 фоизда 2 фоизгача, 79 та товар позициялари бўйича 10 фоиздан 5 фоизгача, 7 та товар позициялари бўйича 20 фоиздан 2 фоизгача камайтирилади. Бундан ташқари, бозор талаблари шароитларидан келиб чиқиб, 2818 та товарлар номенклатураси бўйича божхона божлари ставкалари ўзгаришсиз қолдирилиши кўзда тутилган.    

Таклиф этилаётган божхона божлари ставкалари ўрнатилса, арифметик ўртача ставкаси тахминан 9 фоизни ташкил қилиб, бу ҳозирги кўрсаткич 5,6 фоиздан кўп, бироқ 2017 йилдаги кўрсаткич 14,9 фоиздан анча паст ҳисобланади. Шу билан бирга, “ноль” божхона божи ставкаси қўлланиладиган бўлган товар позициялари улуши 62,7 фоиздан 40,1 фоизгача камаяди, импорт қиладиган 2500 дан ортиқ товарларга нисбатан олдин қўлланилмаган 2 фоиз миқдоридаги ставкаси қўлланилади.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш даврида белгиланган арифметик ўртача ставкаси Корея Республикасида 16,5 фоизни, Исроилда 22 фоиз, Индонезияда 37,1 фоиз, Норвегияда 20,1 фоиз, Ҳиндистонда 48,5 фоиз, Исландияда 24 фоиз ва Марокашда 41,3 фоизни ташкил қилган. Шу билан бирга, “ноль” божхона божи ставкаси ҳозирги вақтда Европа иттифоқида 16,7 фоиз товарларга нисбатан, Ҳиндистонда 2,1 фоиз,  Евросиё иқтисодий иттифоқида 15,8 фоиз, Туркияда 37,5 фоиз товарларга нисбатан қўлланилади, Эрон Республикасида эса “ноль” божхона божи ставкаси умуман қўлланилмайди.

Ушбу босқичда божхона тарифларининг янги ставкаларини ўрнатиш юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, импортни оптималлаштириш ва ўзаро манфаатли икки томонлама эркин савдо битимларини тузиш учун замин яратади, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгаши томонидан доимий равишда ички ва ташқи бозорлар, шунингдек ташқи савдо ва тенденциялари ва нарх-наво конъюнктураси мониторинг қилиб борилади, бу эса ўзгаришларга тезкор жавоб бериш, импорт божхона божларини қайта кўриб чиқиш учун замин яратиши алоҳида қайд этиб ўтилган.

Бундан олдин, ДБҚ божлар бўйича гап-сўзлар юзасидан изоҳ берганди.

Мавзуга оид