Жамият | 18:36 / 08.07.2019
19090
7 дақиқада ўқилади

Чуст туман ҳокимлиги бир йилдан буён суд қарорини ижро қилмаяпти

Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Ушбу қоида бош қомусимиз Конституциямизнинг 114-моддаси, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида қатъий белгилаб қўйилган. Бироқ бу нормани тушуниш кимлар учундир ҳали ҳануз мураккаблик қилмоқда, назаримизда. Таҳририятга  йўлланган навбатдаги мурожаатда суднинг қарори ижро этилмаётганлиги ҳақида баён этилади.

Биз ушбу мурожаатлар изидан Хазрати Лутфуллоҳ юрти саналмиш Чуст тумани томон равона бўлдик. Бу ерда мурожаат эгаси Усубжон Хамдамовнинг хонадонида бўлиб, масала юзасидан суҳбатлашдик. Даставвал унинг сўзларини келтириб ўтишни лозим топдик.

Картинки по запросу чуст тумани

«Ўз аризангиз билан ерингизни олиб қўямиз»

«2003 йил «Кўпайсин ая» номли пахта-ғалла йўналишида фермер хўжалиги ташкил қилганмиз. Отам Умаржон Хамдамов шу ерларда 30 йил меҳнат қилган. Замон ўзгариб ер фермерга тегди. Биз ҳам ўз фермер хўжалигимизни ташкил қилдик. Бизга берилган ер жуда қаровсиз, абгор ҳолда бўлган. Бу жойга қарадик, ўз техникаларимизни ташкил қилдик. Берилган режаларни бажариб, меҳнат қилиб келар эдик. 2009 йил ноябрь ойида отам йиғилишга деб чиқиб кетди. Қайтиб келиб, «Ўғлим, еримизни олиб қўйишди» деди. Бир неча марта мурожаат қилсак, бу масалада Вазирлар Маҳкамаси қарори чиққанлигини айтишди. Биз ишонмай роса мурожаатлар билан «ёзди-ёзди»лар қилдик. Президент девонига, Бош прокуратурага ёздик. Давлат режаларини бажарганимизни айтдик. Президент девони аризамизни қайтариб ҳокимиятига жўнатди. Ҳокимиятдагилар «ўз аризангиз бор экан» деган важни келтиришди. Биз ҳайрон бўлиб қолдик. Ўша аризани қидириб топгандик, не кўз билан кўрсакки, бошқа муҳр, бошқа имзо... Прокуратурага ёзгандик. Прокуратура ички ишларга берди. Ички ишлар берилган ариза қалбаки деб, бизга туман маъмурий судга ёзишимизни тушунтиришди. Шундай қилиб судга ариза берадиган бўлдик» дейди чустлик деҳқон.

Усубжон Хамдамов

Суд қарори бор, аммо ижро йўқ

«Ўтган йилнинг февралида суд ишни кўриб чиқишни бошлади. Аввалига тарафлар келсин деди. Суднинг кейинги мажлисларида ҳам ерни янги олган фермер келмади ва суд ўша фермер иштирокисиз қарор чиқарди. Биз судда ютиб чиқдик. Кейин фермерлар кенгаши ерни олган янги фермерни ҳимоя қилиб кассация шикоятини берди. Кассация суди ишни бошидан бошлаш учун Попдаги судга жўнатди. Поп суди ҳам ўтган йили июнь ойида бизнинг фойдамизга қарор чиқарди. Ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Ариза сохта бўлиб чиқди. Аммо қарор ижросини яна ҳокимиятга берди. Ижродан эса дарак йўқ. Орада отамнинг соғлиғи ёмонлашди. Инсултни бошидан кечирди. 2 нафар фарзандим бор. Ишлашим керак-ку. Ижрони кутиб юрдим. Кейин бош прокуратурага чиқдим, Омбудсманга чиқдим. Президент портали, Олий суд, Адлия вазирлигига ёздим. Масала ҳал бўлишидан дарак йўқ» дейди Усубжон Хамдамов.

Ҳужжатлар тилга кирганда

Юқорида фермер томонидан содда қилиб айтилган ҳолатни келтирдик. Энди фермер берган хужжатларга асосланиб ўз хулосаларимизни баён қилсак.

2009 йил 30 ноябрь кунида Чуст туманининг ўша вақтдаги ҳокими Хайрулло Бозоров (ҳозирги вақтда Наманган вилоят ҳокими) томонидан чиқарилган қарорга биноан «Кўпайсин ая» фермер хўжалиги ихтиёрида бўлган 32,4 гектар ер (5,31,36 контурдаги) фермер хўжалиги раҳбарининг ўз аризасига биноан туман захирасига олинган ва фермер хўжалиги тугатилган.

Йиллар мобайнида ўз додини кимга айтишни билмай, ёпиқ эшиклар остонасида қолган ушбу фермерга ўхшаш шикоятчилар учун ниҳоят эшиклар очилди. Маъмурий судлар ташкил қилинди. Фермер маъмурий судга ўз аризасини киритган ва 2018 йил 23 февраль куни Чуст туман маъмурий суди 2009 йилги 520 ва 657-сонли туман ҳокими қарорларини ҳақиқий эмас деб топган.

Фермерлар кенгашининг кассация шикояти билан Наманган вилоят маъмурий суди кассация тартибида ишни кўриб чиқади ва 2018 йил 10 май куни ишни янгитдан кўриш учун Поп туман маъмурий судига юборади.

2018 йил 21 июнь куни Поп туман маъмурий суди томонидан ҳам аризани қаноатлантириш лозим топилган. Бу қарорга келиш учун ер ноқонуний олинганлиги, фермер номидан сохта ариза қилинганлиги важ сифатида келтирилган. 

Хўш, судда мурожаат қилган шахс ютиб чиқибди, яна нима муаммо деб ўйлаётгандирсиз. Бу савол биз томонимиздан ҳам берилган эди. Шунда мурожаатчи қўлимизга бир энлик ижро варақасини тутқазди. 11 июл 2018 йилдаги ижро варақасига кўра, ижро қилиш вазифаси Чуст туман ҳокимлигига «ишониб топширилган». 

«Ичи бўм-бўш» ҳокимлик

Қўлимиздаги бир даста ҳужжатларни ортмоқлаб, Чуст туман ҳокимлиги томон йўлга тушдик. Бу ҳокимликка олдин ҳам йўлимиз тушган, бироқ туман ҳокими билан учрашиш «бахти»га эришолмаган эдик. Бу сафар ҳам бу бизга «армон» бўлди. Ҳоким ёрдамчиси бизга ҳокимбува ташқарига чиққанлигини айтди. Масалани жиддийлигини айтишимизга қарамай, на ҳоким, на ўринбосар, на ҳуқуқшунос билан учраша олдик. Уларнинг ўз функционал вазифалари борлигини тушунамиз. Бироқ улар билан учраштириш учун ҳам ҳаракат сезилмади. Шунга қарамай, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Илҳом Абдуллаев билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Ҳоким ўринбосари бизга бу иш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланганлиги ва қарор фақатгина ҳоким томонидан имзо қўйилиши қолганлигини билдирди. 

Ана судга ҳурмат! Ана Чустда ишлар қандай кетмоқда?! Суд қарори билан ҳоким қарори бекор қилинса ва яна буни ижроси яна ҳокимга айланиб келаверса. Ҳолат ҳақида шикоятчига айтганимизда ҳеч ҳайрон бўлмай шундай жавоб берди: «Олдинги сафар ҳам биринчи суд қарори чиққан вақтда булар ҳокимга тайёр қилиб беришганини айтишганди. Шу сабабли, ҳокимни кутиб-кутиб, кечки пайт учрашиб сўраганман. «Қарор менинг иш столимда бўлиши билан имзолаб бераман» деганди. Ундан бери қанча вақт ўтди».

Мазкур масала ваколатли органлар томонидан ўрганиб чиқилиб, шоядки бечора фермернинг оҳу-нолаларини эшитадиган, унинг дардига малҳам бўладиган бир мард топилса...

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид