Питнакда бир боғча бор, айвонлари хўб абгор...
Ёш авлоднинг тарбияси ва таълимига бўлган эътибор ҳар қандай мамлакатнинг қудратида ўз аксини кўрсатади. Ўзбекистон аҳоли сони юқори суръатларда ўсиб бораётган мамлакатлар қаторига киради. Халқимиз азалдан «болажон» бўлган, бизда аҳолининг умумий сонида болалар ва ёшларнинг салмоғи катта, 3 - 7 ёшдаги болалар сонининг ўсиш суръатлари эса бутун аҳолининг ўсишига қараганда юқорироқдир.
Демак ёш авлоднинг тарбияси ва таълимига бўлган эътибор Ўзбекистон учун «ҳаёт ёки мамот» даражасида муҳим аҳамиятга эга десак муболаға бўлмайди.
Kun.Uz таҳририятига Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани Питнак шаҳарчасида жойлашган 17-сон мактабгача таълим муассасаси (МТМ ёки болалар боғчаси) бўйича мурожаат тушди. Унда боғча биноси бир қисмининг томи ёпилмагани, натижада хоналар таъмирталаб бўлиб қолгани, болалар майдончаси бўйича муаммолар борлиги, турли анжомларнинг етишмаслиги каби бир қанча камчиликлар кўрсатилган эди.
«Табассум» номли 17-сон мактабгача таълим муассасаси Ҳазорасп туманидаги Питнак шаҳарчаси марказида жойлашган. 1988 йилда қуриб битказилган ва ишга туширилган.
Боғча 2 қаватли ва бир-бирига туташган 2та бинодан иборат. Биринчи бинонинг томи ёпилган ва умумий ҳолати қониқарли даражада. Ҳозирги пайтда бу бинода 230 нафар бола тарбияланмоқда.
Иккинчи бинонинг томи ёпилмаган. Натижада, турли ёғингарчиликлар оқибатида томдан чакка ўтиб, хоналарнинг деворлари таъмирталаб бўлиб қолган. Ёғоч поллар эса чириб, яроқсиз ҳолга келган. Айни пайтда иккинчи бинонинг қувватидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
17-сон МТМ раҳбари Нодира Ходжабаевадан бу муаммолар бўйича изоҳ олдик.
«Мактабгача таълим муассасамиз бир-бирига туташган 2та бинодан иборат. Улардан бирининг томи ёпилмаган. Ёғингарчилик пайтида томдан чакка ўтиб, хоналар фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолган. Натижада бу бинонинг қувватидан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз. Бу бинодаги спортзал ва бошқа хоналар ёпиқ ҳолда турибди», - деди Ходжабаева.
Боғчанинг атрофи девор ёки баланд панжара билан ўралмаган. Бу эса қўшимча муаммоларни келтириб чиқармоқда.
«МТМ атрофи девор билан ўралмаган. Баландлиги паст бўлган темир панжаралар эса боғча мулкини муҳофаза қилиш учун етарли эмас – атрофдаги уйларда яшовчи болалар кечқурун кириб, арғимчоқларда назоратсиз ўйнаб, уларни яроқсиз аҳволга келтириб қўйишмоқда. Бундан ташқари, боғча ҳудудига маиший чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари ҳам юз бермоқда», - деди Ходжабаева.
Боғча айвончаларининг томи кучли шамолда кўчиб кетган, ёғоч поллари эса чириган. Бу ерда болаларнинг ўйнаши учун нафақат шароит йўқ, балки хавфли ҳам бўлиб қолган.
Иккинчи бинода жойлашган спортзал ҳам таъмирталаб бўлиб қолгани туфайли ёпиқ ҳолда турибди. Унга спорт анжомлари етишмайди. Машғулотлар боғча майдончасида ёки хоналарнинг ўзида ўтказилмоқда.
Болалар майдончасидаги арғимчоқлар жисмонан ва маънан эскириб қолган, янгиланишга, замонавийларига муҳтож.
Умуман олганда, 17-сон МТМ мебеллар, ўйинчоқлар, ошхона ускуналари ва анжомлари, спорт анжомлари билан етарли таъминланмаган.
Ҳазорасп тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Отабек Дўсчоновдан 17-сон МТМ билан боғлиқ вазият бўйича изоҳ олдик.
«Дарҳақиқат, 17-сон МТМ биноларидан бирининг томи ёпилмаган. Натижада, бинонинг қувватидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бу таълим муассасасини инвестиция дастури асосида 2021 йилда тўлиқ таъмирлаш, барча замонавий жиҳозлар билан таъминлашни режалаштирганмиз. Ҳозирги вақтда ички имкониятлардан фойдаланиб, томини ёпиб беришимиз мумкин. Аммо жиҳозлашни инвестиция дастурига қолдиришга мажбурмиз, чунки жуда катта молиявий маблағларни талаб қилади», - деди Отабек Дўсчонов.
Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига асосан, барча ҳудудларда 3-7 ёшдаги болалар мактабгача таълим тизими билан 80 фоиз қамраб олиниши, 6-7 ёшдаги болалар эса 2022 йилга қадар 100 фоиз қамраб олиниши шарт қилиб қўйилган. Шунинг учун ҳам кўплаб янги боғчалар қурилмоқда, эскилари «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва инвестиция дастурлари асосида қайта таъмирланмоқда.
Айни пайтда Питнак шаҳридаги 17-сон мактабгача таълим муассасасига фарзандини жойлаб қўйиш учун 200дан ортиқ оила Давлат хизматлари маркази орқали навбат кутиб турибди. Агар боғча биносининг томи ёпилса ва хоналарда оддий таъмирлаш ишлари бажарилса, унда қўшимча гуруҳларни очиш имконияти пайдо бўлар, навбат кутиб турганлар анча камаяр эди. Бунга жуда катта маблағ талаб қилинмаса керак. Акс ҳолда 2021 йилгача бу навбат янада узайиб, вазият чигаллашиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
14:01 / 13.10.2024
“Кўп нарса ҳокимларнинг савиясига боғлиқ” — ватанга қайтган инвестор қандай тўсиқларга учради?
12:08 / 27.09.2024
Хоразмда МЧЖ масъул шахслари ижтимоий соҳа объектларига бериладиган кўмир учун ажратилган пулларни ўзлаштирди
15:24 / 19.08.2024
“Суд ўтгунча, ғўза қуриб қолади” — Хоразмда фермер ва ҲЭТК ўртасидаги низо ҳосилга таҳдид солмоқда
16:06 / 08.08.2024