Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак?
11 июль — Халқаро аҳолишунослик куни. 1969 йили шу санада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг репродуктив саломатлик, оилани режалаштириш, аҳоли ҳолатини ўрганиш бўйича аҳолишунослик фонди (UNFPA) ташкил этилган эди. Фонднинг 50 йиллиги муносабати билан БМТ ва ҳукумат вакиллари иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Мазкур анжуман доирасида 2022 йил кузида Ўзбекистонда ўтказилаётган йирик миқёсли тадбир — аҳолини рўйхатга олиш ва унинг аҳамияти хусусида ҳам сўз борди.
Анжуманда қайд этилгандек, аҳолини рўйхатга олиш муайян вақт ичида мамлакатдаги барча шахсларга тааллуқли демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотни тўплаш, бирлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва тарқатиш жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги энг ишончли манба ҳисобланади.
2019 йил 5 февралда «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинган.
Давлат статистика қўмитаси раис ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаевнинг баён қилишича, мазкур тадбирни амалга оширишда жойларда комиссиялар иш бошлаган, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг қарийб 40 фоизи бевосита аҳоли билан боғлиқ. Шу боис аҳолини рўйхатга олиш тадбири мамлакатнинг ривожланган ва орқада қолаётган соҳаларини, ютуқ ва камчиликларини ҳам аниқлашда муҳим рол ўйнайди.
Ўзбекистон мустақил давлат сифатида илк бор ўз аҳолисини рўйхатдан ўтказмоқда.
Маҳмуджон Зиёдуллаевнинг маълумот беришича, Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Унда мавжуд аҳоли сони, ёши, таркиби, оилалар сони, этник гуруҳлар, туғилиш ва ўлим кўрсаткичларини жамлаш мақсад қилинган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1970, 1980 йилларда ҳамда энг охирги марта 1989 йилда аҳоли рўйхатдан ўтказилган.
1926 йилда аҳоли сони 4 млн 600 минг нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда 33 млн.дан ортиқроқни ташкил этади.
Сўнгги рўйхатга олиш тадбиридан бери ҳозирга қадар демографик ҳолат ҳақидаги маълумотлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларидаги туғилиш ва вафот этиш кўрсаткичлари, Ички ишлар вазирлиги бошқармаларининг мамлакатга кўчиб келганлар ва кўчиб кетганлар ҳақидаги ахбороти асосида йиғиб келинган.
— Аҳолини рўйхатга олиш маълум бир санада Ўзбекистон аҳолисининг сони, ёши, жинси, диний ва этник таркиби, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлиги, иқтисодий фаоллиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги хусусида батафсил маълумот олишга ёрдам беради. Шунингдек, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тақсимланишини ҳисоблашда ишлатилади, миграция ҳолатини, меҳнат ресурслари тақсимотини аниқ кўрсатиб беради.
Ҳудудларни ривожлантириш, аёллар ва болалар саломатлигини сақлаш бўйича ишларнинг манзилли амалга оширилиши учун ҳам ахборот манбаси бўлиб хизмат қилади.
Миллий барқарор ривожланиш мақсадларининг қай даражада амалга оширилаётгани бўйича мониторинг юритиш бу статистик кўрсаткичлар муҳим ҳисобланади. Халқаро рейтинглардаги мамлакатнинг ўрни ҳам шу кўрсаткичлар асосида белгиланади. Бутун дунё бўйича демографик кўрсаткичларни қайд этишда ҳам ҳисса қўшади, — дея қўшимча қилди Давлат статистика қўмитаси раис ўринбосари.
UNFPA'нинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Камолхон Инъомхўжаевнинг баён қилишича, аҳолини рўйхатга олиш бутун дунё бўйича раундлар доирасида амалга оширилади. Бутун дунё аҳолисининг 24 фоизи қамраб олинган 2010 йилги раундда Ўзбекистон иштирок этмаган эди. 2020 йилги раудда саноқли давлатлардан ташқари барча дунё мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда, бу раундда аҳолининг 97.5 фоизини қамраб олиш режалаштирилган.
UNFPA Ўзбекистонда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг юқори даражада ўтиши учун қуйидаги ёрдамларни кўрсатади:
- АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюросининг методологиясига асосланиб, қўллаб-қувватланиши талаб этиладиган соҳаларни аниқлаш;
- аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг рўйхатга олиш ва режалаштириш бўйича юқори малакали мутахассислар томонидан кўриб чиқилиши;
- аҳолини рўйхатга олиш режаси Россиянинг статистика агентлигидан аҳолини рўйхатга олиш бўйича халқаро эксперт кўмагида ишлаб чиқилиши.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:06 / 23.10.2024