Ўзбекистон | 14:48 / 30.07.2019
6671
2 дақиқада ўқилади

Қуёш станциясини қуриш учун 40дан ортиқ компания қизиқиш билдирган

Бугун, 30 июль куни Ахборот ва Оммавий коммуникациялар агентлигида Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда маълум қилинишича, Давлат-хусусий шериклиги доирасида Қуёш энергетикаси соҳасида ҳам қатор лойиҳалар мўлжалланган.

Халқаро молия корпорацияси кўмагида Навоий вилоятида пилот 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси тендери якунланиш арафасида.

Осиё тараққиёт банки ва Халқаро молия корпорацияси кўмагида ДХШ асосида қуриладиган қуёш фотоэлектр станциялар қувватини 2000 МВтга етказиш ва 2030 йилга бориб уни умумий қуввати 5000 МВтга етказиш режалаштирилган.

Мухбиримизнинг “қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасига кимлар қизиқиш билдирмоқда ва бу лойиҳага қачон киришилади?” деган саволига жавобан агентлик директори Ғолиб Холжигитов:

– Навоий вилоятида ишга туширилиши режалаштирилаётган бу лойиҳага дастлаб 40дан ортиқ компаниялар қизиқиш билдирган эдилар. Ҳозирги кунга келиб танлов асосида уларнинг 10таси саралаб олинди. Уларнинг номларини ҳозирча айта олмайман, чунки тендер тугагани йўқ. Аммо айтишим мумкинки улар орасида дунё миқёсида обрўли ҳисобланган Франция, Италия компаниялар бор. Тендер жорий йил октябрь ойида якунига етади ва шундан кейин ҳукумат тасдиқлаган режа бўйича иш бошланади, – дея жавоб берди.

Мавзуга оид