Ўзбекистон | 12:10 / 30.07.2019
17832
4 дақиқада ўқилади

Таълим олганлик ҳақидаги хорижий ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш бирлаштирилди

Янгиланган тартиб-таомил жорий этилмоқда, илгари амалда бўлган Низом ўз кучини йўқотди, деб ёзади Norma.
 
Янги тартибга биноан, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни расман тан олиш – бу унинг эгасига Ўзбекистонда таълим олиш ва касбий фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи малакасини тасдиқлаш. Ҳозирги вақтда бу тан олиш ва нострификациялашга (эквивалентлигини қайд этиш) ажратишсиз ягона жараёндир.
 
Ариза бериш таомили
 
Ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим олганлик тўғрисидаги дипломлар, шунингдек кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қабул қилинади. Хизмат – пуллик, йиғим миқдори 3 ЭКИҲни (1 сентябрдан – 3 БҲМ) ташкил этади. Тан олиш таомилини Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси амалга оширади.
 
1 сентябрдан бошлаб ДХМ ва ЯИДХП орқали мурожаат қилиш умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун ҳам мажбурий бўлади. Вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ваколатли органлар ҳисобланади. Хизмат кўрсатиш – бепул.
 
Ўзбекистон фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш юзасидан мурожаат қилишлари мумкин.
 
Ариза беришда сўровнома тўлдирилиб, унга таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унга илованинг нусхаси, шунингдек уларнинг давлат тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхаси илова қилинади.
 
Тан олиш таомили
 
ДХМ барча зарур ҳужжатларни олгандан кейин уларни ўрганиш учун халқ таълими бошқармалари ва Инспекция қошида тузиладиган комиссияларга юборади.
 
Умумий ўрта, ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, шунингдек малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги хорижий ҳужжатларни тан олиш тўғридан-тўғри синов ўтказмасдан, тегишли комиссия хулосаси асосида амалга оширилади. Тан олишнинг шунга ўхшаш соддалаштирилган тартиби белгиланган рўйхат бўйича айрим бошқа ҳолларда ҳам қўлланилади.
 
Қолган ҳолларда эксперт комиссиясининг ижобий хулосаси олингандан кейин Инспекция талабгорлар учун тест синовларини ташкил этади. Улар 50 та саволдан иборат бўлиб, таълим олинган таълим йўналишлари фанларини қамраб олади. Тестларни ечиш учун ҳар бир тест саволи учун 2 дақиқадан, жами 100 дақиқа вақт берилади. Ҳар бир тўғри бажарилган тест саволи 2 балл билан баҳоланади.  54 баллдан ортиқ тўплаган шахсларнинг дипломлари тан олинади.
 
Барча таомилларнинг ижобий якунларидан кейин қуйидаги ҳужжатлар расмийлаштирилади ва берилади:

• маълумотнома - умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш тўғрисида;
• гувоҳнома - ўрта махсус ва касб-ҳунар, шунингдек олий таълим олганлик, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳақида.
 
Ҳужжат 26.07.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид