Иқтисодиёт | 11:50 / 31.07.2019
31534
20 дақиқада ўқилади

Ислом молияси: Ривожланиш босқичлари, муаммо ва ечимлар

Шариат – жуда ҳам қадимий (тахминан 1500 йиллик) диний, маънавий–ахлоқий, ҳуқуқий тизим ҳисобланади. Бу ҳақда «Ислом молияси» телеграм каналида мақола эълон қилинган.

Маълумки, шариат – бу жуда ҳам қадимий (тахминан 1500 йиллик) диний, маънавий–ахлоқий, ҳуқуқий тизим. Бироқ унинг молиявий қисми бир неча асрлик «парокандалик» давомида унутилди ва мусулмон Шарқининг ўз анъанавий ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий-молиявий, ҳамда таълим тизимлари асосан Ғарб мамлакатларида пайдо бўлган муқобил тизимларга алмаштирилди. Бу даврда мустамлакага айлантирилган мусулмон давлатларининг (яъни аҳолисининг аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатлар) бир қанчасида ислом қонунчилигидан фақатгина никоҳ ва жаноза каби маросимлар сақланиб қолди десак, катта хато бўлмаса керак. Шу маънода, табиийки, яқиндагина (XX асрнинг ўрталарида) мустақилликка эришган мусулмон давлатлари ва минтақаларининг ҳуқуқшунослик мактаблари бир неча аср давомида йиғилиб қолган мураккаб ва жиддий масалаларни, ҳамда замонавий долзарб муаммоларни ҳал қилишга тайёр эмаслиги маълум бўлди. Бунинг сабаби эса, бир неча асрлик мустамлакачилик даврида ижтиҳоднинг мумиёдек қотиб қолиб, долзарб муаммоларни ҳал қилувчи тизимдан ҳуқуқшунос олимларнинг тор даврасидагина ўрганиладиган назарий масалалар мажмуасига айланиб қолгани бўлди ва бу, шубҳасиз ислом ҳуқуқшунослигининг энг катта фожиаларидан бири бўлди, дейиш мумкин.

Бу ҳолатда ислом илмий тафаккурини бироз бўлса ҳам қўзғатиш кучига эга бўлган нарса – нафақат ислом фиқҳини яхши билган, балки мусулмон олами учун турғунлик даври бўлган мустамлакачилик пайтида жаҳонда юз берган улкан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни чуқур англаб етган шахслар томонидан амалиётга татбиқ қилиниши мумкин бўлган ҳақиқий жонли мавзуни юзага чиқариш эди. Иккинчи жаҳон урушининг тугаши билан ислом оламида пароканданлик якун топишига умид пайдо бўлди. Айнан шу даврда мусулмон давлатлари ўз мустақиллиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш учун кураш бошлади ва ҳудди шу даврда ислом иқтисодиёти илмий назарияси ва тамойиллари яратила бошланди. Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган бу даврни 3та алоҳида босқичга ва бошланиши муқаррар бўлган 4-босқичга ажратиш мумкин.

  • 1. XX асрнинг 50-йилларидан 80-йилларнинг ўрталаригача – уйғониш, асосий нуқтаи-назарларни  шакллантириш ва қайта юзага чиқиш даври;
  • 2. 80-йилларнинг ўрталаридан 90-йилларнинг охиригача – шаклланиш ва тетапоя даври;
  • 3. 90-йилларнинг ўрталари/охиридан ҳозирги кунгача – ўзгаришлар ва янги ғоялар (инновациялар) даври;
  • 4. Ҳали бошланмаган, лекин вақти етиб келган ривожланиш босқичи.

Биринчи босқич

Мустамлакачиликдан эндигина халос бўлган мусулмон давлатлар ўз диний-маданий меросларидан келиб чиққан ҳолда кейинги тараққиёт босқичлари қандай бўлиши лозимлигини аниқлаштираётган бир пайтда иқтисодиёт - молия тизимини кўриб чиқиш ва ривожлантириш масаласи жиддий равишда кун тартибида пайдо бўлди. «Ислом иқтисодиёти» тушунчаси ўтган асрнинг 50-йилларида ҳинд иқтисодчиси Абул Аъло Мавдудий томонидан муомалага киритилган. (Иқтисодиёт ижтимоий фан эканлиги, тадбиркорлик ва тижорат эса ислом динида ислом қонунчилиги билан тартибга солинишини инобатга олиш даркор).

Абул Аъло Мавдудий ва унинг бир нечта асарлари

Илмий изланишлар ва фоизсиз иш юритадиган молия муассасалари ташкил этиш борасидаги дастлабки уринишлар ўтган асрнинг 50-60-йилларида Ҳиндистон, Покистон ва Мисрда бўлган (масалан 1963-1967 йилларда фаолият олиб борган «Мит Гамр» банкини (Миср) биринчи ислом банки деб аташса ҳам мазкур банк таъсисчиларининг ўзлари сиёсий сабабларга кўра ислом банки деган номга даъвогарлик қилишмаган). Шундай қилиб, 1975 йилда ташкил этилган «Дубай ислом банки» ва «Ислом тараққиёт банки» биринчи ислом банклари сифатида танилди. Кейинчалик, Форс кўрфази мамлакатларида, Судан ва Мисрда бир қанча ислом банклари пайдо бўлди. Бу масалада 1972 йилда Саудия Арабистони подшоҳлигининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 3-конференцияси муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо (яшил) ва кузатувчи (кўк) давлатлар. Суриянинг аъзолиги вақтинча тўхтатилган (қизил)

Тадбир қатнашчилари пул-молия тизимини ислом динининг ҳуқуқий, ахлоқий, маънавий ва бошқа тамойилларига мос келиши жиҳатидан ислоҳ қилишнинг батафсил режасини ишлаб чиқишди. Бундай тизим ислом қонунчилиги меъёрларига мос келиши ҳамда замонавий шароитда яшовчан бўлиши лозим эди.

Иккинчи босқич

80-йилларда Малайзиянинг «олтин даври» бошланди. Форс кўрфази мамлакатларидан фарқли ўлароқ, бу давлат 1983 йилдаёқ ислом банк тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишига қаратилган алоҳида қонун қабул қилди ва ишга жиддий киришди. Секин-аста Малайзия молия соҳасида ислом илмий ғояси марказларидан бирига ҳам айланди. Бунга Ислом молияси халқаро таълим маркази (INCEIF) ва Ислом молияси соҳасидаги шариат тадқиқотлари халқаро академияси (ISRA) ёрқин мисол бўла олади. Малайзия сармоя (капитал) бозори эса Осиё миқёсида энг илғорларидан бири ҳисобланади. Малайзиянинг «сукук» ислом қимматли қоғозларини (облигациялари) биринчи бўлиб молия бозорига чиқариши ҳам эътиборга молик.

Шундай қилиб, 90-йилларнинг бошларида ислом молияси соҳаси «тажриба майдони»дан жаҳон молия бозорига эътиборга лойиқ, аммо ҳозирча жуда ёш иштирокчи сифатида чиқди. Табиийки, бу бир қатор муҳим ва қулай омиллар сабабли вужудга келди. Жумладан:

  • ислом молияси ғоясининг халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилиниши;
  • соҳада бугунги кунда жаҳон молия тили ҳисобланувчи инглиз тилидан фойдаланилиши;
  • ислом банклари ва молиявий имкониятларининг ўсиши ва кенгайиши;
  • ислом банкларида шаръий кенгашларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши;
  • турли халқаро мувофиқлаштирувчи марказлар (идоралар) ташкил қилиниши;
  • тижорий битимлар фиқҳи масаласида ижтиҳоднинг фаоллашуви ва ривожланиши;
  • аксарият муҳим масалалар бўйича тўрт мазҳаб ҳуқуқшунослари ўртасида умумий қарашларга эришилиши;
  • ислом молияси шартномаларининг анъанавий сармоядорлар учун ҳам тушунарли тарзда тузилиши ва халқаро молия / сармоя (капитал) бозорларига чиқилиши;
  • ислом банк-молия тизимини жорий этган ва ислом молияси ривожланиши учун мустаҳкам асос яратган мамлакатларнинг мувофиқлаштирувчи ташкилотлари ва сиёсий етакчиларининг мавқейи.

Умуман олганда, ислом молиясининг ривожланишига бир қатор мусулмон давлатлари аҳолиси орасида мазкур тизимга бўлган юқори талаб ва қулай иқтисодий вазият туртки бўлди дейиш мумкин. Мисол учун, Форс кўрфазидаги табиий бойликлари (асосан нефть) бисёр бўлган мамлакатлар даромадининг кескин ўсиши давлат бюджетлари билан бир қаторда компаниялар ва оддий аҳолининг бойишига замин яратди. Шу билан бирга, Форс кўрфази мамлакатлари соҳанинг паст-баландини яхши тушуниб етмагани сабабли эндигина ўсиб келаётган ислом молиясига нисбатан бироз эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишди. Шу боис, банклар классик исломий шартномалар билан (албатта муайян даражада замонавийлаштирган ҳолда) чекланди. Бунда мол-мулкни гаровга қўйиш асосида амалга оширилувчи муробаҳа шартномаси асосий шартнома турига айланди. Бунинг сабаби унинг анъанавий кредит амалиётига ўхшашлиги ва амалга оширишнинг нисбатан жўнлиги бўлди.

Учинчи босқич

Шу билан бир вақтда, ислом молияси салоҳиятини, ҳамда классик ислом молияси шартномаларининг чегараланган имкониятларини англаб етган жаҳон молия тизими намоёндалари ҳисобланувчи Ғарбнинг қатор йирик банклари, юридик компаниялари ва бошқа манфаатдор томонлар замонавий талаблар ҳамда халқаро стандарт ва амалиётларга жавоб берадиган мураккаб ислом молияси маҳсулот ва шартномаларини яратишга киришди. Шу тариқа, ислом банкчилиги тараққиётининг учинчи босқичи – ўзгаришлар (транфсормация) ва янги ғоялар даври (мослашув даври деса ҳам бўлади) бошланди. Халқаро даражадаги банкчилар ва ислом молияси тизимининг жаҳон молияси тизими билан уйғунлашуви тарафдорлари юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, шунингдек янги молия маҳсулотлари яратиш мақсадида ислом молияси фиқҳи соҳаси ҳуқуқшунослари билан яқиндан ҳамкорлик қила бошлади. Умумий саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 90-йилларнинг ўрталаридан бошлаб маҳаллий ва жаҳон бозорларида анъанавий тизим билан рақобатлаша оладиган мураккаб ислом молияси маҳсулотлари даври бошланди.

Ислом молияси соҳасида Халқаро стандартлар ишлаб чиқилди, турли ўқув дастурлари ва сертификатлар пайдо бўлди

90-йиллар охиридан бошлаб Форс кўрфази мамлакатларидаги аҳоли ва бизнес вакиллари ислом молияси маҳсулотларининг мазмун-моҳиятини яхши тушуниб етиши натижасида, бундай маҳсулотларга нисбатан бўлган талаб ҳам юксалиб борди. Энг асосийси, бу мамлакатларда жуда катта миқдордаги бўш маблағлар (ресурслар) борлиги бўлди. Банкчилар буни пайқамаслиги ва бундай «катта ширин кулча»нинг бир бўлагини бўлса ҳам «узиб» олиш имкониятини қўлдан бериши табиийки, мумкин эмасди. Шу тарзда бир қатор анъанавий банклар Форс кўрфази мамлакатлари ҳамда Малайзияда ислом ҳуқуқи меъёрлари асосида фаолият кўрсатувчи шохобча ва банкларни оча бошлади.

Шариат соҳаси ҳуқуқшунослари (асосан ислом банкларининг шаръий кенгашлари аъзолари) билан йирик банкчиларнинг замонавий молиявий шартномалар моҳиятини тушуниб етиш ва уларни шариат талабларига мослаштириш мақсадидаги ўзаро яқиндан ҳамкорлиги яна бир ажойиб ҳодиса бўлди. Уларнинг яна бир вазифаси шариат доирасидаги шартномаларни шариат талабларига тамомила бефарқ бўлган халқаро ҳуқуқ меъёрларига мослаштириш бўлган.

Буюк Британия ислом молияси ва замонавий молия усуллари (финтек) марказига айланди

Яна бир янгилик — ислом молияси соҳасида инглиз тили кенг қўлланиши бўлди. Умуман олганда, ислом банклари учун молиявий бозорларнинг глобаллашуви шароитида инглиз тилининг жорий қилиниши оддий ҳол албатта. Бироқ, бунгача битимларнинг шариат нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши, маъқулланиши ва назорат қилиниши фақат араб тилида (айниқса Форс кўрфази давлатларида) амалга оширилган. Банкларнинг шаръий кенгашлари аъзолари бўлган ислом ҳуқуқшуносларининг аксарияти инглиз тилини билмаслиги банкчилар ва шаръий кенгашлар ўртасидаги мулоқотни анчагина мураккаблаштирди. Шу боис, шаръий кенгашлар аъзолари тегишли ҳужжат ва шартномаларни батафсил ўрганиш ўрнига ислом банклари ходимлари ёки маслаҳатчилар томонидан тайёрланган умумлаштирувчи қисқача маълумотларни кўриб чиқарди, холос. Табиийки, бундай умумлаштирувчи маълумотлар ҳужжатни шаръий жиҳатдан тўлиқ баҳолаш ва маҳсулотларни тўғри шакллантириш учун зарур бўлган барча жараён, кўрсаткич ва омилларни тўлиқ ва батафсил қамраб олиш имкониятини бермайди. Албатта бунинг оқибатида асл маъно буткул ёки қисман йўқолади ва натижа ҳам шунга яраша бўлади. Мазкур ҳолат ҳозирги кунга қадар ислом молияси ривожланиш суръатларини бирмунча секинлаштириб келмоқда.

Шундай қилиб айтиш мумкинки, 90-йиллар охирида бошланган ислом молияси ривожланишининг 3-босқичи давомида соҳадаги ўсиш суръати, миқёси ва жаҳон молия тизимига мослашиши ҳамда унинг иштирокчилари билан рақобат қилиши борасидаги имкониятлари нуқтаи назаридан мисли кўрилмаган натижаларга эришилди. Айни пайтда шуни аниқ тушиниб етиш лозимки, маънавий-ахлоқий жиҳатдан «бетараф» бўлган (яъни ахлоқий меъёрлар асосида фаолият юритмайдиган) анъанавий жаҳон молия тизими ислом молиясини фақат ўз шартлари асосида, яъни ўзига тўлиқ сингдирган/мослаштирган шаклда қабул қилиши мумкин.

Ҳали бошланмаган, аммо кутилаётган тўртинчи босқич

Соҳа жаҳон молия тизимининг бир қисми бўлиш баробарида қандай қилиб ўзининг беқиёс хусусиятлари, қадриятлари ва асл мақсадларини сақлаб қолиши мумкинлигини англаб етиши муҳим аҳамиятга эга. Янги авлод ислом молиячиларининг кун тартибида қандай тўсиқлар, истиқбол ва вазифалар турибди?

  • а) Юқорида айтиб ўтганимиздек, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб ислом молияси анъанавий молия тизими ва дунёвий ҳуқуқ тизимларининг катта майдонида ўйинга кирди. Яъни ислом банк-молия муассасалари бир маромда ва самарали ишлаётган анъанавий банк-молия тизими билан мижозлар учун тўғридан-тўғри рақобатга киришди. Бу ҳолат ислом молияси тизими эътиборини беқиёс ва тугал таклифлар яратишдан анъанавий молия маҳсулотларини «тескари мослаштириш»га (reverse engineering) қаратди, яъни анъанавий ҳуқуқшунослар ва ислом банкчилари анъанавий банк-молия маҳсулотларини ҳар томонлама ўрганиб, мижозларга математика нуқтаи назаридан ўхшаш молиявий натижа берувчи ислом маҳсулотлари яратишга киришиб кетишди. Табиийки, бунда барча ҳужжатлар керакли меъёрларга риоя қилган ҳолда расмийлаштирилди. Ислом молиясининг худди мана шу сингиб/мослашиб кетиши ва унинг «кредитлашга» йўналтирилгани жиддий танқид ва айбловларга сабаб бўлди. Танқидчилар ислом молияси ўзининг беқиёс хусусиятларини йўқотаётганини, унинг жамиятдаги қашшоқлик даражасини пасайтириш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари молиявий қамровини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсиш жараёларидаги ўрни ва аҳамияти юқори эмаслигини таъкидлашар эди. Уларнинг фикрича, агар ислом молияси масалага шундай «расмий» ёндашувни давом эттираверса, ўзининг асосий моҳиятидан ажралиб, борган сайин мавжуд анъанавий банк-молия тизимининг «тиргович»ларидан бирига айланиб қолади, холос.

Шу боис, соҳа учун бурилиш нуқтаси ва асосий муаммо - реал иқтисодиётнинг ривожланиши ва фаоллашуви, молиявий маблағларни иқтисодиёт субъектлари ўртасида адолатли ва самарали тақсимланиши, ҳамда анъанавий банк тизимига муқобил молия тизимини яратиш орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари молиявий қамровини оширишдаги асл мақсад ва вазифаларини аниқ-тиниқ тушуниб олиш ҳисобланади.

  • б) Ислом микромолия институтлари улуши ва аҳамиятининг юксалиши. Бугунги кунда ислом молиясининг учдан икки қисми ислом банкларида жамланган. Эҳтимолий мижозларнинг барқарор ва етарли даражадаги даромади йўқлиги, гаровга қўйиш учун мулки ва кредит тарихи мавжуд эмаслиги, лойиҳалар ва тадбиркорлик фаолиятининг хатар даражаси юқорилиги ҳамда бошқа сабаблар туфайли аксарият мусулмон давлатлардаги аҳоли ва кичик бизнеснинг катта қисми ислом банклари хизматидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Ислом микромолия ташкилотлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатламлари билан ишлаш учун барча керакли воситаларга эга бўлса-да, бу имкониятдан амалда деярли фойдаланилмайди. Шундай экан, улкан ижтимоий қатламлар қашшоқликнинг боши берк кўчасидан чиқа олмаяпти. Устига-устак, бу каби муассасаларнинг ислом молияси тизимидаги улуши ва аҳамияти жуда кичкина. Айни пайтда, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг эҳтиёжларини молиялаштириш ва қашшоқлик даражасини камайтириш учун қарзи ҳасана, закот, вақф ҳамда замонавий молия усуллари (финтек) каби воситалардан фойдаланишнинг катта имкониятлари мавжуд.

Шу маънода, ҳақиқатан ҳам, ислом микромолия муассасалари аҳамиятини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва кичик бизнеснинг эҳтиёжлари ҳамда тўлов қобилиятига мос келувчи молия маҳсулотлари яратиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва ижтимоий молиялаштириш усулларидан фойдаланиш кўплаб мамлакатларда кузатилаётган оммавий қашшоқликни енгиш ва аҳолининг катта қатламини молиявий-иқтисодий жараёнга жалб қилиш ва шу орқали, иқтисодий фаолликни жадаллаштириш ҳамда соғлом иқтисодий ўсиш учун зарур шароитлар яратишга қодир.

  • в) Аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган ёки аҳолининг катта қисмини мусулмонлар ташкил қиладиган қатор давлатлар бор. Айни пайтда турли сабабларга кўра аҳоли томонидан, давлат даражасида ёки анъанавий банк ҳамжамияти доирасида ислом молиясига нисбатан нотўғри ёки нохолис фикр ва муносабат шаклланган. Бу эса соҳанинг жамиятдаги юқори бўлмаган аҳамияти, амалга татбиқ қилиниши, ривожланиши ва фойдаланиш даражаси пастлигининг асосий сабабларидан биридир.

Шу боис, халқаро ислом ташкилотлари, илмий ҳамжамият, таълим муассасалари, ислом банк-молия муассаса ва гуруҳлари ўзларининг тор миллий доирасидан ташқарига чиқиши ва ислом молиясини муваффақиятли жорий қилган давлатлар тажрибасини аҳоли ва миллий мувофиқлаштирувчи ташкилотлар, молия бозори иштирокчилари ва амалдорлар орасида кенг тарғиб қилиши ва шу орқали ислом молияси моҳиятини қабул қилиш ва тушуниб етиш даражасини ошириши зарур.

Ислом молияси жаҳон молия инқирозини нисбатан муваффақиятли тарзда енгиб ўтиб, ўзининг тизимли хатарларга нисбатан барқарорлигини, дунёвий ҳуқуқ муҳитида яшовчанлиги ва мослашувчанлигини исботлади ва умумий иқтисодий ўсишга сезиларли ҳисса қўшиб келмоқда. Бунда у, ўз диний эътиқодларига асосланган ҳолда ислом молиясига мурожаат қилаётганлар учун ҳам, бу тизим орқали ўз молиявий эҳтиёжларини янада тўлароқ қондиришни ният қилаётганлар учун ҳам имкониятлар тақдим этмоқда.

Яна бир муаммо – анъанавий банк ҳамжамияти молия бозоридаги ўз ҳиссасининг камайиши ва мижозларнинг оммавий равишда ислом банкларига ўтиб кетишидан хавотирланган ҳолда «ислом банк тизими таҳдидлари»ни бўрттириб кўрсатишидир. Ваҳоланки, ислом банк-молия тизими ривожланишининг сўнгги 30 йил давомидаги тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳаттоки ўз диний удум ва эътиқодларини сақлаб қолган мусулмон давлатларида ҳам молия соҳасининг асосий улуши анъанавий банк тизими ҳиссасига тўғри келмоқда. Мисол учун, Саудия Арабистонидан ташқари (у ерда иккала тизимнинг улуши тенг) бошқа Форс кўрфази давлатлари, Покистон, Бангладеш, Малайзия, Индонезия, Миср, Туркия ва бошқа мамлакатларни кўрадиган бўлсак, уларнинг барчасида ислом банк тизими кўп йиллардан буён жуда кичкина улуш билан қаноатланиб келмоқда. Шу билан бирга, айнан ислом банк тизими аҳолининг қўлида бўш турган катта миқдордаги пул маблағларини «тўшак тагидан» олиб чиқиб, реал иқтисодиётга жалб қилишга, шу орқали иқтисодиёт, тижорат ва аҳоли фаровонлигини сезиларли даражада фаоллаштиришга хизмат қилмоқда. Шундай экан, ҳар қандай ҳуқуқий тизим доирасида ва ҳар қандай шароитда ҳам ислом банклари иқтисодий фаоллашув ва ўсиш манбаси, ҳамда банк-молия соҳасида соғлом рақобатни таъминловчи муқобил тизим сифатида намоён бўла олади.

  • г) Ислом молияси бир қатор давлатларда муваффақиятли ишламоқда. Ўтган йиллар давомида «стартап» (яъни бошланғич даражадаги) шаклда ривожланган ислом молия тизими бугунги кунга келиб етарли даражада тажриба орттирди ва мана энди шу орттирилган тажриба билан бўлишиш учун халқаро миқёсга чиқиш вақти келди. Ислом банклари ва бутун соҳа вакиллари янги бозорларга (яъни ўз миллий чегараларидан ташқарига) дадил чиқиб бориши, бизнес ҳамкорликни ва «жануб-жануб» кўринишидаги (яъни ривожланаётган давлатлар ўртасидаги, масалан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) аъзолари ўртасидаги) халқаро савдони илгари суриши ва қўллаб-қувватлаши, ҳамда ислом банк-молия тизимини жорий қилаётган давлатларда тўлақонли ҳуқуқий/молиявий ислом инфратузилмасини яратиш бўйича маҳаллий мувофиқлаштирувчи ташкилотлар билан билан ҳамкорликни йўлга қўйиши мақсадга мувофиқ.

Ислом молияси соҳаси олдида турган бошқа қатор муаммоларни ҳам санаб ўтиш мумкин, негаки «мураккаблик ва муаммолар» ҳар қандай тизимга хос. Муаммоларни англаб етиш ва тан олиш самарали ечимлар топиш йўлида бошланғич нуқта ҳисобланади. Бу эса тизимнинг ўзи ва унинг барча «таркибий қисмларини» соғломлаштиради. Агар соҳа вакиллари юқорида айтиб ўтилган муаммоларнинг ҳеч бўлмаса бир қисмини ҳал қилишса ҳам, бу - тизимнинг ривожланиши ва юксалишида улкан қадам бўлар эди.

Мавзуга оид