Жамият | 14:55 / 20.08.2019
64585
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 3 миллиардга яқин пул сақланаётган банкни ўмаришга уринишди

Фото: KUN.UZ

Темир эшикни очишга мўлжалланган учи ўткир иккита темир жисм, катта миқдордаги пулни солиш учун махсус тайёрланган полиэтилен қоп, ошхона пичоғи ва махсус қўлқоп... Пайариқлик 24 ёшли Т.Д. ана шу нарсалар билан «қуролланиб» «Халқ банки» Пайариқ туман филиалини ўмармоқчи бўлди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман суди раиси Шуҳрат Шарипов Kun.uz`га хабар бермоқда.

Судда маълум бўлишича, Т.Д. банк ҳовлисига девордан ошиб тушган. Ўша куни банк хазинасида 655 миллион сўм, 263 минг АҚШ доллари ва 675 евро – жами 2 миллиард 900 миллион сўмга яқин маблағ бўлган.

Банк ҳовлисига тушган ўғри пуллар сақланадиган хона темир эшигини ўзи тайёрлаган махсус қуроллар билан очишга уринаётган бир вақтда бинода бўлган Пайариқ тумани ИИБ қўриқлаш бўлими ходими темир эшик овозини эшитиб, воқеа жойига етиб келган.

ИИб ходимини кўрган Т.Д. қочишга уринади. Уни қувиш вақтида ходим «Тўхта, отаман» деб огоҳлантирган. Аммо жиноятчи тўхтамагач, ҳавога қаратиб ўқ узган. Ўқ овозидан қўрқиб кетган Т.Д. тўхтаб, ерга ётган. Шу тарзда банк ўғирлиги олди олинган.

Пайариқ туман прокурори катта ёрдамчиси Абдуманнон Шералиевнинг Kun.uz`га маълум қилишича, банкни тунаш билан боғлиқ ўғирлик юртимизда камдан кам учрайдиган ҳодиса ҳисобланади. Судланувчи Т.Д. эса олдин ҳам ўғирликка қўл урган. У савдо дўкони ва фуқаролардан бирининг уйига шу мақсадда тушгани маълум бўлган. Т.Д. аввалги ўғирлик «операциялари» «муваффақиятли чиққач», банкни тунашга қарор қилган.

Суд «Халқ банки»нинг туман филлиалига ўғирлик қилиш мақсадида киришга уринган Т.Д.га 6 йил-у 6 ойлик қамоқ жазоси тайинлади.

Мавзуга оид