Хитойда Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди
19 август куни Хитой Халқ Республикаси пойтахтида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллик байрами ҳамда мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси янги биносининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, ХХР давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И ҳамда Хитойнинг сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар доиралари, Пекинда аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси, халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда ушбу мамлакат жамоатчилиги вакиллари ҳозир бўлдилар.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А.Комилов тантанали маросимни очар экан, “Давлатнинг ички ривожланишидаги узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси очиқ, ҳар томонлама вазмин, тинчликсевар ташқи сиёсат олиб бормоқда. Хитой билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишлардан биридир”, деди.
Ўз навбатида, Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақилликнинг 28 йиллик байрами билан самимий муборак этди. У Хитойнинг Ўзбекистон билан ўзаро муносабатлари ҳар томонлама стратегик шерик мамлакатлар сифатида йил сайин ривожланиб бораётганини тасдиқлайдиган яққол мисолларга алоҳида тўхталди. ХХР ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси янги биносининг очилиши хусусида тўхталиб, Ўзбекистон дипломатия ваколатхонаси бундан кейин ҳам икки мамлакат ўртасидаги дўстона, ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатлари ривожланишида муҳим кўприк вазифасини бажаришига ишонч билдирди.
Тадбирга тайёргарлик жараёнида элчихона ушбу маросимни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги билан яқин ҳамкорликда иш олиб боргани ўзининг ижобий натижасини берди. Миллий санъатимиз ва пазандачилигимиз, ўзбек халқ амалий санъати намояндаларидан иборат Фарғона вилояти вакилларининг тантанали маросимдаги фаол иштироки тадбир қатнашчиларининг алоҳида диққат марказида бўлди.
Маросим меҳмонлари фарғоналик қўли гул ҳунармандлар томонидан яратилган атлас, адрас сингари миллий матолар, кулолчилик маҳсулотлари, ранг-баранг санъат асарлари ва эсдалик буюмларидан иборат ўзбек халқ амалий санъати кўргазмаси билан танишишди. Айниқса, ўз дастгоҳи билан Фарғонадан келган ҳунарманд Абдулло Мирзааҳмедовнинг миллий услубда қўлда адрас тўқиш, кулол Бунёд Юнусовнинг сопол буюмларга нақш бериш бўйича ўтказган маҳорат дарслари хитойлик меҳмонларнинг эътиборига сазовор бўлди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон дипломатия ваколатхонасининг уч қаватли мазкур янги биноси фарғоналик усталар иштирокида миллий бунёдкорлик анъаналари ва замонавий меъморчилик ютуқлари асосида бунёд этилган. Ушбу иморат Пекин шаҳри марказидаги Чаоянг ишбилармонлик мавзесида АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Франция, Малайзия каби давлатларнинг элчихоналари билан ёнма-ён жойлашган.
Вилоят маданият бошқармаси раҳбари Баҳодир Султонов бошчилигидаги санъаткорлар тайёрлаб келган ўзбек халқ ашула ва рақсларидан иборат махсус маданий дастур намойиши эса тантанали маросимга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тантанали маросим иштирокчилари мамлакатимиз халқига хос ва мос бўлган меҳмондўстликдан, яъни байрам дастурхонига тортилган миллий таомлардан ҳам баҳраманд бўлдилар.
Шуҳрат Умиров,
“Дунё” АА мухбири
Пекин
Мавзуга оид
19:51 / 24.04.2023
Ўзбекистон экспортида Россия биринчи ўринга кўтарилди
15:51 / 24.04.2023
Ўзбекистон Хитойдан 2 млрд долларлик маҳсулотлар сотиб олди
13:48 / 23.04.2023
Хитойнинг Франциядаги элчиси Қрим статуси ва собиқ СССР давлатлари суверенитетини шубҳа остига олди
11:25 / 21.04.2023