Жамият | 18:52 / 05.09.2019
5666
6 дақиқада ўқилади

Оғуфуруш ҳамтовоқлар қонуний жазога маҳкум этилди

Фото: Екатерины Чесноковой / РИА Новости

Донишмандлар "бу ҳаётда энг кучли одам — нафсини жиловлаган одамдир", деб бежизга айтишмаган. Чунки нафсга берилиш кишини нафақат тўғри йўлдан адаштиради, балки оғир жиноий қилмишларни ҳам келтириб чиқаради.

Афсуски, бу ҳаётий ҳақиқатни ҳамма ҳам тўлиқ идрок эта олмайди. Ёки англаса ҳам, тан олгиси келмайди.  

Агар ургутлик Қобил Аҳатов, Ўктам Раҳматов ва тайлоқлик Сайфулла Шодиевлар ўз нафсини жиловлай олганида эди, қўшни республикада яшовчи Умид Ҳасановнинг нағмаларига учмаган бўларди. Энг аянчлиси, бу тўртовлоннинг "ҳамкорлиги" аср вабоси аталмиш гиёҳвандлик моддаси билан боғлиқ.

Ўшанда 2018 йилнинг август ойи эди. Умид Ҳасанов жиноий шериклари томонидан Ўзбекистонга қонунга хилоф равишда олиб келинган кўп миқдордаги — 20 грамм "опий" гиёҳвандлик воситасини олиб, Ургут тумани ҳудудига ўтказиб, Қ. Аҳа­товга сотади. Чунки Қобил Аҳатов муқаддам кўп миқдорда гиёҳвандлик воситасини сотгани учун судланган, қолаверса, ўзи ҳам бу заҳри қотилдан бот-бот "тортиб" турарди. У Умид Ҳасановдан сотиб олган гиёҳвандлик моддасини уйида сақлаган ва истеъмол қилиб турган. Орадан 4 ой ўтгач, У. Ҳасанов аввалгидан бир ярим баравар кўп­роқ, яъни 50 грамм "опий"­ни 500 минг сўм эвазига яна эски мижозга етказиб беради. Шу билан бирга, 1 грамм "опий"ни хонадонида қурилиш ишларини бажариб юрган Ўктам Раҳматовга 250 минг сўмга пуллайди. Ўз навбатида, Ўктам Раҳматов гиёҳванд­лик воситасини уйида сақлаб, истеъмол қилиб келади.

Буни қарангки, Умид Ҳасановнинг Сайфулла Шодиев билан амалга оширган олди-бердиси юқоридаги ишларидан анчагина "салмоқли" экан.

Аниқланишича, У. Ҳасанов ва С. Шодиевлар жорий йилнинг февраль ойида қўшни республикада яшовчи шахс­дан 5 кило 800 грамм "опий" гиёҳвандлик воситасининг ҳар бир килограммини 3 минг АҚШ доллари баҳосида сотиб олишади. Сўнгра уни Умиднинг хонадонида қадоқлаб, Сайфулланинг "Дамас" автомашинаси газ баллони ичига яширишади.

Шундан сўнг "товар"ни чегара божхона пости орқали божхона назоратидан яширган ҳолда олиб ўтиб, С. Шодиевнинг хонадонига яшириб қўйишади. Орадан кўп ўтмай Сайфулла "опий"нинг 1 килосини эски таниши А. Исломовга 4 200 АҚШ долларига, 1 800 граммини эса, Ургут ва Тайлоқ туманларидаги бошқа шахсларга сотади. Қолган 3 килограмини сотиш мақсадида сақлаб қўяди.

Улар 2019 йил 7 март куни яна қўшни давлатда яшовчи жиноий шерикларидан ҳар бир килограммини 3 минг АҚШ доллари баҳосида 10 килою 905,84 грамм "опий" ва 41,46 грамм "экстрак­ция­ли опий" гиёҳвандлик воситаларини сотиб олишади. Сўнг бу "юк"ни ҳам аввалги усулда мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтиб, С. Шодиевнинг сомонхонасига яшириб қўйишади.

Бу воқеадан бир кун аввал — 2019 йил 6 март куни Қобил Аҳатов Ўктам Раҳматовга 0,81 грамм "экстракция­ли опий" гиёҳвандлик воситасини 240 минг сўмга сотаётган пайтда ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланади. Шунда у айбига иқрор бўлиб, У. Ҳасановнинг жиноятларини фош этишга ёрдам беришини маълум қилади. Шу боис тезкор тадбир давом эттирилади.

Тезкор тадбир режасига кўра, Қо­бил Аҳатов 2019 йил 8 март куни Умидга қўнғироқ қилиб, гиёҳвандлик воситасидан 1 килограмм сотиб олмоқчи эканини айтади. Бундан қувониб кетган У. Ҳасанов "маҳсулот" нархини жуда ошириб юборади. Яъни "опий"нинг 1 килограммини 9 минг АҚШ долларига сотишини билдиради.

— Бир ярим кило юк қолган. Сиз ўзимизникисиз. Шунинг учун ҳозир бир килосига пул беринг. Қолган қарзингизни кейин узаверасиз, — дейди у.

Умид Ургут туманининг Мўғол маҳалласи ҳудудида 1 500 грамм гиёҳвандлик воситасини 13 500 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтда қўлга олинади. Эртаси куни эса, Сайфулланинг Тайлоқ тумани Тараққиёт маҳалласидаги уйи­да тинтув ўтказилганда республикамизга контрабанда йўли билан келтирилган 12 кило 404 грамм "опий" ва 41,46 грамм "экстракцияли опий" гиёҳвандлик воситалари топилади.

Шундан сўнг оғуфуруш ҳамтовоқларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жи­ноят иши қўзғатилди. Яқинда уш­бу жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносида ўтган суд мажлисида кўриб чиқилди ва айбдорларга нисбатан қонуний жазо тайинланди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Юқорида таъкидлаганимиздек, Қобил Аҳатов 2005 йилда Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилиб, шу кодекснинг 57-моддасига мувофиқ 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Бир ярим йилдан кейин эса, амнис­тия актига биноан ўталмай қолган жазодан озод этилган. Коллежда инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритган Қ. Аҳатов 62 ёшда.

Энди ҳақли савол туғилади: Қобил Аҳатовнинг муқаддам содир этган жиноятидан ўзига тегишли хулоса чиқармагани, ўзи таълим-тарбия берувчи касб соҳиби бўла туриб, жиноятга қўл ургани ёки фарзандлари тенги йигитларни жиноятдан қайтариш ўрнига уларга шерик бўлганини қандай тушуниш мумкин? "Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга соладур", деб шунга айтишса керак-да.

Талъатжон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди судьяси

Мавзуга оид