Жамият | 14:08 / 18.10.2019
33160
2 дақиқада ўқилади

ОТМда «юриспруденция» йўналиши бўйича таҳсил олиш имконияти оширилиши мумкин

Олий таълим муассасаларида “юриспруденция” таълим йўналиши бўйича таҳсил олиш имкониятини ошириш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида петиция жойлаштирилди.

“Ҳозирги кунда “юриспруденция” таълим йўналиши бўйича республикамизнинг 3 та олий таълим муассасаси (Тошкент давлат юридик университети, Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетлари)да ўқиш имконияти мавжуд”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Билдирилишича, уларда талабалар ҳозирда фақат кундузги таълим шаклида ўқитилмоқда. Шунингдек, юриспруденция йўналишида сиртқи таълим шаклида ўқитиш ҳеч жойда мавжуд эмас. 

“Мазкур йўналишни бошқа олий таълим муассасаларида (йўналишларига мос бўлган олий таълим муассасаларида) ҳам ташкил этиш масаласи ўрганиб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Олдинлари Ўзбекистон миллий университети, Фарғона, Наманган ва Самарқанд давлат университетларида юриспруденция таълим йўналиши мавжуд эди”, - дейилади петицияда. 

Таъкидланишича, ҳозирда кўпчилик ёшлар “юриспруденция” таълим йўналишида ўқиш ва олий маълумотга эга бўлишни истайди. Аҳолининг, жисмоний ва юридик шахсларнинг олий маълумотли, юқори малакали юридик кадрларга эҳтиёжи ҳам йил сайин ортмоқда.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда “юриспруденция” таълим йўналишини кундузги ва сиртқи таълим шаклларида республикамизнинг бошқа олий таълим муассасаларида ҳам очиш имкониятини яратишни таклиф қиламиз”, - дея якунланган мурожаат.

Мавзуга оид