Иқтисодиёт | 10:56 / 23.10.2019
65769
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан кўпроқ валюта олиб чиқишга рухсат берилди

Фото: AFP/ BAY ISMOYO

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Марказий банк хабар бермоқда.

Қонун Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини эркинлаштиришга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, янги таҳрирдаги қонун бир қатор меъёрлар ва механизмлар билан тўлдирилган бўлиб, унда валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилишнинг асосий тамойиллари белгиланди. 

Хусусан:

валютани тартибга солиш ҳамда валютани назорат қилиш тизимининг ягоналиги;

валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги;

резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги асосий тамойиллар сифатида белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, миллий валютанинг мавқеини кучайтириш мақсадида, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар миллий валютада ундирилиши, товар ва хизматлар учун нархлар ҳамда жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада ўрнатилиши қонун даражасида белгиланди.

Шу билан бирга:

валюта операцияларини амалга оширишда резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасидаги маблағларнинг эркин тасарруф этилиши;

валюта операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бир қатор рухсат бериш тартиботларининг бекор қилиниши;

ташқи савдо операциялари бўйича активларни Ўзбекистон Республикасига репатриация қилиш бўйича талаблар;

резидент жисмоний шахслар томонидан хорижда чекловларсиз ҳисобварақлар очишга рухсат берилиши;

жисмоний шахслар ўртасида носавдо валюта операциялари бўйича 100 млн. сўм эквивалентигача бўлган миқдордаги пул ўтказмалари амалга оширилиши мумкинлиги;

жисмоний шахслар томонидан 100 млн. сўм эквивалентидан ошмаган миқдордаги нақд пул маблағларини Ўзбекистон Республикасидан эркин олиб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Қонуннинг янги таҳририда валюта операцияларининг амалиётдаги мавжуд турлари қамраб олинди ҳамда қонунчиликдаги ҳавола қилувчи нормалар максимал даражада қисқартирилди ва мазкур қонун тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат бўлади.

Маълумот учун: 100 млн сўм ҳозирги вақтда 10 500 доллардан ортиқроқни ташкил этади.

Мавзуга оид