Иқтисодиёт | 17:37 / 29.10.2019
43241
6 дақиқада ўқилади

Халқимиз давлат қарзлари масаласида хавотирланишига асос йўқ – Молия вазири ўринбосари

Одилбек Исоқов

Ўзбекистоннинг давлат қарзи максимум меъёрлардан анча паст даражада. Халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистоннинг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳиятини юқори баҳолаган. Шу боисдан бу масалада хавотирга ўрин йўқ, деб баёнот берди Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов.

«Халқимизга ҳам, кредиторларга ҳам шуни айтмоқчиманки, бизда давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучли. Хавотирга асос йўқ», – деди Исоқов журналистлар билан суҳбатда.

Сешанба куни Молия вазирлиги ва Марказий банк вакиллари билан бўлиб ўтган давра суҳбатида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бўйича маълумот берилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовнинг маълум қилишича, 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 20,7 млрд долларни ташкил этган. Бундан 13,1 млрд доллари – давлат, 7,5 млрд доллари – хусусий секторнинг ташқи қарзи ҳисобланади.

«Хусусий секторга нефть, газ, электр энергияси, телеком, банклар – хуллас давлат тўламайдиган қарзлар, давлат сектори бўлмаган қарзлар киритилади», – дея аниқлик киритди Исоқов.

Манба: Ўзбекистон Молия вазирлиги

Унинг алоҳида таъкидлашича, 13,1 млрд долларнинг деярли ҳаммаси – бюджет дефицитини қоплаш учун эмас, балки инвестицион лойиҳалар учун ишлатилган қарзлардир.

«Ҳаттоки тўғридан-тўғри жалб қилинган қарздорлик ҳам бюджет дефицити учун эмас, балки маълум бир соҳалардаги инвестицион лойиҳаларга кейинчалик субсидиар қарз сифатида берилган кредитлар ҳисобланади», – деди Одилбек Исоқов.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг ташқи давлат қарзи ЯИМнинг 23,5 фоизига тенг. Айни пайтда, Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси тавсиясига кўра бу борадаги максимум кўрсаткич 55 фоизни ташкил этади.

Яъни Ўзбекистоннинг ташқи давлат қарзи халқаро молия ташкилотлари тавсия этган энг юқори нуқтадан икки баробарга кам.

Манба: Ўзбекистон Молия вазирлиги

«Ҳозирги қарз миқдори кўпми-камми, деган масалага келсак.

Ўрта муддатли давлат қарзини бошқариш стратегияси ишлаб чиқилди. Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси методологиясига кўра, давлат қарзи ЯИМнинг неча фоизигача Ўзбекистон учун хавфсиз, деган меъёрларни ишлаб чиқиш борасида ишлар олиб борилди.

Шу иккита ташкилотнинг таснифига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучли ҳисобланади. Яъни давлатнинг ҳозирги ташқи қарзи ЯИМнинг 23,5 фоизини ташкил қилади. Шу пайтгача консолидация қилинган бюджетда профицит бўлган, дефицит бўлмаган. Ҳозирги кутилаётган дефицит ҳам ЯИМга нисбатан олганда кам ҳисобланади», – деди Молия вазири ўринбосари.

Одилбек Исоқов Ўзбекистоннинг 27 млрд долларга тенг олтин-валюта захиралари борлиги, мамлакатда иқтисодиёт барқарор ўсишда давом этаётгани, бундан кейинги ўсиш прогнозлари ҳам халқаро ташкилотлар томонидан 5-7 фоиз атрофида деб прогноз қилинаётганини қўшимча қилиб ўтди.

«Шу омилларнинг ҳаммасини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучли деб баҳоланган. Бу дегани республиканинг қарзларини ўз вақтида тўлиқ тўлаш қобилияти юқори», – деб қайд этди у.

Молия вазирлиги расмийси таққослаш учун Аргентинани мисол сифатида келтирди.

«Айрим мамлакатлар бор. Масалан, Аргентина. Унинг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучсиз деб баҳоланади, чунки давлат қарзи ўта юқори. Имкониятлари паст. Бюджет дефицити жуда ҳам юқори. Қарз ва бошқа кўрсаткичларга нисбатан олтин-валюта захиралари паст», – дейди Одилбек Исоқов.

ЖБ ва ХВЖ тавсия этган меъёрларга тўхталар экан, вазир ўринбосари Ўзбекистон ташқи қарзларини максимум нуқтага етказиш режаси йўқлигини қўшимча қилди.

«2019 йилнинг 1-ярим йиллигида жами давлат ташқи қарзи – 23,5 фоиз. Тавсияга кўра – максимум 55 фоиз. 55 фоиздан оширмаслигимиз керак.

Жами давлат қарзи 1-ярим йилликда – 33,2 фоиз. Тавсияга кўра – 70 фоиз. Яъни бизда қарз олиш учун имкониятлар мавжуд. Лекин ҳукуматда [қарз олишни] 55 фоизга ёки 70 фоизга етказамиз, деган режалар йўқ» – деди Исоқов.

Манба: Ўзбекистон Молия вазирлиги

Унинг сўзларига кўра, ўрта муддатли қарзни бошқариш стратегияси ишлаб чиқилган ва унда давлат ташқи қарзининг меъёрлари белгиланган.

«2020 йил бюджети учун меъёрни қўйяпмиз. Қонун бўйича бундан кўп [қарз] олиш мумкин эмас. Бу – республиканинг тарихида биринчи марта бўляпти. Қонун парламент томонидан тасдиқланганидан кейин меъёр йилнинг охиригача эълон қилинади», – деб маълум қилди Одилбек Исоқов.

Билдирилишича, мазкур меъёрни ишлаб чиқишда 2030 йилгача бўлган иқтисодий ўсиш прогнози, инвестицион талаб, республика иқтисодиётининг айрим ташқи ва ички рискларга чидамлилиги, сўмнинг девальвацияси, Ўзбекистоннинг энг катта савдо ҳамкорлари – Россия, Қозоғистон, Хитой, Туркиядаги иқтисодий ўсиш ва валюта тебранишлари, уларнинг экспорт ва республика иқтисодиётига таъсири ўрганиб чиқилган.

Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда хавфсиз меъёрлар белгилаб олинган ва меъёрлардан анча паст миқдорда қанча қарз олиш мумкинлиги ҳисоблаб чиқилган. Бу кўрсаткич бюджет тўғрисидаги қонунга киритилади.

Мавзуга оид:
Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи МДҲнинг кўп давлатларига нисбатан кам – Одилбек Исоқов

Ўзбекистон қайси соҳаларни ривожлантириш учун четдан энг кўп қарз олгани маълум бўлди

Ярим триллион долларлик олтин-валюта захирасига эга давлатлар ҳам четдан қарз олади – Одилбек Исоқов

Мавзуга оид