Жамият | 13:44 / 02.11.2019
10228
2 дақиқада ўқилади

Контейнер сотиш баҳонасида фирибгарлик қилган шахс аниқланди

Иллюстратив фото

Бизнес бошлайман, тадбиркорлик қиламан дегувчилар учун асосий муаммолардан бири ер майдони ва хомашё маҳсулотини сақлаш учун омборхона зарурлиги сир эмас, деб ёзади «Постда» нашри. 

Бундай иншоотларни қуриш учун анчагина вақт ва маблағ талаб этилиши барчага маълум. Шунинг учун баъзи фуқаролар ишларини енгиллаштириш мақсадида шундай вазифани бажариши мумкин бўлган тайёр бино ёки иншоот ёхуд контейнер сотиб олиш орқали муаммоларига ечим топади.

Фуқароларнинг бундай муаммоларини яхшигина ўрганган Бухоро шаҳрида яшовчи О.Ҳ. жорий йилнинг август ойида когонлик С. Р.нинг ишончига кириб, унга Ромитан туманида яшовчи «Н.» исмли танишига тегишли бўлган 6 метрли 2 та кўчма контейнерни 1100 АҚШ долларига олиб беришни ваъда қилади. Бунинг учун ундан бўнак сифатида 250 АҚШ долларини олади. Қолган 850 АҚШ долларини контейнерларни айтган манзилига етказиб берганидан сўнг олишга келишади.

Орадан анча вақт ўтса-да, контейнерлардан дарак бўлавермагач, С.Р. алданганини тушуниб етади. Фуқаронинг ички ишлар органига қилган мурожаатидан сўнг ҳолат ўрганилди. О. Ҳ. пулларни шахсий манфаати йўлида ишлатиб юборгани ойдинлашди. Айни пайтда у яна бир нечта фуқарони ҳам шу тахлитда чув туширгани тахмин қилинмоқда.

Мавзуга оид