Жамият | 19:20 / 08.01.2020
137840
8 дақиқада ўқилади

Миришкорда «кўринмас одам!» — Помуқ қишлоғидан келган мурожаат изидан

Муаммони эътиборингизга ҳавола этишдан олдин бир ҳақиқатни тан олишимиз керак: Миришкордаги биз айтмоқчи бўлган бу ҳолатга фаолиятимизда биринчи марта дуч келяпмиз. Ҳатто миришкорликларнинг ёши катта фуқаролари ҳам умри давомида бундайин «дарди бедаво»га энди дуч келаётганини айтмоқда.

Таҳририятга бу туманнинг Помуқ қишлоғидан келган мурожаатда ёзилишича, ушбу ҳудуддаги бир нечта маҳаллада ғалати ишлар содир бўляпти. Одамлар ҳар тонг «бу сафар кимнинг уйини ўғри уриб кетди экан» деган ташвиш билан уйғонаётган экан... Ўғирлик тоқат қилиб бўлмас даражага етибди.

«Ҳимоясиз, бева, уйида эркаги йўқ хонадонларни-ку гапирмаса ҳам бўларди», дейилади мурожаатда.

Бугунги кунда бу каби хабарларга ишонмай қўйганмиз, албатта. Ахир, ўтган асрда ёки қонунсиз жамиятда яшамаяпмиз! Оммавий ўғирлик, қўрқув ва ҳадик ичида тонг оттирадиган замон ҳам эмас ҳозир.

Шундай ўй билан Миришкорнинг чекка қишлоғи – Помуққа йўл олдик.

Йўлимизда дуч келган илк одам билан суҳбатлашдик. Ажаб! У юқоридаги хабарни тасдиқлади ва тез орада жабрдийдаларни йиғиб бераман, дея маҳалла оралаб кетди. Дарҳақиқат, қишлоқ одамлари йиғилар экан, сўнгги икки-уч ой ичида кимнингдир моли, қўй-эчкиси, яна кимнингдир музлаткичи, кимнингдир рўзғор буюмлари ўғирланаётганини тасдиқлашди. Жой, вақт, одам, буюм танламас шоввозлар пайдо бўлганмиш.

Мисол учун, помуқлик Яхшимурод Муродовнинг икки бош эчкисини 27 декабрь куни ўғирлашган. Воқеа одатдагидек кечаси бўлгани учун уй эгалари ўғриликни сезмаган, қишлоқдан бир километр нарига олиб бориб, сўйиб, гўштини олиб кетишган. ИИБ маҳалла профилактика инспекторига мурожаат қилинган, аммо натижа бўлмаган. Яхшимурод яна ўнга яқин киши ўғрилик қурбонига айланганини айтмоқда. Уларнинг ҳам моллари топилмаган.

Йиғилганлардан бири шу яқин атрофдаги оиланинг ҳам икки қўчқорини декабрь ойи охирларида ўғирлаб кетишганини айтиб қолди. Ўша хонадонга бордик. Уй бекаси Дилбар Жуматурдиева билан суҳбатлашдик.

– Ўзи икки бош қўйим бор эди, ўғлимнинг тўйига деб боқаётгандик, шуни ҳам ўғирлаб кетишди, – дейди Д.Жуматурдиева. – 22 декабрда кечаси соат 02:00ларда итимиз ҳурди, чиқиб қарасак, оғил эшиги очиқ, қўйлар йўқ. Хайрият, молимизни олиб кетишмабди. ИИБга ариза берганмиз. Келиб расмга олиб кетишди, ҳозирча бирор янгилик бўлмади. Сўнгги икки-уч ойда бунақа воқеалар кўп бўляпти. Қўшнимизнинг ҳам икки қўйини ўғирлаб кетишди. Турмуш ўртоғи вафот этган, болаларининг ёлғиз қаровчиси. Анча қийналиб қоладиган бўлди...

Ўрганиш давомида билдикки, помуқликлар асосан чорва ортидан рўзғор тебратади.

Деҳқончилик, тадбиркорлик қилишга деярли имкон йўқ. Улар нафақат кечаси, балки кундузи ҳам чорвасини ёлғиз қолдирмасликка ўрганишяпти.

Суратдаги кишининг қўлидаги нарса нима деб ўйлайсиз? Бу — шу қишлоқда аҳоли кўнгилли равишда ташкил этган қўриқлаш отрядларининг иш қуроллари. Қишлоқда 13та қўриқлаш отряди ташкил этилган. Ҳар бир гуруҳ кечаси олтмиштадан уйни қўриқлаши лозим.

«73 ёшга кириб бундайин ҳолатни кўрмаганман»

Помуқлик Сафар бобо Эргашев ҳам фикрларини билдирди.

- Икки қўшнимнинг молларини бир кечада олиб кетишди. Бу ҳолат уч-тўрт кундан бери кузатилмаяпти. Қишлоғимиз йигитлари, эркаклар навбати билан кечаси тинмай кўчаларни айланиб чиқишяпти. Кетма-кет ўғирликлар. Атрофдаги маҳаллаларда ҳам кўп, ўзим эшитганим 15тагача хонадонга ўғри тушди. Мен билмаганим қанча... Бундай ҳолатни 73 ёшга кириб ҳали кўрмаган эдим. Ички ишлар ходимлари ҳам келяпти, лекин тополмаяпти.

Рўзимуҳаммад Эркаев, кўнгилли тунги қўриқчи:

- Кунига битта-иккита ўғирлик бўлаверди. Охири ўзимиз, 20 декабрдан бошлаб қишлоғимизни кечаси қўриқлашга қарор қилдик. Шунга мажбурмиз. 13та гуруҳга бўлинганмиз, тонг отгунча тинмаймиз. «Участкавой» ҳам, посбон ҳам тинмаяпти. Лекин ўғри ушлангани йўқ. Бунақа воқеа қишлоғимиз тарихида бўлмаган.

Миришкор тумани ҳокимлиги аҳолининг ўғирликлардан бу қадар азият чекаётганидан хабари борми?

Туман ҳокимлиги вакили Помуқда жами 4 марта ўғирлик ҳолати қайд этилгани, иккита ҳолатда ўғирланган моллар топиб берилгани ҳақида гапирди.

Мазкур жавоб шусиз ҳам қаторлашиб турган саволларни яна кўпайтирмоқда. Аввало, биз қишлоқда бирор киши йўқолган моли топилгани ҳақида айтганига гувоҳ бўлмадик. Кейинги тушунарсиз ҳолат —жами 4 марта ўғирлик бўлгани айтилгани. Ахир, уйига ўғри тушган фуқаролардан ўзимиз учрашиб, суҳбат қилганларимиз сони ҳам бундан кўп-ку?

Фуқаролардан бири моли йўқолгач, ариза бергани, аммо ички ишлар идораси фуқародан аризани қайтариб олишини сўрагани ва қайтариб олганини сўзлаб берди.

Унинг айтишича, ИИБ ходимлари «аризалар кўпайиб кетади» деб айтган экан. Аниқ изоҳ олиш мақсадида ҳокимлик вакили билан Миришкор туман ички ишлар бўлими 2-сонли ички ишлар бўлинмасига бордик.

Идора остонасида бир соатдан зиёдроқ вақт давомида профилактика инспекторлари ва жиноят қидирув бўлими ходимини топиб гаплашишга ҳаракат қилдик. Аммо бунинг имкони бўлмади.

ИИБ ходимлари изоҳ беришни истамадимикин? Яна бир гап: Миришкор туман ИИБ вилоят ИИБга ўша ҳудудда фақат битта ўғирлик содир бўлгани ҳақида маълумот берган кўринади. Чунки вилоят ички ишлар бошқармаси берган маълумотда фақат бир хонадонда содир бўлган ўғирлик баён этилган. Эҳтимол, тўлиқ маълумот энди берилар.

Дарвоқе, кейинги вақтларда маҳалла оқсоқоллари ҳам ўғирликдан жабр кўрганлардан аризани қайтариб олишни талаб қилаётган экан.

– 2019 йилнинг октябри охирларида иккита қўйимни қўрадан ўғирлаб кетишди, – дейди фуқаролардан бири. – Ўша вақтнинг ўзида ИИБга ариза бердим. Аммо ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси аризамни қайтариб олишимни МАСЛАҲАТ БЕРЯПТИ. Ўзи топилармиш.

Бу ҳолатни Абдулла Қаҳҳор кўрганда, «Ўғри» ҳикоясининг давомини ёзиши мумкин эди. Аминбойлар, Қобил боболар ўйлаб топилмаган...

Миришкорда нималар бўляпти?

Шунча воқеаларни кўргач, ҳар қандай одамда савол туғилади: Нималар бўляпти ўзи туманда!?

ИИБ фаолиятига баҳо бермасликни истасак-да, савол туғилади. Нега Помуқдаги бу жиноятлар очилмаяпти? Нега ҳеч ким йўқолган молимни топиб беришди, демаяпти? Нега тинчлик посбонлари эмас, одамларнинг ўзи кечаси қўлига калтак олиб, мол-ҳолини қўриқламоқда?

Хуллас, муболаға қилмаган ҳолда хулоса қилиш мумкинки, бугун помуқликлар ухламаяпти, чунки молидан хавотирда, тинчи бузилган. Ўғрилар эса йўқ, топилмаяпти. Ғалати бўлса-да беихтиёр шундай тахминга борасиз: Миришкорда ўғрилар ёки шу қадар замонавий, ҳар қандай изқувар ва замонавий технологияларни ҳам доғда қолдирадиган профессионал, ёки — «кўринмас одам»!

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбирлари.

Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи.

 

P/S: Ушбу мақола эълон қилиниши арафасида, Помуқдан хабар келди. Фуқаролардан бирининг айтишича, ўғрилар ушланган.

Қизиқ, уч ойлаб изи топилмаган «шоввозлар», ўрганишдан сўнг, мақола ёзилиш жараёнида, бир кунда топилибди... Нима бўлганда ҳам, агар бу ҳақиқат бўлса, афтидан ўрганишимиз помуқликларга хайрли келганга ўхшайди...

Мавзуга оид