Ўзбекистон | 20:29 / 14.01.2020
117833
2 дақиқада ўқилади

Дизайнер Наримон Григорян Тошкентдаги уйида ўлдириб кетилди

Таниқли дизайнер Наримон Григорян бугун, 14 январь куни Тошкентда ўлдириб кетилди. Бу ҳақдаги хабарларни Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Хаёт Шамсутдинов Kun.uz'га тасдиқлади.

Маълум бўлишича, марҳумнинг жасади у ижарада истиқомат қилиб келган Яшнобод тумани, Чигил кўчасидаги хонадоннинг меҳмонхонасидан қотиллик аломатлари билан топилган.

Тегишли хабар Яшнобод туман ИИО ФБМ навбатчилик қисмига соат 11:50лар атрофида келиб тушган. Туман прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган.

«Жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига олиниб, малакали терговчиларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади», – дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Наримон Григорян – Ўзбекистоннинг таниқли модельер ва кийим дизайнерларидан бири, Nariman Grigoryan бренди асосчиси. У 2018 йилда Vogue China журнали томонидан «Йил кашфиёти» номинациясида энг яхши дизайнер деб топилган.

Мавзуга оид