Мактабларда «Билимлар беллашуви» тўхтатилди. Вазирлик изоҳи ва ўқитувчи муносабати
2018-2019 ўқув йили «Билимлар беллашуви» танловининг фақат туман босқичлари ғолиблари вилоятларда тақдирланиб, лекин улар кейинги босқичда иштирок этишмаганди. 2019-2020 ўқув йилида эса танлов умуман ўтказилмади.
Kun.uz`га ўқитувчилардан мурожаат келиб тушди. Унда ўқитувчилар мактабларнинг 5-8 синф ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича анъанавий равишда ўтказиб келинадиган «Билимлар беллашуви» танловининг нега жорий йил ўтказилмагани билан қизиқишган.
«Бу танлов гарчи ўқувчилар учун алоҳида имтиёз бермаса-да, бироқ уларнинг кейинги йилларда фан олимпиадаларига тайёр бўлиб боришларига, билимини оширишга асос бўлиб хизмат қилаётганди. Унинг нима сабабдан тўхтатиб қўйилгани ва қайтадан ўтказилиши мумкинми ёки йўқ, аниқлашда ёрдам берсангиз», – дейилади мурожаатда.
Танлов жорий ўқув йилидан бошлаб тўхтатилди
Халқ таълими вазирлигидан аниқлик киритишларича, республикада 11 йиллик умумий ўрта таълимга ўтилиши кўрик-танлов ва фан олимпиадалари каби тадбирларнинг кўпайишига сабаб бўлган.
Шунинг учун ҳам ўқувчиларнинг ёш-психофизиологик ҳолатларини инобатга олиб «Билимлар беллашуви»нинг республика босқичи 2018 йилдан бекор қилинган.
Маълум бўлишича, 2018-2019 ўқув йили учун ўтказилган танловнинг туман босқичлари ғолиблари вилоятларда тақдирланган, лекин улар кейинги босқичда иштирок этишмаган. 2019-2020 ўқув йилида эса «Билимлар беллашуви» бутунлай тўхтатилган.
«Танловнинг дастлабки босқичларидан эътирозлар кўп бўлди...»
Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Анвар Умаровнинг айтишича, бунга ўтган ўқув йилида ўтказилган «Билимлар беллашуви» юзасидан ота-оналар, ўқувчи ва ўқитувчилар томонидан таклиф ва шикоятлар келиб тушгани сабаб бўлган. Кўпчилик танловнинг дастлабки босқичларини ўтказишда юзага келаётган турли камчиликлардан норози бўлган.
«Мазкур таклиф ва шикоятларни инобатга олган ҳолда «Билимлар беллашуви»ни янада адолатли ва шаффоф ташкил қилиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги танлов формати ва шартларини қайта кўриб чиқмоқда.
Халқ таълими вазирлиги танловнинг янги формати ва шартлари тасдиқланганидан кейин қўшимча маълумотни эълон қилади», – деди Анвар Умаров.
«Билимлар беллашуви» бир йилда 2,5 миллион нафар болани қамраб олган
2010-2011 ўқув йилидан бошлаб ўтказилаётган «Билимлар беллашуви» танловида ўқувчилар умумтаълим фанлари бўйича билимини тўрт босқичда (мактаб, туман, вилоят ва республика) қатнашиб келаётган эди.
Ҳар йили танловнинг мактаб босқичида ўртача 2,5 млн нафар, туман (шаҳар) босқичида ўртача 360 минг нафар, вилоят босқичида 9 минг 200 нафар, республика босқичида ўртача 500 нафар ўқувчи қамраб олинган.
«Танлов болаларнинг ўқишга мотивациясини ошириш учун керак...»
Сабина Худайқулова айни пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро муносабатлар йўналишида давлат гранти асосида ўқийди. У 2012, 2013 йилларда тарих фани бўйича «Билимлар беллашуви»да кетма-кет республика ғолиби бўлган.
«Мен энг аввал 5-синфда бу танловга қатнашганман. Мактаб босқичида 2-ўринни олганимдан кейин, ўшандаёқ бирор нарсага эришиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини сезганман. Ва кейинги йилларда кетма-кет 2 марта ғолиб бўлдим.
Шу танловга тайёргарлик кўриш орқали тарихга, сиёсатга, ҳуқуққа қизиқиб қолганман. Балки шунинг учун ҳозир шу йўналишда таҳсил оляпман. Бу танловда мен кейинги режаларимни тўғри қилишга эришганман», – дейди Сабина Худойқулова.
Унинг айтишича, «Билимлар беллашуви» оиласига иқтисодий жиҳатдан ҳам ёрдам берган. Чунки Сабина ўзи иштирок этган фандан кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш учун репетиторга ҳам бормаган.
«Ўқитувчилар фақат битта ўқувчи билан ишлайди, қолганлар эътибордан четда қолади, деб ўйлашади. Лекин менимча, ҳар битта синфдан битта болага қайсидир фан бўйича чуқур шуғулланишга имкон берилса, нимаси ёмон. Чунки ўқувчи бўлган инсон сифатида айтишим мумкинки, фақат дарслар орқали ўқувчини қизиқтириш қийин.
Бундан ташқари, бошқа фанлардан ҳам қатнашган тенгдошларим билан танишиш орқали ўша фанларга ҳам қизиқишим ошган. Бу билан бола биттагина фан билан чегараланиб қолади, деган фикрларни инкор қилмоқчиман», – дейди Сабина.
Ўқувчиларга билимларини синаб кўриши учун имкон бериш керак, деб ҳисобловчи Сабина Худойқулова ҳозир ўзи ўсган Навоий вилоятининг Нурота туманидаги қадимий қоятош ёзувлари бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда.
Бу бўйича қатор мақолалари халқаро нашрларда чоп этилган. Сайёҳларга вилоятдаги туристий объектларни осон топишга ёрдам берувчи «Navoi tourist map UZB» мобиль иловаси ва «Навоий туризм йўл харитаси» лойиҳаси учун Интеллектуал мулк агентлигидан гувоҳнома ҳам олган.
Сабина Худойқулова каби «Билимлар беллашуви» тарбиялаган ёшлар республикада кўп.
«Охирги пайтларда хатолар кўп кузатилаётганди...» – ўқитувчи
«Бир неча йиллардан буён бу танловда ўқувчиларим қатнашиб, яхши натижаларни қўлга киритиб келишади.
Бироқ охирги пайтларда унинг ўтказилиши билан боғлиқ камчиликлар кўп кузатилаётганди. Масалан, иштирок этувчилар ёзма ва амалий имтиҳондан ташқари, тест топшириқларини ҳам бажаришади. Лекин танлов низомига кўра, тестда хатолик учраса ҳам, аппеляция учун ариза ёзиш мумкин эмас. Негаки, тест топшириғи қайта кўриб чиқилмайди.
Бироқ охирги 2 йилда тестларда кўп хатолар чиқаётганди ва бу бўйича бир неча марта Халқ таълими вазирлигига ҳам мурожаат қилганман», – дейди Навоий шаҳридаги 11-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳожиакбар Жулиев.
Унинг айтишича, «Билимлар беллашуви»да қатнашган ўқувчиларининг кўпчилиги кейинчалик айнан ўша йўналишда яхши натижаларга эришганини кўп бора кузатган. Бироқ танловда кузатилган камчиликларни тузатиш ҳам, низомдаги айрим ўринларга қўшимчалар киритиш ҳам жуда муҳим.
Бу каби фикрларни ҳисобга олган ҳолда, Халқ таълими вазирлиги танловни янги форматда, яхшироқ вариантда тезроқ тақдим этади, деган умиддамиз.
Зилола Ғайбуллаева
Мавзуга оид
07:22 / 12.09.2022
ИИББ 142-мактабда ўқувчилар текширилгани бўйича изоҳ берди
16:39 / 08.09.2022
Навоийда эҳтиёжмандларга ажратилган ёрдам пуллари “туя” қилиняпти
18:48 / 15.10.2021
Икки кунлик рейдда мактаб ўқувчиларидан 338 нафари бозорларда ишлаётгани аниқланди
11:36 / 14.10.2021