Жамият | 20:30 / 26.02.2020
7628
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар 700 мингдан ошди — ССВ

Ва бу кўрсаткич сезиларли тарзда ошиб бормоқда, деб маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори Алишер Иноқов.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

26 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ва Халқ демократик партиясининг қуйи палатадаги қўшма йиғилишида Алишер Иноқовнинг «Ўзбекистон Республикасида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизмат аҳволи ва келгусидаги режалар тўғрисида»ги ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда айтилишича, жаҳонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони қарийб бир миллиардга етган.

«Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 700 мингдан ортди ва у сезиларли тарзда ўсиш тенденциясига эга», – дея Иноқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистонда соғлиғини ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига қараб, ногиронликнинг уч гуруҳи белгиланган. Агентлик директори ўз ҳисоботида ногиронлиги бор шахсларнинг гуруҳлар кесимидаги статистикасига тўхталмади.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда пенсионерлар сони 3,2 миллион нафардан зиёдни ташкил этмоқда.

Алишер Иноқов жаҳон аҳолиси ўртача ёши тобора ошиб бораётганига оид статистик рақамларни келтириб ўтди.

«Прогноз маълумотларига кўра, 2025 йилга келиб, 60 ёш ва ундан юқори бўлган инсонларнинг сони 1 млрд. 100 млн. нафарга етади.

Ривожланган давлатлар (АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония ва б.) аҳолисининг таркибида 60 ёш ва ундан юқори бўлган инсонларнинг улуши 25-30 фоизни ташкил қилиб, бу кўрсаткич сезиларли тарзда ўсиш тенденциясига эга.

Ўзбекистон Республикасида бу кўрсаткич охирги 10 йил давомида деярли 2 мартага ўсди ва республика аҳолисининг таркибида 60 ёш ва ундан юқори бўлган инсонларнинг улуши 10 фоизга етди», – деди ССВ ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори Алишер Иноқов.

Мавзуга оид