Ўзбекистон | 15:22 / 05.03.2020
38841
2 дақиқада ўқилади

Наманган шаҳри ҳокими янги ишга ўтмоқда

Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси сифатида давом эттиради.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига депутатлар томонидан тасдиқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев хабар берди.

«Абдураззоқов Шавкат Шокиржоновични Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига тасдиқлаш ҳақида Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди. Ушбу масала палатанинг ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

Ш. Абдураззоқов айни вақтга қадар Наманган шаҳар ҳокими вазифасида меҳнат қилмоқда эди.

Янги раҳбар раислигидаги соҳада назорат кучайтирилиб, асоссиз равишда дарахтлар кесилмаслигига умид қиламиз», дейилади хабарда.

Шавкатжон Абдураззоқов 2015-2017 йилларда Наманган туман ҳокими лавозимида ишлаган, 2017 йил февралида у Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимида иш бошлаган, 2017 йилнинг июлида эса Наманган шаҳрига ҳоким этиб тайинланганди.

  • Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига 2018 йилнинг май ойидан Баҳром Қўчқоров раислик қилиб келаётганди.

Мавзуга оид