Жамият | 18:17 / 14.03.2020
6340
3 дақиқада ўқилади

Темир йўлларда содир этилаётган жиноятлар: Самарқандда бу кўрсаткич 57 фоизга камайган

Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан ҳамкорликда ҳафтанинг чоршанба кунлари «Темир йўлларда хавфсиз кун» ва ҳар пайшанба ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни ўтказиб келмоқда.

Мазкур тадбирларида темир йўл ёқасида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари томонидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши, жумладан, бино ва иншоотларнинг ноэстетик кўринишини баратараф этиш, маиший чиқиндилар ташлаш, тан жароҳатлари олиш, бахтсиз ходисалар, ўз жонига қасд қилиш, вагон ойналарига тош отиб синдириш, темир йўл сигнализация ва алоқа воситаларига шикаст етказиш, темир йўлга бегона жисм қўйиш, темир йўлларда ташилаётган товар-моддий бойликларнинг талон-торож қилиниши каби ҳолатларга йўл қўймаслик ҳақида тарқатма материаллар, суҳбатлар, ҳужжатли фильмлар намойиш этиш йўли билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг шу кунига қадар жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида темир йўл атрофидаги ҳудудларда 133 маротаба профилактик учрашувлар ўтказилди. Шундан корхона-ташкилотларда 34 маротаба, таълим муассасаларида 51 маротаба, маҳаллаларда 48 маротабани ташкил қилган. «Бугунги кун таҳдиди», «Тафаккур эҳтиёжи», «Халқ мулкига тош отганлар», «Кўрнамак», «Гиёҳвандлик — аср вабоси», «Меҳр операцияси» номли ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.

«Самарқанд вилоятидан ўтган 305,6 км узунликда темир йўл Булунғур, Жомбой, Самарқанд, Паст Дарғом, Нуробод, Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон туманлари ва Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари ҳудудларидан ўтган.

Мазкур ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳудудий ИИБлари, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Uzbekistan airways» МАКнинг ҳудудий бўлимлари ҳамда Самарқанд транспорт прокуратураси билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, 2020 йилнинг ўтган дастлабки 2 ойи давомида содир этилган 9 та (2019 йилнинг шу даврида 19 та) жиноят содир этилганлиги аниқланди. Умумий жиноятчиликнинг 56,6 фоизга камайишига эришилди», — дейди Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда ХТБ ХПГ катта инспектори капитан Аброр Жўраев.

«Афросиёб» электропоезди ва бошқа йўловчи ва юк поездлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида рус тили ва лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида «Темир йўлда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича эслатма» флаерлари ишлаб чиқилиб, темир йўл атрофидаги 1150 та хонадонларга, шунингдек, корхона-ташкилотлар, таълим муассасаларига тарқатилди.

Мавзуга оид