Жамият | 11:25 / 18.03.2020
26262
6 дақиқада ўқилади

«Сирти ялтироқ, ичи қалтироқ». Андижон марказидаги янги уй нега тўлиқ битмаган?

Андижон шаҳрининг энг марказий кўчаларидан бири бўлмиш Алишер Навоий шоҳ кўчаси сўнгги йилларда янада чирой очди, кўркамлашди. Айниқса, кўчанинг икки ёқасига тушган замонавий архитектура ечимидаги кўп қаватли уйлар унга янада файз берди. Андижон шаҳрида Алишер Навоий кўчасидаги уйлардан квартира сотиб олишни ҳамма орзу қилади.

Айни пайтда кўчадаги олти қаватли 96-уйда истиқомат қилаётган фуқаролар яхши ниятлар билан кўп қаватли бинодан квартиралардан бирига эга бўлишган. 50та хонадон эгалари бундан уч йил олдин 2017 йили ўз квартираларини «коробка» ҳолатида сотиб олиб, таъмирлаб яшай бошлаган.

Бироқ, олти қаватли уйга хонадонлар тўлди, лекин подъездлар таъмири ва лифт ишлашидан ҳеч дарак бўлмади.

Мурожаат ортидан Андижон шаҳридаги 6 қаватли 96-уйга бориб, хонадон соҳиблари билан учрашдик.

«Кўп қаватли бу уйларга 2017 йилда кўчиб чиққанмиз. Лифт ишламасди. Қурувчилар қурилиш тугагач битмаган подъездларни қандай бўлса, шундай ҳолатда ташлаб кетишди. У вақтда ҳали кўпчилик кўчиб келмаганди.

2018 йилдан бошлаб қолганлар ҳам кўчиб келишди, лекин лифт ҳам, подъездлардаги ҳолат ҳам ҳануз ўзгаришсиз турибди. Мен-ку 70 ёшга кирдим. Кунда бир-икки марта чиқиб-тушиб, уй юмушларини эплаб турибман. Кампирим эса умуман чиқиб-туша олмайди. Аслида, лифти борлиги учун 6-қаватдан уй сотиб олган эдик», дейди Муҳаммаджон ота Мамарасулов.

«Тўғриси, чиқиб-тушиш жонга тегди. Кўчиб келган пайтимизда ота-онам ҳам бошида 2-3 ой зўрға чидашди. Ҳар кунда қайсидир юмуш билан чиқиб-тушавериб қийналиб кетишди. Уларни ҳовли уйга кўчиришга тўғри келди.

Мен ўзим оилам билан шу ерда бир йилдан ортиқ яшадим. Ёш болалар билан қийналар экансиз. Иложи йўқ, энди мен ҳам бошқа уйга кўчяпман», дейди Ғуломжон Хаджаев.

«Ўзбекчиликда янги машина, янги уй ва бирорта янги нарса сотиб олсангиз, катталардан дуо олинади. Лекин қайнота-қайнонам ҳали бирор марта янги уйимизга келишмади. Сабаби, 5-қаватда яшаймиз. Лифт ишламайди. Уларнинг ёшлари катта. Тепага чиққунча ҳансираб қолишади, қон босими кўтарилиб кетади.

Улар бизга не-не умидлар билан янги уй олиб беришган эди. Майли, лифтларинг ишга тушганда келармиз дейишганди, шунга ҳам мана уч йил бўлди. Лифт ҳануз ишлагани йўқ.

Уйнинг бошланғич тўловини тўлаётган пайтимизда лифт ишлашига кафолат беришганди. Бундан ташқари, қурувчи ташкилот подъездни битмаган ҳолатда ташлаб кетди. Бу аҳволда уйингизга меҳмон чақиришга ҳам уяласиз. Ўтган сафар меҳмонларимиз шаҳарнинг қоқ марказидаги уйлар шундай ҳолатдами деб ҳайрон бўлиб кетишди.

Қўшниларимиз билан уй-жой ширкатлар уюшмаси, шаҳар ҳокимлиги ва бир неча бор «POYTUG’ BARKAMOL QURILISH» корхонаси раҳбарига ҳам мурожаат қилдик. Шу пайтгача ҳеч қандай натижа бўлмади. Ҳолбуки, биз кредитни график бўйича ўз вақтида тўлаб келяпмиз», дейди Дилнозахон Тоипова.

Уйнинг қурилиши «POYTUG’ BARKAMOL QURILISH» хусусий корхонаси томонидан амалга оширилган экан.

Ҳақиқатан ҳам, бинонинг барча кириш жойидаги эшикларга зулфлар ўрнатилмаган. Подъездлардаги безак ишлари ҳам охирига етказилмаган. Лифт ўрнатилган, бироқ девор билан лифтнинг орасида бўшлиқ бор. Ёш болалар учун хавф туғдириши табиий.

Яна бир муаммоли ҳолат шундаки, 50 хонадон истиқомат қилаётган кўп қаватли уйнинг алоҳида чиқиндихонаси йўқ. Ёртўла ташландиқ ҳолда.

Шаҳар ҳокимлигида

Муаммо юзасидан изоҳ олиш учун Андижон шаҳар ҳокимлигида бўлдик.

Ҳокимлик биносида шаҳар ҳокими ёрдамчиси бу масалага қурилиш бўлими бош мутахассиси Абдулатиф Исламовдан изоҳ олишимиз мумкинлигини айтди.

«Ўтган йили Андижон шаҳрида кўп қаватли бинолардан мурожаатлар тушгани сабабли, октябрь ойида шаҳар ҳокими барча қурилиш ташкилотлари ва уй-жой ширкатлари раҳбарларига қурилишдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқ берган. Ўша куни барча қурилиш ташкилотлари раҳбарлари ваъда берган эди», деди Исламов.

У «POYTUG’ BARKAMOL QURILISH» хусусий корхонаси раҳбари билан телефон орқали боғланишга ҳаракат қилди. Лекин боғлана олмади.

Орадан бир кун ўтиб «POYTUG’ BARKAMOL QURILISH» раҳбари Собиржон Абдураҳимов билан телефон орқали суҳбатлашганимизда, бу масалага шундай изоҳ берди: «Тўғри, ҳозирги кунда лифт ишчи ҳолатда эмас. Сабаби, бу лифтни қабул қилиб оладиган ташкилот йўқ. Кеча худди шу масала бўйича ширкат раҳбари билан гаплашган эдим. Агарда шундай ташкилот бор бўлса, шу ташкилот лифтни синовдан ўтказиб, биздан қабул қилиб олиши керак.

Шунинг учун бу масала охирига етказилмай қоляпти. Агар қабул қилиб олишса, лифтнинг барча камчиликларини бартараф этиб, ишчи ҳолатда топшираман. Наврўз байрамигача йўлаклардаги камчиликларни бартараф қиламиз», дейди Собиржон Абдураҳимов.

Хулоса

Ҳар қандай турар жой комплекси битказилиб, эгаларига фойдаланиш учун берилишидан олдин албатта расмий равишда ҳудуд давлат комиссияси томонидан қабул қилинади. Бунинг учун турар жой қурилиш ва шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бериши лозим.

Алишер Навоий кўчасидаги олти қаватли 96-уйда уч йилдан бери хонадон эгалари лифтсиз ва қурилиши тугалланмаган йўлакларсиз яшаб келишмоқда. Юқори қаватлардаги хонадонларга меҳмон ҳам чақира олмай, кўчиб кетаётганлар бор.

Ўйлаймизки, Андижон шаҳар ҳокимлиги қурилиш масъуллари ушбу муаммоли ҳолатни ўрганиб, ижобий якун ясашади.

Сарварбек Назаров, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид