Жамият | 19:25 / 23.04.2020
13305
2 дақиқада ўқилади

Учкўприкда журналистга босим ўтказган ҳокимият ходими ишдан бўшатилди

Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги бозорда журналист Шарифахон Мадраҳимовага бозордаги ҳолатни тасвирга олишга тўсқинлик қилган ҳокимият вакили Шоҳжаҳон Мўйдинов туман ҳокими Акмал Маҳмудалиевнинг котиби экани маълум бўлди. У айни вақтда лавозимидан озод этилган.

21 апрель куни Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида «Маърифат» газетасининг вилоятдаги махсус мухбири Шарифахон Мадраҳимовага Учкўприк туман ҳокимлиги ва туман ИИБ ходимлари томонидан босим ўтказилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу куни Kun.uz сайтида Шарифа Мадраҳимова билан боғлиқ воқеа юзасидан батафсил маълумот берилди.

Учкўприк тумани ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, ҳокимликнинг журналистга босим қилиб, унинг фаолиятига тўсқинлик қилган ходими ишдан олинган.

«Маърифат» газетасининг Фарғона вилоятидаги мухбири Шарифа Мадраҳимова ва Учкўприк тумани ҳокимлиги ходими Шоҳжаҳон Мўйдинов билан боғлиқ ҳолат туман ҳокимлиги томонидан батафсил ўрганиб чиқилди.

Шоҳжаҳон Мўйдиновга нисбатан ички идоравий ўрганиш ўтказилиб, давлат идораларида ўрнатилган касб этикаси меъёрларини бузилгани тасдиқланди.

Шоҳжаҳон Мўйдинов Учкўприк тумани ҳокимининг котиби вазифасидан озод этилди ва ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Журналист Шарифа Мадраҳимова ва ҳокимлик ходими ўртасида юз берган ҳолат туман ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади ва қўшимча маълумот берилади», дейилади маълумотда.

Мавзуга оид