Ўзбекистон | 18:55 / 04.05.2020
17270
9 дақиқада ўқилади

Таълим, монополия, аёл сиёсатчилар ва Сингапур тажрибаси — Азиза Умарова билан суҳбат

«Биз калькуляторни қўлга олиб, ҳар бир соҳада монополиядан кўрилаётган зарарни ҳисоблаб чиқсак, тезда тўғри қарорлар қабул қила бошлаймиз».

Таълим сифати оширилишига нима тўсиқ бўляпти? Ўзбекистон монополиялар сабабли нималарни бой бермоқда? Жамиятнинг аёлларга муносабатида қандай хатолар бор? Биз Сингапур тажрибасидан нималарни ўрганишимиз мумкин?

Давлат бошқарувини модернизациялаш ва электрон ҳукумат масалалари бўйича мутахассис, Smartgov.consulting компанияси ижрочи директори Азиза Умарова Kun.uz мухбири билан суҳбатда шулар хусусида ўз мулоҳазаларини билдирди.

― Таълим сифатини ошириш ҳукумат олдидаги асосий масалалардан бири бўлиб турибди. Турли шакл ва кўринишда ўзгаришлар қилинаётган бўлса-да, ижобий силжиш сезилгани йўқ. Аксинча, муаммо чуқурлашган ҳолатлар ҳам бўлди...

― Чунки бизда академик эркинлик ва олий таълим автономияси йўқ. Агар университет хусусий бўлса, у бошқа олийгоҳлар билан рақобатлашади. Таълим дастури прогрессив ва қизиқарли бўлишига, энг яхши ўқитувчилар ишлашига ҳаракат қилади. Яхши китоблар, компьютерларга ресурс тикишга, талаба энг яхши билимларни олиши учун шароит қилишга имконият пайдо бўлади. Чунки рақобат бор.

Рақобат бўлмаса, барча олий таълим муассасалари давлатники бўлса... Уларда ҳисобдорлик юқори, доим қандайдир ҳужжатлар талаб қилинади. Ва улар ҳар қандай ҳолатда ҳам давлат ўзига пул беришини билади.

Дейлик, хусусий университет ва давлат университети. Улар давлат субсидиялари учун курашади. Давлат хусусий университетга пул беради ва менга бу йил 100 нафар кадр тайёрлаб берасан, дейди. Ва хусусий университет давлат учун талабаларни тайёрлаб беради. Чунки бу университетда иқтисодиёт бўйича яхши дастур бор. Нариги университетда эса тиббиёт дастури яхши. Балки хусусийдир, балки давлатники. Улар доим давлат молиялаштириши учун ўзаро рақобат олиб боришади.

Ана шунда давлат университетлари ҳам ўзгаришга мажбур бўлади. Бизда ҳеч қачон бундай бўлмаган. Сифатли таълим ҳақида ўйлар эканмиз, гап яна олий таълим тизимидаги монополияга, рақобатнинг йўқлигига бориб тақалади.

Авиация бўладими, олий таълимми, соғлиқни сақлашми ― ҳар қандай соҳада ҳам рақобат пайдо бўлса, сифат яхшиланади. Кучсизлар чекинади, кучлилар қолади. Кучлилар ўз хизматларини яхшилаш орқали ўзаро кураш олиб боради.

– Монополияларнинг иқтисодиётимизга зарари ҳақида қандай фикрдасиз?

– Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар сингари собиқ иттифоқ таркибидан чиққан. Совет иттифоқида давлат ҳамма нарсани қамраб олган эди. Жамоат ташкилотлари ҳам давлатники эди, ҳеч қандай бизнес бўлмаган. Иқтисодиётда ҳамма нарсани давлат назорат қиларди. Бундай тизимдан секинлик билан чекиняпмиз. Исталганидек тез бўлмаса ҳам, лекин ўзгаришлар бор.

Авиация соҳасида монополиянинг таъсирини кўриб чиқсак. Ўзбекистон ва Украина. Тошкентдаги аэропорт ва Киевдаги Бориспол аэропорти. 1991 йил. Тошкент аэропортида йилига тахминан 1,5 млн йўловчи ташилган. Киев аэропортида ҳам тахминан шунча.

2019 йилда эса Тошкент аэропорти 3,8 млн йўловчига хизмат кўрсатди, Бориспол – 15 млн. Икки давлатнинг ҳам аҳолиси 33-35 млн, иқтисодиёт даражаси ҳам қарийб тенг. Лекин фарқ катта: 3,8 млн ва 15 млн.

Чунки улар ўз осмонини очди, ислоҳотлар қилди, янги авиаташувчилар оқимини жалб қилди. Киевга, Украинага кўп одам кела бошлади, улар транзит ҳабга айланди. Биз эса буни йўқотдик.

Одамлар Тошкентдан учиш ўрнига Чимкент орқали учиб кетишади.

Йўқотиш кимда? Ўзбекистонда. Фарғона водийсида чегарадан ўтиб, Ўш орқали Россияга учиб кетишади. Тошкентдан эса Чимкент орқали чиқиб кетишга ҳаракат қилишади.

Биз калькуляторни қўлга олиб, ҳар бир соҳада монополиядан кўрилаётган зарарни ҳисоблаб чиқсак, тезда тўғри қарорлар қабул қила бошлаймиз. Рақамлар билан гапирмас эканмиз, ҳеч нарсани ўзгартира олмаймиз.

Мактаблар мисолини кўриб чиқсак. Тбилиси ва Тошкент. Тбилисида 1 млн аҳоли, Тошкентда 3 млн. Мактаблар сони эса деярли бир хил, 10-12та фарқ қилиши мумкин. Ваҳоланки бизда аҳоли сони 3 карра кўп, мактаблар эса жуда кам.

Чунки Тбилисида жон бошига молиялаштириш йўлга қўйилган. Давлат ҳар бир ўқувчи учун пул ажратади. Биз эса жон бошига молиялаштириш ислоҳотини қилмадик. 1991 йилда, 2000 йилда қанча пул ажратилган бўлса, ҳозир ҳам деярли шунча ажратилади.

― Ўзбекистон сиёсатида аёлларнинг роли суст эканини кўриш мумкин. Уларнинг бу нофаоллиги, сизнингча, кўпроқ нима билан боғлиқ: шахсий амбициянинг йўқлигими ёки тизимдаги сунъий тўсиқлар?

― Бунга сабаб – аввало, оилада қиз болага муносабат. Унга ҳеч ким бор, ўзингни кўрсат, демайди. Ҳамма эрга тегсанг, бўлди, дейди. Қизлар турмушга чиқиш, 2-3 нафар фарзандни дунёга келтиришни асосий вазифаси деб билади.

Бошқа томондан, шу фарзандларни бошқа собиқ совет давлатларида ҳам дунёга келтиришяпти. Қозоғистонда, Қирғизистонда, Озарбайжонда... Аммо, шу билан бирга, уларда аёл элчилар, кўплаб аёл вазирлар, аёл бош вазирлар, аёл бош прокурорлар бор. Улар ҳам турмушга чиқишади, фарзанд кўришади.

Мисол учун, Афғонистон. Афғонистонда ҳозирда 3 нафар аёл вазир, 5 нафар аёл элчи, 11 нафар аёл вазир ўринбосари бор. Хусусан, муҳофаза органларида ҳам аёллар ишлайди. Яқин вақтгача аёллар паранжида юрган, уйдан эркакларсиз чиқа олмаган давлатда шундай. Улар ҳаракат билан шундай натижага эришишди.

Бизда эса тескариси. Совет Ўзбекистонида Адлия вазири, Ижтимоий таъминот бўйича вазир аёл бўлган. Москвада, асосий ҳукумат олдида аёллар Ўзбекистон номидан муносиб иш юритишган. Биз ҳозир уларни йўқотдик.

Менимча, бир томондан маданият аёлларга катта таъсир кўрсатди. Қиз болага кичкиналигидан барчасига эриша олиши мумкинлиги уқтирилмади. Улар жуда паст марраларни кўзлашди.

Бошқа томондан, давлат ҳам қўллаб-қувватлаш кераклигини ёддан чиқарди. Доим кадрлар захираси бўлиши кераклиги унутилди.

Расмий маълумотларга асолансак, соғлиқни сақлаш ва таълим тизими кадрларининг тўртдан уч қисми аёллар. Аммо нега бизда соғлиқни сақлаш вазири аёл эмас? Нега соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари орасида аёл киши йўқ?

Ҳар бир соҳада ўқимишли аёл кадрлар учун квота бўлиши керак. Буни шунчаки «бажарилди» деган сўз учун эмас, чин маънода аёлларга имкон яратиш учун қилиш керак. Аёллар сиёсатда пайдо бўла бошлаши билан ёш авлод уларга қараб хулоса қила бошлайди, мен ҳам қила олишим мумкин экан, деб ўрнак олади. Ва бутун тизим ишлай бошлайди.

― Дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири Сингапур ҳаёти билан яқиндан танишсиз, у ерда фаолият олиб боргансиз. Осиёнинг кичкина давлати бўлган Сингапурнинг тараққиёт йўли Ўзбекистон учун тажриба бўла оладими? Биз улардан нимани ўрганишимиз мумкин?

― Сингапур табиий бойликларга эга эмас. Жуда ҳам кичкина давлат. У ҳеч қандай табиий бойликларсиз, инсон капиталини ривожлантириш, зиёли миллатни яратиш орқали иқтисодий ривожланишда етакчи бўлиш мумкинлигининг яққол мисоли.

Сингапурнинг менга ёқадиган жиҳати, улар таълимга катта эътибор қаратишади. Биринчидан, 70-йилларнинг охиридаёқ инглиз тили асосий тилга айланишини айтишган эди. Инглиз тилини билиш халққа асосий ахборот манбаларидан фойдалана олиш учун керак бўлди.

Иккинчидан, уларда мактаблар дастури жуда яхши. Концепцияда мактаблар фикрлайдиган одамларни тайёрлаши кераклиги белгиланган. Фикрловчи мактаб, фикрловчи миллат. Яъни замон билан бирга ўзгара оладиган, ҳар доим янги кўникма ва билимларни ўзлаштира оладиган ўқимишли инсонларни тайёрлаш керак.

Учинчидан, улар коррупцияни мутлақо йўқота олишди. Сингапурда бир йил яшаб, пора беришга ишора қилинадиган биронта ҳам ҳолатга дуч келганим йўқ. Ҳаммаси буткул шаффоф. Коррупция бўлмаган, ўқимишли, глобал маконда ахборот билан ишлай оладиган одамлари билан улар Осиёнинг молиявий марказига айлана олишди. Яъни бугун Сингапурда энг йирик банклар, суғурта компаниялари ишлайди. Стартаплар пайдо бўлади. Компаниялар ўзларининг штаб-квартираларини очишади. Бизнес юритиш тартиби жуда тушунарли. Ҳеч нарса бирданига ўзгармайди, ҳаммаси тушунарли, олдиндан баҳолаш мумкин. Бу Сингапурга одамларни жалб қилади. Ҳукуматга юқори ишончни пайдо қилади. Шунинг учун бу давлат бизга яхшигина намуна бўла олади.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Тасвирчи ― Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид