Ўзбекистон | 12:17 / 05.05.2020
34312
5 дақиқада ўқилади

Нега ўзбек жамиятида лавозим эгаларига нисбатан ишончсизлик юқори?

Kun.uz мухбири Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова билан «Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракати фаолияти борасида суҳбатлашди. Суҳбат давомида ўзбек жамиятидаги раҳбарларга ишончсизлик туйғуси ва унинг сабаблари борасида ҳам фикрлашилди.

 
Нега ўзбек жамиятида лавозим эгаларига нисбатан ишончсизлик юқори?

Нега ўзбек жамиятида лавозим эгаларига нисбатан ишончсизлик юқори? 👉 https://kun.uz/21136827

Posted by Kun.uz on Tuesday, May 5, 2020

«Бунинг сабаблари бир нечта. Асосий сабаблардан бири, фуқаролар биринчи тўсиқни ўзининг муаммосини ечишга, сўзини эшитишга масъул бўлган маҳаллий раҳбарлардан кўради. Улар одамларни эшитишга қизиқиш билдирмайди.Бу раҳбар лавозимидаги инсонни бирор-бир оилага кириб келаётганда ва аҳолига мурожаат қилаётгандаги муомаласидан яққол кўринади», – дейди кўп йиллардан буён раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаётган Элмира Боситхонова.

Вазир ўринбосарига кўра, баъзи раҳбарлар муомала маданияти ва ҳаттоки салом бериш ва саломга алик олиш одобини ҳам билмайди. 

«Мисол учун мен баъзи раҳбарлар фуқароларнинг берган саломига алик олмаганини ҳам кўрганман. Мана фуқароларнинг раҳбарга бўлган кескин ва салбий муносабати нимадан бошланади», – деди у.

Элмира Боситхонова / Фото: KUN.UZ

Фуқароларда раҳбарларга бўлган ишончнинг тушиши ва нафрат шаклланишида кейинги босқич раҳбарнинг фуқаро билдираётган муаммога эътиборсизлик ва ҳурматсизлик билан жавоб қайтаришида юз беради. Боситхонова кўп йиллар давомида илдиз отиб кетган шу каби ҳолатларни йўқотиш мақсадида президент Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқот тизимини йўлга қўйганини таъкидлади. 

«Президент ўз лавозимига киришганидан кейин халқ билан мулоқот тизимини йўлга қўйди. Бу тизимнинг асосий мағзи ҳокимлар ва бошқа лавозим эгаларининг кабинетда эмас, пастга тушиб халқ билан гаплашиши, уларни эшитиб, муаммоларини ҳал қилиши ҳисобланади. Аслида унинг вазифаси шу. Биз барча раҳбарлар, вазир ва вазир ўринбосарларининг аҳоли билан бироз энгашиб, у билан бир даражада ёки керак бўлса, ундан ҳам пастроқ тушиб гаплашиши жараёнларини кўрдик », – деди у.

Суҳбат давомида сайт мухбири бир неча йил аввал Японияда энергетика вазири билан бўлган воқеани эслади. Унга кўра, япон префектураларидан бирида ярим соат давомида электрда узилиш кузатилади. Барча техник муаммолар ечилганидан кейин энергетика вазири ўша ҳудуд аҳолисидан узр сўраб ярим соат давомида бош эгиб туради.

«Бу – раҳбардаги маънавий кучнинг белгиси. Биз ана шу нарсани ўрганишни бошладик, лекин минг афсуски, президент таъбири билан айтганда ҳали ҳам оёғи ердан узилган, валломатлар ҳали кўп», – деди Боситхонова.

Бу муаммоларнинг ечими қандай бўлади? Маънавий савияси юқори раҳбарларни тайёрлаш, уларни саралаш билан ким ва қайси орган бош қотириши керак? Вазир ўринбосарига берилган навбатдаги савол шу мазмунда бўлди.

«Албатта ўқувлар, ҳокимлар мактаблари бор. Вазир ва унга ўринбосар бўлишнинг ҳам кўплаб мезонлари бор. Бу мезонларни ўрганиш борасида кўплаб ўқув курслари, ўқув тузилмалари ва баъзи жойларда бошқарув маданияти, жамият билан ишлаш технологиялари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари ишлайди.Баъзи бир раҳбарлар ҳатто қонун улар учун ёзилмаган ва фақат оддий фуқароларгагина ишлайди, деб ҳисоблашади. Ана шу муаммоларни ҳал қилишда бутун давлат идоралари, бутун жамият бирга ишлаши керак», – деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари.

Боситхоновага кўра, айрим раҳбарларнинг маданиятини унинг аҳоли хонадонига кириб бораётгандаги кийинишидан ҳам билса бўлади. 

«Менга умуман ёқмайдиган бир ҳолат бор: биз жойлардаги раҳбарларга бирор ҳудуддаги аҳоли муаммосини ўрганишни айтсак, уларнинг айримлари буни ўша жойдаги оилалар шароитини ёзиб олиш ва бу шароитига айбдор, сабабчини топиш, деб тушунади.

Бу борада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимидаги барча раҳбарларга ҳам жойлардаги ҳар бир оиланинг тиббий, иқтисодий, маънавий, ижтимоий ҳолатига тўғри диагноз қўйиш ва унга ечим топиш вазифаси қўйилган. Биз ана шунга эриша олсак, одамларда раҳбарлар ва лавозим эгаларига нисбатан қарашлари ўзгаради», – дея суҳбатга якун ясади Элмира Боситхонова.

Мавзуга оид