Жамият | 18:30 / 17.06.2020
23774
21 дақиқада ўқилади

«Имконияти чекланган болалар ҳам Ўзбекистон фуқаролари» — инклюзив мусиқа таълими муаммолари ҳақида

Имконияти чекланган болалар таълимида ечимини кутаётган масалалар талайгина. Kun.uz мухбири кўпчиликка сезилмайдиган, аммо минглаб ватандошларимиз учун долзарблигича қолаётган мавзу юзасидан қатор мутахассислар ва депутатлар фикрлари билан қизиқди.

«Ногиронлиги бор шахслар учун таълим яшаш қуроли саналади»

Ойбек Исоқов, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси:

– 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйича расмий тарзда 710 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган. Уларнинг 101 минг нафари – 16 ёшгача бўлган имконияти чекланган болалардан иборат.

Бу болаларни таълимга қамраб олинишида камчиликлар бор. Масалан, таълим билан қамраб олинмаган, уйда ўтириб қолаётган имконияти чекланган болалар бор. Агар мактабларда инклюзив таълим билан қамраб олиш учун шароит яратилса, 101 минг имконияти чекланган болаларнинг 80 минг нафари бемалол мактабга бора олади.

Ҳозир «Таълим тўғрисида»ги қонун Сенат томонидан кўриб чиқиляпти. Қонуннинг 20-моддасида инклюзив таълим тўғрисидаги банд киритиляпти. Бироқ бу модда халқаро талабларга жавоб бермайди.

Моддада мактабларда ногирон болаларга шароит яратиб берилса, имконияти чекланган болалар у ерда таълим олишлари мумкинлиги айтилмоқда. Агар шароит яратилмаса-чи?

Шунинг учун биз бу борада ўз таклифларимизни ишлаб чиқдик ва Сенатга юбормоқчимиз. Унда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

Аввало, қонунда инклюзив таълим тушунчасини очиб бериш лозим. Сабаби бизда ҳозиргача бу тушунча аниқ очиб берилмаган.

Мактабларда инклюзив муҳит яратиш давлат томонидан мажбурий бўлиши керак. Ҳозирги қонунга кўра, мактабларда имкон бўлса, инклюзив таълим шароити яратилиши, имкон бўлмаса, яратилмаслиги мумкинлиги айтилган. Имконияти чекланган болалар ҳам Ўзбекистон фуқаролари, улар ҳам бошқалар қатори таълим олиш ҳуқуқига эга.

Болаларнинг сифатли таълим олиши жуда муҳим. 2019 йил ҳолатига кўра, 710 мингга яқин ногирон фуқароларнинг 609 минг нафари 16 ёшдан катталар ва уларнинг бор-йўғи 10 фоизи олий маълумотли ҳисобланади. Кўриниб турганидек, олий маълумотли ногирон фуқаролар жуда кам. Бироқ камбағалликни қисқартиришнинг асосий шартларидан бири – олий таълим бериш.

Бундан ташқари, ногиронлар учун таълим яшаш қуроли саналади. Уларда жисмоний меҳнат билан шуғулланиш имкони кам бўлади, шунинг учун сифатли таълим олиш ва олий маълумотли бўлиш орқали даромад топиш имконига эга бўлишади. Олий маълумоти бўлмаган ногиронлар кўп ҳолларда уйда ўтириб қолишади.

Айни пайтда, Ўзбекистон бўйича кам таъминланган фуқароларнинг 3 фоизи маҳаллалардаги кам таъминланганлар рўйхатида туради. Сабаби маҳалла мутасаддилари ногиронлиги бор шахснинг нафақа пулини ҳам даромад сифатида қайд этишади. Бироқ бу нафақа пули даромад эмас, ногиронлик учун тўланадиган компенсация ҳисобланади. Биз мана шуни ҳам тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Лекин умумий ҳисобда таълим олиш имконини ошириш орқали имконияти чекланган шахсларнинг келажагини яхшилаш имконига эга бўламиз.

«Олдинги вазир ваъда берганди, лекин амалга ошмади...»

Баҳодир Қурбонов, Мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси:

Имконияти чекланган болаларнинг кейинчалик соҳа танлаши чекланган. Уларга мусиқа ва санъат таълимини бериш орқали келажакда касб танлашига ёрдам бериш мумкин. Бундан ташқари, мусиқа таълими имконияти чекланган болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига ҳам таъсир кўрсатади.

Айтайлик, соғлом болалар кўрган нарсалари ҳақида тасаввурга эга бўла олса, кўзи ожиз бола мусиқа орқали тасаввур қилиш имконига эга бўлади. Санъат уларнинг мактабдаги ўқишларини яхши ўзлаштиришига ҳам ёрдам беради.

Бироқ имконияти чекланган, кўзи ожиз болаларнинг аксар қисмининг мусиқа тўловини амалга ошириш имкони чекланган, чунки уларнинг ота-оналари ҳам ногиронлиги бўлган шахслар ёки моддий жиҳатдан имконияти йўқ. Тошкент шаҳрида эса мусиқа мактаблари учун тўлов бошқа ҳудудларга қараганда анча қимматроқ: 177 минг сўм атрофида.

Шунинг учун болаларни тўловдан озод қилиш масаласида неча йиллардан бери турли ташкилотларга мурожаат қилиб келяпман.

Давлат раҳбарининг май ойида тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан имконияти чекланган болалар мусиқа мактабларининг тўлов пулидан озод қилинувчи 25 фоизлик имтиёзли квотага (авваллари фақат кам таъминланган оилалар фарзандларига бундай имкон берилган эди) киритилди.

Бироқ мен ишлаётган Тошкент шаҳридаги 17-сонли мусиқа ва санъат мактабида 280 нафар бола таълим олади. Уларнинг 133 нафарини кўзи ожиз болалар ташкил қилади. Демак, фақат кўзи ожиз ўқувчиларнинг ўзи 25 фоиздан анча юқори. Лекин имконияти чекланган ва кам таъминланган болаларнинг фақат 25 фоизигина тўлов пулидан озод қилиниши мумкин. Бунинг билан имконияти чекланган болаларнинг мусиқа таълимини олиш имкони чекланади.

Шунинг учун ногиронлиги бўлган болаларнинг мусиқа ва санъат мактабларида тўлиқ бепул тарзда таълим олиши масаласи кўриб чиқилиши лозим.

Бу бўйича собиқ Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев қарор ишлаб чиқилганини ва янги 2020 йилдан республикадаги кўзи ожиз болаларнинг барчаси бепул ўқишини эълон қилган ҳам эди. Бироқ бу қарор ҳақида айтилган маълумот тасдиқланмади ва ҳануз масала ечилмасдан қоляпти.

Ҳозир Маданият вазирлигига савол билан мурожаат қилганимда имконияти чекланган болаларни 100 фоиз тўловдан озод қилиш масаласи яна қайта кўрилаётгани айтилди. Бундай имтиёз берилиши билан давлат бюджетига катта юк тушмайди, аксинча, ҳозир ўқиётган болалар кейинчалик олган таълими асосида ишли бўлиб, давлатдан ёрдам сўраши эҳтимоли камаяди.

Бу борада яна бир муаммо борлигини биламан: имконияти чекланган болалар учун алоҳида дарсликлар зарур бўлади. Масалан, кўзи ожиз болаларга таълим бериш учун мен ҳам Брайль ёзувидаги ноталар билан ишлай оламан, яна бир қанча мутахассислар билан кўзи ожизлар учун дарсликлар ишлаб чиқишда ёрдам беришимиз мумкин. Фақат бу масалани чуқур ўйлаб кўриб, тўловдан озод қилиш масаласини ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш зарур.

Чунки имконияти чекланган болалар мусиқа таълимини олиш орқали келажакда ўзларини иш билан таъминлай олиши мумкин.

«Имконияти чекланган болалар таълимига инвестиция киритиш зарур»

Ойдин Абдуллаева, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати:

– Айни пайтда Қонунчилик палатасида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ўтказиляпти. Қонуннинг 36-38-моддалари имконияти чекланган шахслар таълимига бағишланган нормалардан иборат.

Ҳужжатда имконияти чекланган шахсларнинг умумий таълим, ўрта таълим, олий таълим, зарур ҳолларда эса ихтисослаштирилган ўрта таълим олиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.

Бундан ташқари, «Таълим тўғрисида»ги қонунда таълим турлари санаб ўтилган. Жумладан, мактабдан ташқари таълим ҳам қайд этилган бўлиб, у мусиқа ва санъат мактабларидаги, «Баркамол авлод» марказларидаги, турли тўгаракларидаги таълимни назарда тутади.

Кўп ҳолларда кўзи ожиз имконияти чекланган болаларнинг мусиқа ва санъат мактабларида ўқишга иштиёқи баланд бўлади. Чунки уларда эшитиш қобилияти яхши ривожланган, бундан ташқари, куйлашга ҳам истеъдодли бўлишади.

Мусиқа ва санъат мактабларида ўқиш эса пулли таълим ҳисобланади. Сабаби у ерда мусиқий чолғулар бор: рояль, фортепиано ёки турли Европа чолғулари. Булар турли чет давлатлардан келтирилади ва бу маълум сармояни талаб қилади. Шунинг учун мусиқа таълими азалдан пулли бўлиб келган ва буни тўғри тушуниш лозим.

Қўшни давлатлар тажрибасида ҳам, Ўзбекистонда ҳам мусиқа таълими пуллик. Лекин ҳозир кўзи ожиз болаларга мусиқа таълимини бепул қилиш борасидаги масала кўриб чиқиляпти.

Республика бўйича 500га яқин кўзи ожиз болалар мусиқа таълимини олишга қизиқишади. Шунинг учун биз уларнинг бепул мусиқа таълими олиши мумкинми, деган савол киритдик.

Айни пайтда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўрганиляпти. Қўмитага кўзи ожиз болаларни мусиқа таълими тўловидан озод қилиш масаласини ўрганиш ва ижобий ҳал қилиш мумкин ёки йўқлигини аниқлаш масаласи топширилган.

Бунинг учун ҳозир Тошкент бўйича кўзи ожиз болалар таълим олаётган мусиқа ва санъат мактабларини ўрганишни режалаштирганмиз. Сабаби Тошкентдаги мусиқа ва санъат мактабларининг ойлик тўлови бошқа вилоятларга солиштирганда анча қиммат ҳисобланади.

Давлат раҳбарининг яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан яқиндан мусиқа ва санъат мактабларида бепул таълим олувчи 25 фоизлик квотага кам таъминланган болалар билан биргаликда имконияти чекланган болаларга ҳам имтиёз белгилаш назарда тутилди. Бу имтиёз январь ойидан кучга кирган ва имконияти чекланган болалар ҳам ундан фойдаланиши мумкин.

Биз эса, албатта, имконияти чекланган болалар учун мусиқа таълимининг бепул бўлиши тарафдоримиз. Чунки бу келажакка киритиладиган инвестиция ҳисобланади. Агар ҳозир болалар яхши таълим олишса, улар учун олий таълимда махсус квота ажратилади ва у ерда грант асосида ўқиши мумкин. Бироқ санъат таълими мактабданоқ яхши берилган бўлиши керак. Бунинг билан улар келажакда олий таълимни ҳам тугатиб, ўзаларини ва оилаларини таъминлай оладиган шахсларга айланади. Албатта, бюджет билан боғлиқ ўзига хос масалалар бор. Бу борада балки ҳомий жалб қилиш ҳам зарурдир.

Лекин имконияти чекланган болаларнинг сифатли таълим олиш имконига эга бўлиши йиллар ўтиб, ўз натижасини кўрсатишини унутмаслигимиз зарур.

«Айни карантин шароитида тўлов масаласини ҳал қилиш доимгидан ҳам муҳим»

Феруза Муҳаммаджонова, «Миллий тикланиш» демократик партияси раис ўринбосари:

– Имконияти чекланган болаларни мусиқа тўловидан озод қилиш масаласи партиямиз томонидан бир неча марта кўтарилган. Уларнинг мусиқа таълими олиши кейинчалик ўзини ўзи таъминлаш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Шунинг учун биз уларнинг мусиқа мактаби тўловидан озод қилиниши тарафдоримиз. Яқинда Маданият вазирлиги томонидан имконияти чекланган болаларни мусиқа мактаби тўловидан озод қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. (Бундай лойиҳа ишлаб чиқилгани ҳақида вазирлик томонидан ўтган йили ҳам маълумот берилган эди – таҳр.)

Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир лойиҳа Молия вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда. Молия вазирлигига ҳам ўтган йили партиямиз бу борада савол билан мурожаат қилган.

Вазирлик масъуллари «Ота-оналар томонидан болаларнинг мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун ҳақ тўлаш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартириш киритиш лозимлиги, яъни низомда имконияти чекланган болаларнинг 100 фоиз тўловдан озод қилиниши кўрсатилиши лозимлигини айтишганди. Вазирлик берган жавобга кўра, агар низом ўзгарса, уларни тўловдан озод қилиш муаммо бўлмаслиги керак. Лекин муаммо қаерга бориб тақалаётгани ва ҳозиргача ҳал бўлмаётгани тушунарсиз.

Айни карантин шароитида бу масалани ҳал қилиш доимгидан ҳам муҳим. Чунки оилаларда кузатилиши мумкин бўлган иқтисодий қийинчиликлар имконияти чекланган болаларнинг мусиқа мактаби учун тўлов қилиш имконини янада пасайтириши мумкин. Шунинг учун барча масъул ташкилотлар, жумладан, Молия вазирлиги бу масалани фаол ўрганиб чиқиши лозим.

Яхши таълим олган болалар ўзини ўзи таъминлаш имконига эга бўлади ва келажакда кам таъминланганлар рўйхатида бўлиши эҳтимоли камаяди.

«Маошлар масаласи муаммо бўлиши мумкин»

Ҳамдам Ниёзов, «Миллий тикланиш» демократик партияси Ёшлар ишлари бўлим бошлиғи:

– Бизда бор маълумотларга кўра, тўловдан озод қилиш масаласига Молия вазирлиги эътироз билдиряпти. Чунки мусиқа ва санъат мактабларида дарс берувчи ўқитувчилар маоши мактаб ўқувчиларининг тўлов пулидан шакллантирилади. Ва агар имконияти чекланган болалар мусиқа таълими пулидан озод қилинса, ўқитувчиларнинг маоши қаердан молиялаштирилади?

2020 йил учун тасдиқланадиган давлат бюджети харажатлари тасдиқлаб бўлинган ва унда имконияти чекланган болаларнинг тўловдан озод қилиниши ва агар шундай бўлса, дарс берувчи муаллимларнинг маоши бюджетдан ажратилиши назарда тутилмаган. Шунинг ҳисобига, берилган маълумотларга кўра, Молия вазирлигида эътироз пайдо бўлмоқда.

Масалан, агар ўқитувчилар маошига йўналтириш учун қўшимча маблағ топилса, демак, болалар ҳам тўловдан озод қилиниши мумкин. Демак, масалани ҳал қилувчи асосий ташкилот Молия вазирлиги бўлиб қолмоқда.

«Тўлов пулидан бошқа каттароқ муаммолар ҳам юзага чиқади. Улар ҳақида ҳам жиддий ўйлаш керак»

Муҳаббат Муҳитдинова, Маданият вазирлиги Таълим муассасалари ва тармоқларини методик таъминлаш бошқармаси ходими:

– Айни пайтда республика бўйича жами 340 нафар (уларнинг 320 нафари кўзи ожиз болалар) имконияти чекланган болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олади.

Давлат раҳбарининг май ойида тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан имконияти чекланган болалар ҳам мусиқа мактабларининг тўлов пулидан озод қилинувчи 25 фоизлик квотага киритилди. Бунинг билан респулика бўйича мусиқа мактабларида таълим оладиган барча болалар 25 фоизлик квота асосида тўловдан озод қилинди. Бироқ фақат Тошкент шаҳридаги мусиқа мактабларида таълим олувчи 60 нафар ўқувчига мазкур квота етмади.

Эндиликда янги қарор лойиҳаси ҳам тайёрланяпти. Унга кўра, имконияти чекланган болаларнинг барчаси мусиқа мактаблари учун тўловдан 100 фоиз озод қилиниши кўзда тутилган. Қарор лойиҳаси тасдиқланмагунча, унинг билан қандай енгилликлар бўлиши ҳақида бирор нарса дея олмаймиз.

Бундан ташқари, олдимизда яна бир муаммо турибди: имконияти чекланган болаларнинг барчаси мусиқа ва санъат мактабларининг тўлов пулидан озод қилиниши билан таълим олиш хоҳишини билдирганлар сони ошади.

Ўз-ўзидан кадрлар муаммоси юзага келади. Давлат учун тўлов пулини бекор қилиш муаммо эмас, кадрлар масаласи эса ҳақиқатда яхшилаб ўйлаб кўришни тақазо қилади. Имконияти чекланган болалар таълими учун алоҳида дастурлар, ўқув режа, кадрлар бўлиши керак.

Масалан, кўзи ожиз боланинг қўлидан ушлаб мусиқа чалдириш мумкин, лекин унга профессионал таълим бериш учун кўп нарса талаб этилади. Ўқитувчилар Брайль ёзувидаги ноталар билан ишлай олиши керак. Бундай мутахассисларни тайёрлаш учун ҳам мутахассислар керак.

Имконияти чекланган мактабларда мусиқа ва санъат мактабларининг филиалларини очиш орқали Брайль ёзувини, имконияти чекланган болалар билан ишлаш усулларини ўргана оладиган кадрларни тайёрлашга босқичма-босқич эришиш мумкин.

Масалан, ҳозир Тошкент шаҳридаги 77-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда фаолият юритаётган 17-сонли мусиқа ва санъат мактабида ҳам ҳамма ўқитувчилар Брайль алифбосидаги ноталар билан профессионал даражада ишлай олмайди.

Имконияти чекланган болаларда бир эмас, бир нечта диагноздаги касалликлар бўлиши мумкин. Улар билан ўта эҳтиёткор бўлиб ишлаш лозим бўлади. Айтайлик, қайсидир болага хореография билан шуғулланиш шифокор томонидан тавсия қилиниши мумкин. Лекин қайсидир турдаги рақс боланинг ривожланишига ёрдам бериши, қайсидири акс таъсир қилиши мумкин. Бу ерда шифокор ва хореограф бирга ҳамкорликда ишлаши талаб этилади.

Аввало, болаларнинг соғлигига тўғри ёндашув, кейин уларнинг профессионал ўқитилиши масалалари ҳам эътибор қаратилиши лозим. Вазирликда бу масалалар устида ҳам муҳокамалар олиб бориляпти. Ҳозирга қадар бир нечта Брайль ёзувидаги мусиқа дарсликлари ишлаб чиқилиб, чоп этишга тайёр қилинди.

«Инклюзив таълим» концепцияси устида ишланяпти»

Сухроб Холиқов, Халқ таълими вазирлиги Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

– Республика бўйича 86та жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсони бор болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатлар мавжуд ва уларда 21 минг 153 нафар ўқувчи таълим олади. Бундан ташқари, 21 санаторий туридаги мактаб-интернатда 6 131 нафар ўқувчи ўқийди.

Узоқ муддат даволанишга эҳтиёжи бўлган, ногиронлиги бор уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар сони 13 272 нафарни ташкил этади. Яна 13 мингдан ортиқ имконияти чекланган болалар умумтаълим мактабларидан инклюзив тарзда таълим олишяпти.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослашган мактабларда мутахасссислиги бўйича дефектолог бўлган ўқитувчилар, тарбиячилар ёки дефектология бўйича қайта тайёрлашдан ўтган педагоглар фаолият юрита олади.

Инклюзив тарзда имконияти чекланган болаларга дарс ўтаётган болаларга таълим бериш учун ҳам дефектология мутахассислигига эга бўлиш лозим. Чунки ногирон бола билан ишлаш методикасига эга бўлмаган педагогнинг улар билан шуғулланиши қийин. Шунинг учун инклюзив тарзда дарс берадиган ўқитувчилар учун ҳам бундай талабларнинг ишлаб чиқилиши вазирлик томонидан режалаштирилган.

Бундан ташқари, ҳозир Халқ таълими вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда «Имконияти чекланган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасини тайёрлаган ва ҳужжат ҳукуматга киритилиш арафасида.

Қарор лойиҳаси имконияти чекланган болаларга таълим беришдаги камчиликларни бартараф этиш учун ишлаб чиқилган. Унда имконияти чекланган болалар таълим оладиган муассасалардаги моддий техника базасини такомиллаштириш, ўқитишда замонавий усулларни жорий этиш каби масалалар акс этган. Бундан ташқари, ихтисослаштирилган мактабларда 10-11-синф ўқувчиларига касб-ҳунар таълимини бериш, бундай муассасаларда қурилиш, таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Яна энг катта ўзгаришлардан бири – қарор билан Ўзбекистонда инклюзив таълимни жорий этиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган «Инклюзив таълим концепцияси» тасдиқланиши кўзда тутилган. Бунинг билан мамлакатда инклюзив таълимни жорий этиш учун ҳуқуқий асос яратилади.

Бундан ташқари, имконияти чекланган болаларнинг умумтаълим мактабларида бошқа тенгдошлари билан бирга ўқиши учун қулай шароит яратилади, моддий техник база мустаҳкамланади, болаларга таълим берадиган кадрлар салоҳиятига эътибор қаратилади.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослашган мактабларда замонавий ўқув лабораториялар ташкил қилиш, керакли техникалар билан таъминлаш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириб бориш масалалари ҳам инобатга олинади.

«Инклюзив таълим концепцияси»да барча таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун шароит яратиш, уларга тўсиқсиз муҳит ва интеграциялашган таълим шароити яратиш назарда тутилган.

Шунингдек, замонавий мактаблар қуриш бўйича ҳам алоҳида қарор тасдиқланган. Унга кўра, замонавий мактабларга қўйиладиган меъёрий талаблар доирасига имконияти чекланган болалар учун шароит яратиш ҳам лозимлиги қайд этилган.

Хулоса

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, имконияти чекланган болалар таълими билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш қийин бўлиши мумкин, лекин 100 мингдан ошиқ имконияти чекланган болалар ҳақида кам ўйлаш ҳам мумкин эмас.

Агар ногиронлиги бор болалар мусиқа мактаблари тўловидан озод қилинадиган бўлса, эҳтимол, уларнинг 5 фоизи мусиқа таълимини олишга хоҳиш билдиришлари мумкин. 100 мингдан ошиқ боланинг 5 фоизи мусиқа ва санъат мактабларида таълим олиши учун давлат қанча маблағ сарфлайди ва агар улар шу таълимни олиш орқали кейинчалик улар ўзларини таъминлаб, кам таъминланганлар рўйхатида бўлишмаса, қанча фойда қилинади? Ёки уларга дарс бера оладиган кадрлар тайёрлаш масаласи қандай ҳал қилинади?

Бу каби саволларга жавоб топиш, янги ўқув йили бошлангунга қадар ота-онаси тўлов қила олмаслиги эҳтимоли юқори бўлиб, мусиқа ва санъат мактабида ўқишини давом эттира олмаслик хавотири бор болаларга имкон бериш лозим.

Бу борада таълим ёшидаги имконияти чекланган болалар учун масъул Халқ таълими вазирлиги ва Маданият вазирлиги фаол бўлади, деган умиддамиз.

Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид