Карантиндаги кўмак туфайли туғилаётган саволлар: буларга йўл қўймаслик мумкинмиди?
Ниҳоят Ўзбекистонда ҳам пандемия даврида муҳтожларни қўллаб-қувватлаш учун кўп давлатлар қўллаган усул — аҳолига тўғридан тўғри пул тарқатишдан фойдаланилди. Аммо эзгу мақсадларга йўғрилган бу ташаббус айрим саволлар туғилишига сабаб бўлди.
Президент фармонига кўра, эҳтиёжманд оилаларга Қурбон ҳайити муносабати билан 200 млрд сўм, карантин даврида даромадсиз қолган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун эса 380 млрд сўм тарқатилиши режалаштирилганди. Ҳар икки турдаги моддий ёрдам нақд пул шаклида берилиши кўзда тутилган.
Албатта, бу оз пул эмас. Айниқса, иқтисодий мураккаб вазиятда қолган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ниҳоятда кутилган ва ўринли иш эди.
Аммо... ижтимоий тармоқларда оз пул бериб кўпига имзо қўйдириш, конвертда ёзилганидан кам маблағ чиққани ёки маҳалла раисларининг ҳудуд аҳолиси билан аёвсиз тортишаётганига оид лавҳалар пайдо бўлди.
Хўш, нега шундай? Нима учун яхши ниятда бошлаймиз-у, зарур чора ижросида нуқсон-у камчиликлар кўриниб қолади? Нега муҳим масала ечимида янгича, замонавий ёндашишга ҳаракат қилинмайди?
Бу борада айрим мулоҳазалар бор:
1. Аввало, бошиданоқ бу пулларга ҳақдорларнинг аниқ мезонлари эълон қилинмади ёки эълон қилинган мезонлар шу қадар мавҳум ва кенг қамровли эдики, жуда кўпчилик у пулларга даъво қилса бўларди. Умуман, шунча вақт ўтмоқдаки, ҳали ҳам камбағал тушунчани аниқ белгилаб ололмадик. Ҳамма ўзича талқин қилаверади.
2. Пуллар оилаларга турлича бўлиб берилиши ўзига яраша тенгсизликни келтириб чиқарди. Бошда эълон қилинганда, оиладаги бир кишига 220 минг сўмдан тарқатилиши билдирилганди. Аммо негадир телевидение орқали ҳаммага 1 млн сўмдан берилаётгани намойиш этила бошланди. Табиийки, нега 880 минг ёки 1,1 млн сўм эмас, айнан 1 млн сўм деб эълон қилиниши саволлар туғилишига сабаб бўлди. Қолаверса, қайсидир ҳудудда кимгадир 1 млн берилгани яшин тезлигида республиканинг у бурчагидан муҳтожга етиб боради ва у ҳам албатта шунча кутади. Энди ҳатто 900 минг сўм берилса ҳам унинг кўнгли тўлмайди ва бунга ҳаққи бор – у ҳам шу давлатнинг фуқароси, муҳтож.
3. Пулларнинг нақд пул шаклда берилгани хатоларнинг улкани бўлди. Инсон табиати кўриб турганига кўз олайтириши азалдан маълум. Нафақат кўриб, балки қўлидан ўтказиб бераётганида бир луқма юлиб олишнинг минг бир усулини ўйлаб топаверади. Маҳаллани умуман аралаштирмай, ҳар бир туман ўзидаги муҳтожлар рўйхати бўйича ҳар бир оиланинг пластик картасига тўғридан тўғри пул ташлаб беришига нима тўсқинлик қилгани энди жумбоқ бўлиб қолаверади.
Агар маҳалла институти орқали тарқатиш шу қадар муҳим экан, ҳар бир маҳалла эшигига кимга қанча миқдорда берилиши осиб қўйилиб, ўша пуллар пластик карталарга ташлаб берилганида бу қадар шубҳаларга ўрин қолмасди.
4. Шу пайтгача ҳам «бола пули», «ёрдам пули» кабиларни белгилашда обрўси хўб тўкилган маҳалла институти бу сафар ҳақиқий синовга дуч келди ва кутилганидек дарҳол панд берди.
Бир тарафдан тушуниш мумкин: муҳтожларни ҳеч ким уларчалик яхши билмас. Лекин айнан маҳалла норозиларнинг биринчи нишонига айланди. Чунки аҳоли уларнинг қўлидан пул олган экан, эътирозини ҳам табиийки шуларга билдиради. Албатта, бундай ҳақсизликларда, яъни муҳтожга аталганидан юлиб олишда фақат маҳаллани айблаш бориб турган соддалик бўларди. Туб илдизни қулоқнинг бошроғидан излайвериш керак.
5. Бешдан бир ҳолатда, яъни бундай тартибсизликнинг бир қисмида аҳолининг айрим тоифаларининг ҳам ҳиссаси бор. Доимий боқимандалар (яъни, бирор ишнинг бошини тутмаганлар, пандемияга қадар ҳам соппа-соғ бўлатурибам моддий ёрдам тама қилаверадиганлар), маҳалла билан келишиб, вақтинча муҳтож ролини ўйнаб, тушумни арра қилганлар ҳам бўлди, афсуски. Айниқса, тўпланиб олиб бақир-чақир қилганлар, бирор томонлама муҳтож кўринмайдиганларнинг ҳаракатлари жуда хунук кўринди.
Албатта, ажратилган маблағнинг мутлақ катта қисми ўз эгаларига етиб борди ва бу жуда яхши бўлди. Аммо озчиликка қилинган ноҳақлик кўпчиликнинг хурсандчилигини ювиб кетмоқда. Пандемия ҳали давом этади ва катта эҳтимол билан бундай чораларга яна қайтилади.
Шу боис, энди бундай хатоларни қайтармаслик учун ҳар бир ҳаракат ўрганиб чиқилиши, эҳтимолий оқибатлар, таваккалчилик келтириб чиқарадиган вазиятлар албатта таҳлил қилиниши керак.
Муҳими, эзгу мақсадлар яхшиликларга хизмат қилсин.
Аброр Зоҳидов.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламайди
Мавзуга оид
08:50 / 21.09.2024
«Очиқ бюджет» порталида «Маҳалла бюджети» бўлими ишга тушди
19:47 / 25.06.2024
Ҳовли уйлардан иборат маҳаллаларда сервис компаниялари ташкил этилади
08:59 / 27.05.2024
Ўзбекистонда “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси амалга оширилади
12:29 / 23.05.2024