Ўзбекистон | 01:01 / 20.08.2020
17322
2 дақиқада ўқилади

Россиялик шифокор: «Коронавируснинг иккинчи тўлқини енгилроқ кечиши тахмин қилинмоқда»

Коронавирусга қарши курашда ўзбекистонлик ҳамкасбларига ёрдам бериш учун келган россиялик шифокорларнинг бир гуруҳи Самарқандга ташриф буюрди. Уларни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қабул қилди.

Бир неча кун олдин Россиядан Ўзбекистонга жами 38 нафар турли йўналишдаги шифокорлар ташриф буюрди. Улар орасида анестезолог, реаниматолог, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар, эпидимиолог ва терапевтлар бор эди.

Россиялик шифокорлар бир нечта гуруҳга бўлинган ҳолда Тошкент, Термиз, Жиззах, Бухоро, Урганч ва Самарқандаги тиббиёт муассасаларида ўзбекистонлик шифокорлар билан тажриба алмашиб, беморларни даволаш ишларида иштирок этиши кўзда тутилган.

Россиялик мутахассисларнинг тўрт нафари Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди ва улар шаҳар шифохонаси, реабилитация маркази, тақсимлаш ва даволаш марказига бориб, самарқандлик шифокорларнинг иши билан танишди.

Самарқанд вилояти ҳокими билан учрашувда россиялик шифокорлар Самарқанддаги даволаш муассасалари ҳақида таассуротларини ўртоқлашишди.

«Самарқандда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун барча шароитлар қилинганига гувоҳ бўлдик. Тақсимлаш марказида бўлдик, у ерда комплекс тарзда даволаш ишлари йўлга қўйилгани энг тўғри қарор бўлган. Айниқса, марказлашган кислород етказиб бериш ускуналарининг ўрнатилиши жуда тўғри иш. Шифокорларнинг ишлаши ва дам олиши учун яхши шароитлар қилинганини кўрдик. Марказ фаолиятини ўрганиб, ўз маслаҳатларимизни ҳам бердик», дейди россиялик шифокор Риат Канцеров.

Вилоят ҳокими билан учрашувда россиялик шифокорлар коронавируснинг кузда бўлиши тахмин қилинаётган иккинчи тўлқини ва унинг олдини олиш учун зарур бўладиган ишларни ҳам муҳокама қилишди. Уларнинг фикрича, иккинчи тўлқин анча енгил тарзда ўтиши ҳам мумкин.

«Коронавируснинг иккинчи тўлқини анча енгил кечиши тахмин қилинмоқда. Қолаверса у билан кураш ҳам нисбатан осонроқ кечади. Чунки шифокорларнинг анча тажрибаси ошди», дейди Канцеров.

Россиялик шифокорлар Самарқандда бир ой давомида бўлиб, беморларни даволаш ишларида иштирок этишади. Учрашув сўнгида Эркинжон Турдимов ушбу оғир кунларда ёрдам бериш учун мамлакатимизга ташриф буюрган россиялик шифокорларга миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид