Ўзбекистон | 13:58 / 12.09.2020
4909
5 дақиқада ўқилади

Samarkand Half Marathon хайрия мусобақаси учун рўйхатга олиш бошланди

Хайриядан тушган пуллар аутизмга чалинганларнинг ҳаётини яхшилашга сарфланади.

1 ноябрь куни анъанавий Samarkand Half Marathon хайрия мусобақаси бошланади. Мусобақада иштирок этиш учун www.samarkandhalfmarathon.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.

Марафон ташкилотчилари бу  йил асосий эътиборини аутизм спектрининг бузилиши (АСД) билан касалланган инсонларнинг имкониятлари ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданият ва санъат объектларига кириш муаммосига қаратишмоқда. Тадбир доирасида аутизмга чалинган инсонлар учун инклюзив муҳитни яратиш ва уларнинг ижтимоий-маданий ва жамоат ҳаётига қўшилиш имкониятлари муҳокама қилинади. Samarkand Half Marathon яриммарафонидан тушган маблағлар аутизмга чалинган болалар учун Ўзбекистондаги мактаб-интернатларнинг бирида болалар ижодиёти студиясини яратишга сарфланиши режалаштирилган.

Пандемия шароитини инобатга олган ҳолда 2020 йилда ўтказилаётган Samarkand Half Marathon дастурининг спорт қисми икки хил шаклда – Самарқанддаги классик усулдаги югуриш мусобақаси ва Ўзбекистонга келиб иштирок эта олмайдиган спортчилар учун офлайн виртуал мусобақа ташкил этилиши кўзда тутилган. Яриммарафоннинг ушбу офлайн шакли ҳар бир иштирокчисига югуриш учун жой танлаш эркинлигини беради, шунингдек, мусобақа натижалари тўғрисидаги барча маълумотлар “Strava” иловаси ёрдамида қайд этиб борилади.

Шунингдек, дастурга скандинавча юриш мусобақаси ҳамда 12 ёшгача бўлган болажонлар учун алоҳида болалар пойгаси жадвали ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари, яриммарафон доирасида ўқув ва маданий дастурлар рақамли форматда ўтказилади. “National Autistic Society” (Буюк Британия) вакиллари аутизмга касаллигига чалинган болаларнинг ота-оналари учун онлайн веб-семинарлар ўтказилади ва Британия музейи мутахассислари ташаббуси билан ташкил этилган “Early Morning Explorers” лойиҳаси ҳақида батафсил ахборот берилади. "Дўстона муҳит" (Россия) лойиҳаси кўмагида бир қатор онлайн мунозаралар, веб-семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади. “The Beat Film Festival” кинофестивали билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган филмлар дастури веб-сайтимизда намойиш этилади.

Азиз Абдуҳакимов, Бош вазир ўринбосари, “Samarkand Half Marathon” яриммарафонининг ташкилий қўмитаси раиси:

– Ушбу марафон мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олади. Гарчи бу йил аниқ сабабларга кўра, кўплаб иштирокчиларимиз Самарқандга келиб, жисмонан иштирок этиш имконига эга бўлмасалар-да, дунёнинг турли бурчакларидаги инсонлар хайрия акциямизга қўшилишлари мумкин.

Саида Мирзиёева, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари:

– Самарқанд яриммарафони энг йирик хайрия лойиҳаларидан бири ҳисобланади, бу нафақат фаол турмуш тарзига амал қилишга, балки маданият ва санъат объектларида қулай муҳитни ривожлантириш каби долзарб муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратади. Барчамизнинг мақсадимиз битта – тўлиқ ижтимоий интеграцияни таъминлаш, мамлакатимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун тенг шарт-шароитларни яратиш. Бунинг учун биз бундай ташаббусларни фаол тарзда қўллаб-қувватлаб боришимиз ва бу каби тадбирларни имкон қадар Ўзбекистонда ўтказишга ҳаракат қилишимиз керак.

Мирхан Сагитов, Samarkand Half Marathon лойиҳаси куратори:

– Бу йил биз сизлар учун жуда кўп янгиликлар тайёрладик. Масалан, югуриш клублари ўртасидаги мусобақалар ва "Шаҳарлар аро мусобақалар". Иштирокчиларга вақт, жой ва масофани танлаш эркинлигини ўзларида қолдириш билан бирга, биз югурувчилар сони бўйича рекордларни янгилашга, шунингдек, иштирокчи мамлакатлар географиясини кенгайтиришга ва кенг миқёсда катта югуриш байрами муҳитини етказишга ҳаракат қиляпмиз. Яриммарафон туфайли югуришни яхши кўрувчи инсонлар сони тобора кўпаймоқда ва бу бизни югуриш мусобақаларининг янги турларини излашга ва тадбирларни энг юқори даражада ташкил этишга ундайди.

Мазкур хайрия мусобақаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ҳар йили Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилади. Мусобақа маданият ва санъат объектларидаги мавжуд инклюзив муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи ва спорт туризмини ривожлантириш масалаларини ҳал қилишга ёрдам беради.

2019 йилда ўтказилган ярим марафон маданият муассасаларини кўриш имконияти чекланган учун мослаштириш тадбирларига қаратилган эди.

Мавзуга оид