Жаҳон | 21:21 / 21.09.2020
6407
2 дақиқада ўқилади

БМТ 75 йиллик фаолияти давомида эришган бош ютуғи маълум қилинди 

БМТ ўзининг 75 йиллик тарихи давомида асосий мақсадига эришди: халқаро ташкилот Учинчи жаҳон урушига йўл қўймади. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ташкилотнинг 75 йиллик юбилейига бағишланган тантанали маросимда айтиб ўтди.

Фото: EPA

“Дунё етакчилари халқаро ҳамкорликка ва қонун устуворлигига келишлари учун иккита жаҳон уруши ва Холокост даҳшатлари керак бўлди. Бу ҳамкорлик ўз натижасини берди: кўпчилик юз беришидан қўрқадиган Учинчи жаҳон урушининг олди олинди”, деб айтган бош котиб.

Гутерришнинг таъкидлашича, шу вақт давомида замонавий тарихда йирик давлатлар ўртасида ҳарбий қарама-қаршиликсиз ўтган бундай узоқ давр бўлмаган. 

“Бу асосий ютуғимиздир, БМТга аъзо давлатлар бу билан фахрланишлари ва бу натижа сақланиб қолиши керак”, деб қўшимча қилган БМТ раҳбари. Бироқ унинг таъкидлашича, ҳали кўп нарса қилиш лозим. 

Гутерриш дунёнинг асосий муаммолари қаторида гендер тенгсизлиги, иқлим ўзгаришлари, ночорлик даражасининг ўсиши, адоват ёйилиши, геосиёсий кескинлик ва ядро қуролини айтиб ўтган.

БМТ дунёда тинчликни ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, миллатлар орасида тенгҳуқуқлик асосида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида тузилган. Унинг низоми 1945 йил 24 октябрда кучга кирган. Бугунда ташкилотга 193 давлат аъзо ҳисобланади.

Мавзуга оид