Жамият | 16:07 / 23.09.2020
3355
2 дақиқада ўқилади

Қийин аҳволдаги аёллар учун уй-жойлар ажратилиши тўхтатилмаган - вазирлик

Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева АОКАда ўтказилган брифингда карантин сабабли қийин аҳволдаги аёлларга уй-жойлар ажратилиши тўхтатилгани ҳақида саволга жавоб қайтарилди.

«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 168-бандига асосан ҳар йили 1576та арзон уй-жой берилиши режалаштирилган.

Карантин муносабати билан бу уй-жойлар берилиши тўхтатилгани ҳақидаги фикрлар нотўғри.

Давлат дастурининг 204-бандига мувофиқ, бугунги кунга қадар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарни уй-жой билан таъминлаш учун Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш Давлат мақсадли жамғармаси томонидан 852 нафар хотин-қизларга 10 фоиз бошланғич бадал - 14 млрд 563 млн 113 минг сўм тўлаб берилди», деди вазирлик матбуот котиби.

Шунингдек, Жазони ижро этиш муассасасидан қайтганларга маҳалла томонидан қандай ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган хотин-қизлар фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари томонидан бир йил мобайнида профилактик ҳисобга олиниб, ҳамкорликда якка тартибдаги профилактик ишлар амалга оширилади.

Ҳозирги вақтда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган 492 нафар хотин-қизларнинг оилавий шароитлари, турмуш даражаси ўрганилиб, улардан 15 нафарида фуқаролик паспортлари бўйича, 5 нафарида уй-жой масаласида муаммолари борлиги аниқланган.

Уларнинг 6 нафарини фуқаролик паспорти билан, 3 нафарини эса уй-жой билан таъминлашда кўмак кўрсатилди. Қолган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ишлари давом этмоқда», деди вазирлик вакили.

Мавзуга оид