Ўзбекистон | 19:58 / 26.09.2020
13342
3 дақиқада ўқилади

Прокуратура органлари ходимларига “Меҳр - саховат” кўкрак нишонлари топширилди

264 нафар прокуратура ходимлари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таъсис этилган “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақида Бош прокуратуранинг ҳуқуқий ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Х.Шамсутдинов маълум қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшган, жамиятимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашда фаол иштирок этишда ўрнак бўлаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилган эди.

Бош прокуратурада бўлиб ўтган видеоконференцалоқа тарзидаги тантанали тадбирда прокуратура органларининг ушбу кўкрак нишонига сазовор бўлган бир гуруҳ ходимларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Тадбирда қайд этилганидек, дунёда ҳеч бир халқ ёки миллат ҳаёт синовларидан, тақдирнинг кутилмаган зарбаларидан холи эмас.

Нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида ҳам нисбатан серталофат кечаётган жорий йилда халқимиз кўплаб оғир синовларни бошидан ўтказмоқда.

Айниқса, жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси, Сардоба ва Бухорода рўй берган офатлар, улар оқибатида келиб чиққан иқтисодий, ижтимоий ва бошқа қийинчиликлар матонатли халқимизни яна бир бор имтиҳондан ўтказди, унинг иродасини тоблади.

Давлатимиз раҳбари томонидан бу офатларнинг оқибатларини бартараф этиш ва уларнинг таъсирини юмшатишга қаратилган ташаббусларнинг ўз вақтида илгари сурилгани тарихий аҳамият касб этмоқда.

Зотан, синовли дамлар давлат ва халқни энг олий мақсадлар йўлида янада жипслаштирди.

Ўзбекистон бутун дунёга ҳар қандай шароитда ҳам давлат ва халқ ҳамжиҳатлигининг ёрқин намунасини яна бир бор кўрсата олди.

Мамлакатимиздаги бирдамлик ва энг асосийси, давлат томонидан оқилона сиёсатнинг тўғри юритилгани бутун жамиятнинг мураккаб жараёнлардан кам талофат билан ўтиб олишига, халқимиз турмуш даражасининг барқарорлиги сақланишига замин яратмоқда.

Кенг кўламда амалга оширилаётган тегишли чора-тадбирларнинг самарали рўёбга чиқарилишида прокуратура органларининг ҳам ҳиссаси бор.

Жумладан, прокуратура органлари томонидан пандемия сабабли аҳолининг мураккаб аҳволга тушиб қолган қатламларига 5,2 млрд. сўм бевосита йўналтирилди,  Сардобадаги  офатдан  жабр кўрганларга 2,8 млрд. сўмлик  моддий ёрдам кўрсатилди. 

“Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига эса 5,9 млрд. сўмлик ҳомийлик маблағи ўтказилди.

Бундан ташқари, прокурорлар секторлари томонидан 149 мингдан зиёд эҳтиёжманд оиланинг 55 мингга яқини тегишли рўйхатдан, яъни, камбағалликдан чиқарилди.

Айни пайтда синовли кунларда оғир иқтисодий-ижтимоий аҳволга тушиб қолганларга хайрия ва саховат маблағларини манзилли етказиш, беғараз ҳомийлик ишларига  кенг  жамоатчиликни  жалб  этиш  бўйича прокуратура органлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, дейилди хабарда.

Мавзуга оид