Жаҳон | 09:08 / 01.10.2020
22963
2 дақиқада ўқилади

Британиялик таниқли жарроҳ уйида минглаб одам суяклари топилди

Фото: The Independent

Сиёсатчилар, спортчилар ва таниқли шахсларни даволаган британиялик таниқли жарроҳ Дерек Макминн яширинча тарзда одам суякларини йиғиш билан шуғулланган. Макминн бу “хоббиси”ни пенсияда ақл теранлигини сақлаб қолиш учун суякларни ўрганмоқчи бўлгани билан тушунтирган.

Шифокор ўз “коллекцияси”ни 1990-йиллар бошидан тўплаб келган. У тос-сон бўғимларини протезлаш вақтида беморлардан олинган суякларни уларнинг рухсатисиз йиғиб келган. Шифокор ишлаган Бирмингемдаги шифохона ходимлари Макминнинг ноодатий хоббисидан хабардор бўлишган ва ҳаттоки унга бунда кўмак кўрсатишган. Улардан баъзилари олиб ташланган суякларни махсус идишларга жойлаштиришда ёрдам берган. Сўнгра бу идишларни жарроҳнинг ёрдамчилари олиб кетган.

Макминн 2019 йилда ўзининг “қизиқиши” ҳақида шифохона раҳбариятини воқиф қилган. Шифохона ходимларининг таъкидлашича, ўшанда буни овоза қилмасликка қарор қилинган, чунки Макминн шифохонага катта даромад келтирган.

Полиция шифокорга нисбатан тергов бошлади. Макминнда инсон аъзоларини сақлаш учун расмий рухсатнома бўлмагани сабабли у инсон тўқималари ҳақидаги қонунни бузишда гумон қилинмоқда.

Мавзуга оид