Жаҳон | 11:44 / 21.10.2020
4998
2 дақиқада ўқилади

Трамп CBS’га берган интервьюсини эфиргача эълон қилиш билан пўписа қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп CBS телеканалининг 60 Minutes дастурига бераётган интервьюсини бирданига барвақт тўхтатиб, журналистларда етарлича материал борлигини айтган. Кейинроқ у интервьюни эфиргача эълон қилиш билан пўписа қилган.

Трамп Оқ уйдаги интервью  ёзишилиши бошлангандан 45 дақиқа ўтиб бирданига тўхтатган ва бошловчига дастурда етарлича материал борлигини айтган.

АҚШ президентининг бундай қилишига нима сабаб бўлгани маълум қилинмаган.

Кейинроқ Трамп Twitter’да ундан интервью олган телебошловчи Лесли Шталь видеосини жойлаштириб, унинг ниқобда бўлмаганини айтган. Сўнгра АҚШ президенти интервьюни эфирга берилгунгача эълон қилиши ва шу тариқа “фейклар”ни фош қилиши билан пўписа қилган.

“Сизларга шуни айтишдан хурсандманки, аниқлик учун Лесли Шталь билан интервьюни эфиргача эълон қилиш имконини кўриб чиқмоқдаман! Бу ҳар бир кишининг  қанчалик сохта ва нохолис интервью бўлгани ҳақида тасаввур ҳосил қилиши учун қилинади. Барча бу даҳшатли сайловолди аралашувини уйқусираган Жо Байденнинг яқинда берган интервьюси билан солиштириши керак!”, деб ёзган Трамп твиттерда.

60 Minutes дастурининг Трамп иштирокидаги сони президент лавозимига номзодлар орасида 22 октябрда ўтадиган охирги дебатлардан кейин 25 октябрда эфирга узатилиши белгиланган. Дастур ижодкорларининг ғоясига кўра, Трамп интервью вақтида 4 йил аввалгидек вице-президент Майкл Пенс билан бирга суратга тушиши керак эди. Бироқ у интервьюни тўхтатгандан кейин Пенс билан суҳбатнинг ёзилишида иштирок этмаган. Дастурда, шунингдек, Трампнинг сайловлар бўйича рақиби Жо Байден ва вице-президент лавозимига номзод Камала  Харрис  иштирок этиши режалаштирилган.

Трамп ва Байден ўртасидаги дебатларнинг 1-тури 29 сентябрда бўлиб ўтганди. 15 октябрга белгиланган 2-тур бекор қилинганди. Учинчи дебатлар ўтиши 22 октябрга белгиланган. 

Мавзуга оид