Ўзбекистон | 09:52 / 30.10.2020
10085
2 дақиқада ўқилади

Damas ва Labo автомобилларининг 277 та бутловчи қисмлари маҳаллийлаштирилмоқда

Маҳаллийлаштириш лойиҳасига кўра, Damas ва Labo автомобилларининг 28 фоиз эҳтиёт қисми ўзлаштирилади ва бу автомобиль таннархи арзонлашишига олиб келади.

UzAutoMotors маҳаллийлаштириш режасига мувофиқ, Damas ва Labo автомобилларининг 277 та бутловчи қисмлари маҳаллийлаштирилмоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

«Ўзавтосаноат» қошидаги R&D маркази муҳандиси Фикрат Умировнинг маълум қилишича, UzAutoMotors маҳаллийлаштириш режасига мувофиқ, Damas ва Labo автомобилларининг деталларини 3D сканер қилиб, 2D ва 3D чизмалари ишлаб чиқилди. Чизмалар асосида штамплаш, қолипларни тайёрлаш жараёни кетмоқда. Бу импорт ўрнини босувчи деталлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга замин яратади.

Юқоридаги лойиҳа қиймати 938 млн сўмга тенг бўлиб, ушбу лойиҳа натижасида маҳаллийлаштирилган деталлар сони 277 тага етди. Шунингдек, ушбу деталларнинг автомобиль таннархига нисбати 28 фоизни ташкил этмоқда.

“Янги цех ва заводлар ишга туширилиши туфайли аҳоли бандлик даражаси ошади. Маҳаллийлаштириш даражаси ўсиши асносида машина таннархини туширишга эришиш ишлари олиб борилмоқда”, – деди Фикрат Умиров 29 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлиб ўтган “Автомобилсозликдаги долзарб муаммолар ва инновациялар” мавзусидаги семинарда.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзавтосаноат” қошидаги R&D марказининг асосий мақсад ва вазифаси автомобилсозлик ва техника соҳаларида муҳандислик ечимларини тақдим этиш ҳисобланади.

Мавзуга оид