Ўзбекистон | 20:40 / 06.11.2020
16004
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 17та АЁҚШ фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилди

Бунга уларда белгиланган талабларга мос ҳожатхоналар ташкил этилмагани сабаб бўлган.

Жорий ҳафтада Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 17 та АЁҚШ фаолияти қисқа муддатга тўхтатилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Муҳайё Ҳайитова маълум қилди.

Ҳукумат қарори билан, ҳожатхонаси бўлмаган ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган АЁҚСлар фаолияти тақиқланган. Кўзланган мақсад – туризм инфратузилмасини яхшилаш. Шу йил 1 мартдан кучга кириши белгиланган бу талаб ижроси кечиктирилиб, 1 сентябрга сурилган эди.

Муҳайё Ҳайитованинг сўзларига кўра, республикадаги АЁҚСларда санитария-гигиена шохобчалари барпо этилишини назорат қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Гуруҳ автомобилларга газ ва бензин қуйиш станцияларидаги санитария масалаларини ўрганиш ва чора кўриш билан шуғулланади.

Муҳайё Ҳайитова

«3–5 ноябр кунлари олиб борилган ўрганишлар давомида республика ва ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 30га яқин АЁҚШга бевосита ташриф буюришди ҳамда уларнинг 17тасида қарор талаблари бажарилмагани учун фаолиятини қисқа муддатга тўхтатиш чоралари кўрилди», – деди Туризм қўмитаси расмийси.

Ҳайитова бу ҳақда 6 ноябрь куни, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги энг намунали АЁҚШларни тақдирлаш маросимида айтиб ўтди. У ушбу шохобчаларни намунали кўринишга келтириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.

«Дастлаб ўрганиш ишларини бошлаганимизда атиги 400 та намунали АЁҚШлар мавжуд эди. Ҳозирда 3000дан ошиғи намунали даражага етди. Бунда нафақат соғлом инсонларга, балки имконияти чекланганларга ҳам аҳамият берилган. Улар учун чиқиш йўлкалари қурилган, ўтиргичлар ўрнатилган.

Тадбиркорларга фақат газ ёки бензин сотиш билан тўхтаб қолмасдан, ўзига тегишли АЁҚШда бир неча турдаги тадбиркорлик билан шуғулланишига ҳам имконият яратилмоқда.

Аҳоли ва сайёҳларга қўшимча хизмат кўрсатиш борасидаги фаолиятини намунавий тарзда йўлга қўйган АЁҚШлар тақдирлаш ва рағбатлантириш учун тавсия қилинди», – деди у.

Тадбирда қайд этилишича, махсус ишчи гуруҳ тадбиркорларга аҳоли ва сайёҳлар учун шароит яратиш борасида тавсиялар бериб келмоқда.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганишлар якунида 6 та энг яхши АЁҚШ аниқланиб, тақдирланди. Уларга «Quality servis» сертификатлари топширилди.

Расмийларга кўра, бу – шу йўналишдаги илк тақдирлаш тадбири бўлиб, келгусида Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардаги станциялар фаолияти ҳам мунтазам ўрганилади.

Мавзуга оид