АҚШ сайловлари: Жоржия ортидан Мичиган ҳам Трампга «йўқ» демоқда
Доналд Трампнинг президентлик сайловлари натижалари бўйича баҳслашиш учун навбатдаги уриниши ҳам муваффақиятсиз якунланди. Бу сафар Мичигандаги қонунчилик палатаси етакчилари Жо Байденнинг ғалабаси тасдиқлангач, буни шубҳа остига олмасликларини маълум қилишди.
Штат қонунчилик мажлисининг республикачилар партиясидан бўлган икки аъзоси - Мичиган Сенатидаги республикачилар етакчиси Майк Шерки ва штат Вакиллар палатаси спикери Ли Четфилд Трамп билан Оқ уйда учрашувдан кейин овозларни қайта ҳисоблаш жараёнида «одатий тартибга риоя қилиниши»ни ваъда беришган.
Шу кунларда Жоржия штатида овозлар қайта ҳисоблаб чиқилганидан кейин Байденнинг кичик фарқ билан ғалаба қозонгани тасдиқланди. Жоржия штати давлат котиби, Трампнинг ашаддий тарафдори бўлган Брэд Раффенспергер амалдаги президент Жоржияда ютқазганини тасдиқлади. «Рақамлар алдамайди. Мен бугун тақдим этилган маълумотларни ҳақиқий деб ҳисоблайман», деган у. Штат расмийларига кўра, Байден ушбу штатда Трампни 12 минг овозга ортда қолдирган.
Агар Трамп штаби бу натижалар бўйича эътироз билдира олмаса, унда бу штатда демократлар номзоди 1992 йилдан бери биринчи марта республикачи номзодни ортда қолдиради.
30 ноябрда ўтган президент сайловларидан кейинги илк кунларда Жоржияда Трамп етакчилик қилаётганди. Бироқ бюллетенлар қайта ишланиши давомида Байден 6 ноябр куни олдинга чиқиб олган. Штат сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Байден Трампни 0,3 фоизга ортда қолдирган ва шу сабабли овозлар қайта ҳисоблаб чиқилган.
Жо Байден 2021 йилнинг 20 январида АҚШнинг 46-сайланган президенти сифатида ишга киришиши кутилмоқда.
Байденнинг ғалабаси 14 декабр куни сайловчилар ҳайъати томонидан расман эълон қилинади – ҳозирги ҳолатга кўра Байден 306 делегат овозига эга, Трампда 232 делегат овози бор – ғолиблик учун 270 овоз етарли ҳисобланади.
Байденга овоз берган америкаликлар сони Трампга овоз берганлар сонидан 5,9 миллионга кўп.
Шундай бўлса-да, жума куни амалдаги президент яна бир марта ўзи ғалаба қозонгани ҳақида гапирди. «Дарвоқе, мен ғалаба қилдим», деди у. У сайловлар кунидан кейин бир неча марта сайловлар вақтида кенг кўламли қоидабузарликлар рўй берганини айтди, аммо бирор марта ҳам ўзининг бундай айбловларига далил келтирмади.
Унинг матбуот котиби Кейли Макинэни ОАВ ва демократларни иккиюзламачиликда айблаган.
«2016 йилда президент Трамп қонунан президент бўлиб сайланганида, кўплар уни қоралашга, обрўсизлантиришга уринишган ва унинг ғалабасини тан олишмаганди. Ҳеч қанақа бирликка ва тинчликка чорловлар бўлмаган», деган у.
Трампнинг кейинги қадамлари қандай бўлиши мумкин?
Америка нашрлари ёзишича, қатор судлардаги мағлубиятлардан кейин Трамп жамоаси республикачилар устунлик қилувчи штатларда қонунчилик мажлисларини овозларни ҳисоблашнинг якуний натижаларини инкор қилиб, Трампни ғолиб сифатида эълон қилишга кўндиришга умид қилишмоқда.
Трамп Байден ғолиб бўлган яна бир штат бўлмиш Пенсилваниядаги қонунчиларни ҳам Оқ уйга чақирмоқчи. Бу ҳақда унинг сайловолди кампанияси мулозимларидан бири CBS News учун берган интервьюсида маълум қилган. Аммо Трамп ҳали бундай учрашув санасини белгиламаган, АҚШ Ўрта Ғарби минтақасидаги штатлар, шу жумладан Мичиган ҳам душанба куни якуний натижаларни тасдиқлаши керак.
Экспертлар президент жамоасида Мичиган ва Пенсилваниядаги натижаларни ўзгартириш имкониятини деярли йўқлигини айтишмоқда.
Ҳатто улар буни уддалашган тақдирда ҳам Трамп Байдендан ўзиб кетиш учун яна бир штатдаги натижаларни ўзгартиришга эришиши талаб этилади.
Жума куни Оқ уйдаги учрашувдан кейин Шерки ва Четфилд суҳбатда сайлов натижалари бўйича баҳслашишга уриниш эмас, коронавирус пандемиясига қарши кураш масаласи асосий мавзу бўлганини таъкидлашди ҳамда унинг сайлов натижаларини ўзгартириш имконияти жуда паст эканини тасдиқлашди.
Аввалроқ Оқ уй ҳам бу ёрдам олишга уриниш эмас, президентнинг қонунчилик палатаси вакиллари билан одатий учрашуви бўлганини маълум қилган, шу билан бирга, Трампда сайловлардан кейин шундай мақсаддаги бир неча учрашув бўлгани тан олинганди.
Учрашувдан кейин Шерки ва Четфилд қўшма баёнот беришган: «Бизга шу вақтгача Мичигандаги сайлов натижаларини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган маълумот келиб тушмади, қонунчилик палатаси етакчилари сифатида биз Мичиган сайловчилари билан муносабат қонуний ва одатий тартиб-қоидаларга мувофиқ тарзда олиб борилишини кузатиб борамиз».
Демократлар Трампни ўз ваколатини суиистеъмол қилишда айблаб, у қонунчиларга босим ўтказишга уринаётганини айтишмоқда.
Жо Байден нима билан машғул?
Сайланган президент ҳокимиятни ўтказиш жараёнида олдинга силжишлар бўлиши учун бор имкониятларини ишга солмоқда ва ўтган ҳафта давомида ўз маъмурияти учун яна бир қанча тайинловларни амалга оширди ҳамда миллий хавфсизлик масалалари бўйича экспертлар билан учрашди.
Жума куни Байден қонунчилик палатасидаги икки нуфузли шахс: Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси ҳамда Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер билан учрашиб, улар билан пандемиядан нисбатан кўп жабрланган оилалар ва кичик хусусий бизнес эгаларига ёрдам кўрсатиш имкониятларини муҳокама қилди.
Қўшма баёнотда айтилишича, томонлар Конгресс икки партия томонидан ҳам қўллаб-қувватланадиган шошилинч ёрдам пакетини қабул қилишига келишиб олган.
Шунингдек, Байден лавозимга киришганидан кейинги 100 кун учун кун тартибини муҳокама қилган.
Twitter Трамп натижаларни тан олмаса ҳам Байденга АҚШ президентининг аккаунтларини беради
Twitter ижтимоий тармоғи маъмурияти амалдаги президент Доналд Трампнинг фикридан қатъи назар, АҚШ президентининг @POTUS расмий аккаунтини инаугурация куни Жо Байденга ўтказмоқчи. Бу ҳақда компания вакили Politico учун берган интервьюсида маълум қилган.
«Twitter 2021 йил 20 январда Оқ уйнинг институционал аккаунтларини ўтишини қўллаб-қувватлашга фаол тайёрланмоқда», деди ижтимоий тармоқ вакили.
@VP (вице-президент), @FLOTUS (АҚШнинг биринчи хоними), @whitehouse (Оқ уй) каби бошқа ҳукумат аккаунтлари ҳам Байден маъмуриятига ўтказилади.
Трамп маъмуриятининг мавжуд хабарлари АҚШ Миллий архивлар ва ёзувлар маъмурияти томонидан архивланади.
Мавзуга оид
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
08:31 / 08.11.2024
Байден ҳокимиятни тинч йўл билан Трампга топширишга ваъда берди
01:11 / 07.11.2024