Ўзбекистон | 00:56 / 15.12.2020
61627
2 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг мурожаати юзасидан Республика идоралараро комиссияси тузилди

Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг даъволари бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасининг баёноти эълон қилинди.

Видеодан кадр

Жасур Фозилов 11 декабрдан буён ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали эълон қилиб келаётган видеомурожаатларида прокуратура органлари расмийларига нисбатан қатор даъволарни илгари суриб келмоқда.

Айни пайтда прокурорнинг устидан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, у лавозимидан вақтинча четлатилган.

«Ж.Фозиловнинг важларини синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида жорий йил 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилди», – дея Президентнинг Халқ қабулхонаси ахборотини келтирмоқда ЎзА.

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг масъул ходимлари киритилган.

Комиссия мурожаатда келтирилган қонунбузарлик ҳолатларини жойига чиққан ҳолда, Ж.Фозиловнинг барча важларини бевосита ўзининг иштирокида чуқур ва холисона ўрганилишини ташкил этади.

Текшириш натижалари бўйича қўшимча равишда хабар берилади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид