Австрия пойтахтида ўн минглаб кишилар коронавирус чекловларига қарши намойишга чиқди
Австрия ҳукумати соғлиқни сақлаш соҳасидаги етакчи экспертлар билан маслаҳатлашганидан сўнг 24 январдан кейин карантин яна икки-уч ҳафтага узайтирилиши керак деган хулосага келди.
Вена шаҳрида коронавирус тарқалиши сабабли жорий этилган чекловларга қарши намойиш бўлиб ўтди. Намойиш ташкилотчиларининг маълумот беришича, унда 50 мингга яқин киши қатнашди, деб хабар бермоқда Австрия матбуот агентлиги.
Хабарда айтилишича, намойишчилар қатъий локдаун ва тиббий ниқоб тақишга қарши чиқишган. Норозилик намойиши иштирокчилари шаҳар марказидаги Ҳелденплац майдонида тўпланган, сўнгра Вена ҳалқа кўчаси бўйлаб юриш ўтказган.
Коронавирус чекловларига қарши чиқаётганлар митинг ўтказиш қоидаларида кўзда тутилган талабларга бўйсунмаган – улар ижтимоий масофага риоя қилмаган ҳамда тиббий ниқоб тақмаган.
Австрия ҳукумати соғлиқни сақлаш соҳасидаги етакчи экспертлар билан маслаҳатлашганидан сўнг 24 январдан кейин карантин яна икки-уч ҳафтага узайтирилиши керак деган хулосага келди.
Мамлакатда ўтган йилнинг 26 декабридан 2021 йилнинг 24 январигача учинчи қатъий локдаун эълон қилинган. Унга кўра, савдо марказлари, маданият муассасалари, хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш объектлари ёпиб қўйилган.