Банкларга истеъмолчилар билан муносабатларда янги талаблар белгиланди
Банк мижозларга масофавий хизмат кўрсатганда шартнома шартлари билан тўлиқ таништиради ҳамда мижозлар олдида ўз ходимининг ҳаракатлари учун жавобгар бўлади. Шунингдек, банк ўзининг мобил иловасида истеъмолчи учун шахсий кабинет яратиши шартлиги белгиланди.
2021 йил 14 январда Марказий банкнинг «Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганлиги маълум қилинди
Ҳужжатга мувофиқ, банк мижозларга масофавий хизмат кўрсатганда, (масалан, мобил иловалар орқали) шартнома тузилишидан олдин, масофавий тизим орқали шартнома шартлари билан танишиб чиқиш ва ундан нусха олиш имкониятини яратиб бериши лозим.
Бундан ташқари, банк ходими ўз хизмат вазифасини бажариши давомида омонатчига зарар етказса, бундай ҳолатда банк омонатчи олдида ўз ходимининг ҳаракатлари учун жавобгарлиги белгилаб қўйилди.
Шунингдек, истеъмолчи омонат маблағлари ҳақида банкка бормасдан маълумот олишини таъминлаш мақсадида банк ўзининг интернет-банкинг тизимида ва мобил иловасида истеъмолчи учун шахсий кабинет яратиши ва истеъмолчига унинг шахсий кабинетида у билан тузилган омонат шартномаларига доир маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаб бериши шартлиги маълум қилинди.
Аввалроқ, Kun.uz сайтида «Туронбанк»нинг Зангиота филиали томонидан фуқаролар Зиёда ва Фотима Мусахўжаеваларнинг 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги омонат пуллари суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлишига қарамай, қайтарилмаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди.
«Туронбанк» Республика бошқаруви мақолага муносабат билдириб, омонат маблағини банкнинг 2009–2010 йилларда ишлаган собиқ ходими фирибгарлик йўли билан эгаллаган, деб ҳисоблашини ва бунга ишонишини, шу боис мазкур масала Зангиота туман прокуратураси томонидан олиб борилаётган қўшимча тергов ҳаракатлари якунлангандан сўнг оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинса, мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаганди.
Кейинчалик, Мажбурий ижро бюроси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ижро ҳужжатлари доирасида 2020 йил 3 декабр куни ундирувчилар З.Мусахўжаеванинг фойдасига 425 миллион 678,5 минг сўм ва Ф.Мусахўжаеванинг фойдасига 425 миллион 678,5 минг сўм, жами 851 миллион 357 минг сўм миқдоридаги маблағ АТБ «Туронбанк» Зангиота филиалидан тўлиқ ундирилган.
«Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарорда таъкидланишича, банкдан кредит олувчи фуқаро кредитнинг қопланмаган қисмидан ортиқ суммада гаров таъминоти суммасини камайтириш ҳуқуқига эга бўлади.
Банкларда тўлов амалга ошириш ёки банк картасидаги пулни нақдлаштириш жараёнида карта PIN-кодини мижознинг ўзи теришига имконият бериш талаби қўйилди.
Мавзуга оид
13:58 / 25.10.2024
«Пойтахтбанк» БАА компанияси ихтиёрига ўтди
21:13 / 21.10.2024
Россияда банкнинг собиқ раҳбари ўзига 3 млрд рубл кредит ажратиб, Монакога қочиб кетди
11:30 / 17.10.2024
Тошкентда 3 минг доллар эвазига банкдан 100 минг доллар олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
12:10 / 03.10.2024