Ўзбекистон | 11:28 / 22.01.2021
22351
2 дақиқада ўқилади

Ботир Зарипов: «Бу мен учун бир синов, билдирилган ишонч»

Давлат раҳбари 22 январ куни Бухоро вилояти халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашди. Сессияда ташкилий масала кўрилди, президент Ботир Зарипов номзодини Бухоро вилояти ҳокими вазифасига тавсия қилди. Депутатлар бу номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлади. 

“Ҳурматли президент, депутатлар, мени бу юксак лавозимга тайинлаганингиздан миннатдорман. Мен яхши тушунаман - бу мен учун бир синов, билдирилган ишонч. Муҳтарам президент, сиз бизга аниқ вазифаларни белгилаб бердингиз. Бухоро вилоятининг салоҳиятини, очилмаган имкониятларини кўрсатдингиз. Сизга ваъда бераман, мен бу ишончни оқлайман”, – дея вилоят ҳокимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

“Ҳозир сизга катта масъулият юкланяпти. Жуда кўпчилик бизни кузатиб турибди, бу давлат, бу миллат шу синовлардан чиқиб кета олармикан, деб. Барча мутасаддилар сиз билан тун-у кун ишлайди. Бухоронинг вафот этган икки ҳокимини яхши ном билан эслаймиз. Ўктам Барноев ҳам, Карим Камолов ҳам Бухоронинг асл фарзандлари эди, шу юртни яхши кўрарди. Шуларга муносиб бўлишингиз керак.

Ҳамма шароит бор, ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайман. Президент обрўйи ҳам сизнинг тимсолингизда. Мен ўзим ҳам ҳоким бўлиб ишлаганман, лекин бизда бундай ваколатлар йўқ эди. Халқ сиздан қанча рози бўлса, мен ҳам шунча хурсандман”, – деди давлат раҳбари ҳокимга қарата.

Мавзуга оид