Ўзбекистон | 12:12 / 05.02.2021
32968
2 дақиқада ўқилади

Қува туманининг 4та сектор раҳбари ишдан кетди 

Фарғона вилоятининг учта тумани ҳокими ишдан олинди.

Фарғона шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Kun.uz мухбири хабарига кўра, сессияда секторлар ишини тизимли ташкил этмагани ва хизмат вазифасини етарли даражада бажармагани учун қатор раҳбарлар ишдан олинди.

Хусусан, Қува туманининг 4та сектор раҳбари ишдан кетди - туман ҳокими Равшан Қурбонов, прокурор Бахтиёр Ваҳобов, ички ишлар бўлими бошлиғи Элёр Ҳайдаматов, солиқ инспекцияси бошлиғи Носир Мақсудов лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон тумани бўйича 2та сектор раҳбари: ҳоким Қаҳрамон Жўраев ва прокурор Мирвоҳид Отабоев, Ёзёвон тумани 1-сектор раҳбари, ҳоким Йўлчибой Бойигитов ҳам ишдан олинди.

Қайд этилишича, бундан буён 4та сектор раҳбари, вилоят ҳокимининг 7 нафар ўринбосари «маҳаллабай» ишлаб, аҳолининг муаммоларини ҳал қилишга шахсан масъул ва жавобгар экани белгилаб қўйилди.

«Ўз ишини уддалай олмаган раҳбарга нисбатан жиддий хулоса қилинади ва бугунгидай лавозимидан озод этилади», дея маълум қилинди сессияда.

  • Маълумот учун, Равшан Қурбонов 2019 йил мартидан буён Қува туманига раҳбарлик қилиб келаётганди. Қаҳрамон Жўраев 2017 йилнинг майида Ўзбекистон тумани ҳокими вазифасига тайинланган, Йўлчибой Бойжигитов муқаддам вилоятнинг бошқа бир тумани - Учкўприкда ҳоким бўлиб ишлаган, 2018 йилда бош вазир Абдулла Арипов томонидан мажбурий меҳнатга йўл қўйишда айбланиб жиддий огоҳлантириш олгач, ишдан кетган, у қачон Ёзёвон туманига ҳоким бўлгани ҳақида маълумот йўқ. 

Мавзуга оид