Ўзбекистон | 09:58 / 23.02.2021
26210
4 дақиқада ўқилади

Миллий гвардия қўриқлаш хизмати Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасига айлантирилди

Президент “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Миллий гвардия қўриқлаш хизматини Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар Қўриқлаш бош бошқармасининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • шартнома асосида давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарини қўриқлаш;
  • қўриқланаётган объектларда ички, рухсат бериш режимларини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш;
  • қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни ва улардан фойдаланиш устидан самарали назоратни таъминлаш, шунингдек, қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг миқёсда жорий этиш;
  • шартнома асосида техник қўриқлаш воситаларини ўрнатиш (созлаш), уларга техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш;
  • давлат ташкилотлари, шунингдек, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли қўриқлаш бўлинмаларида инспекторлик назорат текширувларини ўтказиш (ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмалардан ташқари), объектларда ички, рухсат бериш режимларига риоя этилишига доир тадбирларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
  • оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш, аҳоли гавжум жойларда жамоат тартибини сақлашда ҳуқуқ-тартибот органларига кўмаклашиш.

Белгиланишича, Қўриқлаш бош бошқармаси мустақил таркибий бўлинма ҳисобланади ҳамда ўз ваколатлари доирасида давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш бўйича вазифалар ва функцияларни кўрсатилаётган қўриқлаш хизматлари учун тушадиган маблағлар ҳисобига, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш, харажатларни қоплаш ва мустақил хўжалик юритиш тамойили асосида амалга оширади.

Шундай тартиб белгиланадики, унга кўра:

а) Қўриқлаш бош бошқармасининг шаҳодатланган таркиби Миллий гвардиянинг ходимлари ҳисобланади, ҳуқуқий мақоми бўйича ички ишлар органлари ходимларига тенглаштирилади;

б) 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларига ҳар ойда уларнинг лавозим маошига 20 фоиз миқдорда ойлик устама белгиланади;

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Қўриқлаш бош бошқармаси ишчи ва хизматчиларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари ўртача икки бараваргача оширилган миқдорда қўлланилади.

Белгиланишича, 2021 йил 1 майдан бошлаб объектларни қўриқлаш тизими “Юқори сифат ва қулай нарх” тамойили асосида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш орқали босқичма-босқич такомиллаштирилади:

  • шаҳодатланган таркиб томонидан қўриқланадиган объектларни босқичма-босқич ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларига ўтказиш;
  • мақбуллаштирилган аралаш қўриқлаш турларини жорий қилиш;
  • замонавий техник қўриқлаш воситаларини жорий этиш орқали жисмоний қўриқлашни қисқартириб бориш.

Бунда ушбу чора-тадбирлар уч босқичда, қуйидаги объектларга нисбатан амалга оширилади:

  • 2022 йил 1 январга қадар - вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ҳокимликларнинг маъмурий бинолари, ўқув ва маданий муассасалар, чакана амалиёт кассалари, банк хизматлари марказлари;
  • 2022 йил 1 июлга қадар - ишлаб чиқариш объектлари, бозорлар, савдо марказлари, телерадиоузатув объектлари, сув иншоотлари;
  • 2023 йил 1 январга қадар - банк бинолари ва бошқа объектлар.

Мавзуга оид