Жаҳон | 14:37 / 02.03.2021
3367
2 дақиқада ўқилади

Америкаликларнинг 40 фоиздан ортиғи коронавирусга қарши эмланишни истамаслиги маълум бўлди

Эмланишни истамаганларнинг 66 фоизи вакцинанинг ножўя таъсиридан қўрқишини, 33 фоизи эса вакцинани самарасиз деб ҳисоблашини билдирган. 

Фото: Brian van der Brug/Los Angeles Times via AP

АҚШ аҳолисининг 41 фоизга яқини коронавирусга қарши эмланишни истамайди, деб ёзади The Hill нашри Ҳарвард Америка сиёсий тадқиқотлар маркази (Harvard CAPS) ва Harris Poll компанияси сўрови натижаларига таяниб.

Сўров натижаларига кўра, қатнашчиларнинг қолган 59 фоизи коронавирусга қарши эмланишни хоҳлайди.

Эмланишни истамаганларнинг 66 фоизи вакцинанинг ножўя таъсиридан қўрқишини, 33 фоизи эса вакцинани самарасиз деб ҳисоблашини билдирган. 

Harvard CAPS-Harris poll сўровида 2006 нафар киши қатнашган.

The Hill нашрининг ёзишича, АҚШда коронавирус пандемиясига қарши курашда олдинга силжиш бўлгани билан тиббиёт экспертлари коронавируснинг янги пайдо бўлаётган турлари барча саъй-ҳаракатларни хавф остига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ўтган ҳафтада АҚШ озиқ-овқат ва дори маҳсулотлари сифатини санитар назорат қилиш бошқармаси (FDA) Johnson & Johnson компаниясининг коронавирусга қарши вакцинасидан фойдаланишни маъқуллади.

Аввалроқ Pfizer-BioNTech ва Moderna компаниялари вакциналари маъқулланганди.

Пандемия бошланганидан буён АҚШда коронавирус юқтириш билан боғлиқ ҳолатлар сони 29,3 миллиондан ошган, 527 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Мавзуга оид